loader
Foto

Фаластин олов ичра: 12 май хроникаси

Маҳаллий манбаларга кўра, Исроил самолётлари Фаластин қуролли гуруҳлари, шунингдек, хавфсизлик ва полиция биноларига тегишли нишонларни бомбардимон қилган.

ХАМАС бошчилигидаги Ғазо ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, Ғазо секторида Исроил ҳаво ҳужумлари қирғоқ ҳудудида барча полиция биноларни вайрон қилган.

Ғазо шаҳрининг Тел-Ал-Ҳава маҳалласида эркак, унинг ҳомиладор хотини ва уларнинг беш ёшли ўғли уларнинг уйига зарба берилиши оқибатида ҳалок бўлган.

Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълум қилишича, сўнгги ҳужум бошланган пайтдан буён ҳалок бўлганлар сони 43 кишини ташкил қилди, жумладан, 13 та бола ҳалок бўлган. Яна қарийб 300 киши жароҳатланган.

Шунингдек, охирги пайтда 5 та яҳудий ўлдирилди. Исроил армиясининг хабар қилишича, Ғазодан Исроилдаги турли жойларга қарата 1500 га яқин ракета учирилган.

Айни пайтда, Ал-Ақса масжиди ва Шайх Жарроҳ маҳалласидаги Исроил зўравонликларига қарши душанбага ўтар кечаси намойишларда иштирок этган Исроилнинг ўнлаб фаластинлик фуқаролари ҳибсга олинган.

Бутун Исроил бўйлаб норозилик намойишларида минглаб одамлар иштирок этди, Яффо, Шакиб ал-Салом, Назарет ва Кафр-Каннада намойишлар қайд этилган.

Намойишчиларга қарши резина ўқлар, кўздан ёш оқизувчи газ ва шовқин гранаталаридан фойдаланган Исроил полицияси томонидан 100 дан ортиқ киши ҳибсга олинди, деб хабар бермоқда arab48.

Негевда 31 киши қўлга олинган, улардан 10 нафари "полиция бўлимига зарар етказгани келган".

Беш киши Тел-Ал-сабида, айтишларича, "қишлоқда полиция участкасига ҳужум қилгани учун" ҳибсга олинган.

Бошқа ҳудудларда ҳам фаластинликлар полицияга "тош отганликда" айбланиб қўлга олинган.

Норозиликлардан зарар кўрган ҳудудларда кўчалар ёпилди.

Arab48 шунингдек, қўлга олинганлар устидан суд жараёни бошланган бир пайтда Назарет магистрат суди сешанба куни олтита болани қўйиб юборгани ҳақида маълум қилди.

Ғарбий соҳил шимолида исроилликлар Фаластинлик ўсмирни отиб ўлдирди, сўнгги пайтларда иккинчи шундай воқеадир. Фаластин Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълум қилишича, 16 ёшли Рашид Абу Арреҳ Чоршанба куни Наблусдан шимолдаги Тубасда ҳалок бўлган. Исроил армияси ҳеч қандай изоҳ бермади.

Фаластиннинг WAFA ахборот агентлиги гувоҳларнинг келтиришича, "Исроил аскарлари бугун эрталаб Тубасга бостириб кириб, маҳаллий аҳоли билан тўқнашган... натижада Абу Арреҳ отиб ўлдирилган". Тиббиёт ходимларининг айтишича, Абу Арреҳ бўйин ва кўкрагидан иккита ўқ еган ва шу ондаёқ вафот этган, деб хабар қилади WAFA.