Қуръони Каримдаги Исро сурасида айтилганидек, бани Исроил қавми Ер юзида икки марта фитна қўзғаб, бузғунчилик қиладилар. Бу исён Аллоҳнинг элчиларини ўлдириш ёки уларнинг жонларига суиқасд қилиш эди.
Шу воқеалардан кейин, милоднинг етмишинчи йилида румликлар бани Исроилни қуддуси шарифдан қувиб чиқардилар. Бани Исроил бутун ер юзида сарсон-саргардонликка маҳкум бўлди. Улар бутун дунёга тарқалиб, ўз давлатига ҳам эга бўла олмай юрган пайтда Парвардигоримиз ҳазрати Муҳаммад Расулуллоҳга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мазкур оятларни нозил қилди. Фақат, эътибор берингки, оятларда Аллоҳ Таолонинг изни билан бани Исроил ўз куч-қудратини яна тиклаб олиши башорат қилинмоқда. Аммо оятлар нозил бўлган даврда бани Исроилнинг куч тўплаб, мустаҳкамланиши ҳақиқатдан жуда йироқ нарса деб қабул қилинган эди. Парвардигоримизнинг каломидаги бу башорат орадан бир неча аср ўтгач содир бўлди. Яҳудийлар Фаластинга 1948 йилда қайтиб келдилар ва Исроил давлатининг ташкил этилишини эълон қилдилар.
Бугунги кунда Исроил давлати дунёдаги ҳарбий ва сиёсий қудрати энг кучли давлатлар қаторига киради. Исроил давлатининг сиёсати сионизмга асосланган бўлиб, бу сиёсат Яқин Шарқ минтақасида тўхтамаётган зиддиятларга сабаб бўлди. Ояти карималарда айтилган бани Исроил ер юзида тарқатган фитна-фасодлар айнан мана шу кунларда бўлаётган қонли тўқнашувлар, миллатлараро биродаркушлик урушлари бўлса не ажаб... Аммо қатъий таъкидлаб ўтиш керакки, бу давлатда олиб борилаётган ёвуз ва ҳақсиз сиёсатлар яҳудийларнинг барчасига ҳам тааллуқли эмас. Яҳудийлар орасида чуқур иймон келтирган, софдил ва соғлом фикрли кишилар ҳам оз эмас, улар давлатнинг бундай тажовузкор ва ғайриинсоний сиёсатига кескин норозилик билдирмоқдалар. Дунёда бугунги кунда вужудга келган бундай мураккаб вазият ҳақида ўн тўрт аср муқаддам очиқ-ойдин хабар берилиши ҳам Қуръони Каримдаги битмас-туганмас ҳикматли мўъжизалардандир...