Бир замонлар жаҳонгир ҳукмдорлар, енгилмас аскарларни етказиб берган туркларнинг она юрти Туркистонда, ҳозирги номи билан Ўрта Осиёда нималар юз берди? Жимжитлик ҳукм сурмоқдами? Ёки бу ерларнинг этник тузилиши ўзгардими? Катта бир ўзгариш бўлгани аниқ эди. Темур ва ўғилларидан кейин Ўрта Осиёда ҳаммаёқ алғов-далғов бўлиб кетганди. Руслар бунчалик тайёргарлик билан устларига бостириб келаётганда бошқирдлар, қозоқлар, қирғиз ва ўзбеклар бир-бирлари билан маъносиз мужодала олиб боришмоқда эди.
Бу можаролар, афсуски, Бухоро, Ҳўқанд (Қўқон) ва Хива хонликлари қурилгандан кейин ҳам давом этгани учун, уларни энг кучлининг атрофига йиғилиб, бостириб келаётган ёвга қарши курашларига моне бўлди.
Бундай бирликни қуришга ҳаракат килганларни эса руслардан аввал ўзлари йўқ этишарди. Шарқ ёки туркистонлик турклар, ўша вақтда, дунёнинг ўзгарган шартларидан, техникадан, илмдан ва уларнинг ютуқларидан бехабар эди. Немислар воситасида маданийлашган русларнинг мукаммал қурол-аслаҳалари, ҳарбий тактика билан жанг қиладиган аскарлари қаршисида бир-бирларини йўқ қилиш пайида бўлган хон ва бекларнинг қўлларида қилич, ўқлари ва мушкетлари билан ҳарбий интизомдан хабарсиз юз минглаб қўшини бўлган.
XVI асрнинг бошларида туркман элементига асосланиб, Озарбайжонда давлат қурган Шоҳ Исмоилнинг шиаликни расмий давлат дини ҳолига келтириши ва ҳукмрон бўлган ерларида шиаликни қабул эттириш учун суннийларни шиддат билан таъқиб қилиши, бошқача айтганда шиаликни Эроннинг миллий ғоясига айлантириши, бу давлатни ислом дунёсидан узок қилиб, шарқий ва ғарбий сунний туркларининг бир-биридан бўлиниб қолишига сабаб бўлди.
Асосан, қурилишининг асл мақсади бўлган "Ғазо" анъанаси Усмоний туркларини шарқдан кўра кўпроқ ғарбга мойил қилдирди. Бу эса шундоқ ҳам заиф бўлган шарқ ва ғарб муносабатини бутунлай узди.
Ўрта Осиё туркларини чўктирган омиллардан бири, Темурийлар ҳокимиятининг охирларида пайдо бўлган талончи қалмиқлар кавми эди. Уларнинг турк шаҳарларида қилган талон-тарожлари шунчалик шиддатли эдики, турк халқи шимолдан келган ваҳшийликдан қутулиш учун юртларини ташлаб, жануб томонга кўчишдан бошқа чоралари қолмади. Бу кўчиш бутун Ўрта Осиёни алғов-далғов қилди.
Қалмиқлар турк шаҳарларига бостириб кирганларидан кейин турклардан бўшаган ҳудудларга Чор Россияси рус деҳқонларини олиб келиб жойлаштирди. Иккиюзламачиларча ҳаракат қилган қалмиқлар, гоҳ турклар билан дўст бўлиб, кўп ҳолларда руслар билан уларга қарши жанг қилишди. Иқтисодий ва тижорий ҳолат юзага келтирган тангликлар шарқ туркларининг тараққиётдан орқада қолишининг энг муҳим сабабини ташқил қилди. Қозон ва Астрахан русларнинг истилосига дучор бўлгандан кейин, туркистонликларнинг бу икки шаҳар билан савдо-сотиғи ҳам тўхтаб қолган эди.
Тижоратнинг тўхтаб қолиши билан машаққатга тушган турклар савдони янгидан бошлаш учун Москвага элчи юборишга мажбур бўлди. Жанубдаги ҳаёт шартлари ҳам рус империалистлари билан айни методни қўлланган европалик мустамлакачилар тарафидан оғирлаштириши, қийинчиликларни яна-да орттирди. Осиё турклари камбағаллаша бошлади...