loader
Foto

Исроилнинг Фаластинга қарши агрессияси – ҳарбий жиноят

Исроил армиясининг тинч Фаластин аҳолисига қарши ҳаракатлари ҳарбий жиноят сифатида таснифланиши лозим. Бу ҳақида Туркия ташқи ишлар вазири Мевлют Чавушўғлу Фаластин масаласида БМТ Бош Ассамблеяси мажлисида баёнот берди.

«Исроилнинг тажовузкор ҳаракатлари ҳарбий жиноятдир. Биз бу жиноятда айбдорлар номини айтишимиз керак. Бугун Қуддусда, Ғарбий соҳилда ва Ғазо секторида рўй бераётган воқеалар учун фақат Исроилгина жавобгардир. Токи Исроил содир этган жиноятлари учун жавобгарликка тортилмас ва унинг жазоланмаслик ҳисси батамом йўқ қилинмас экан, бундай фожиаларнинг такрорланишини тўхтатиб бўлмайди», - деди турк вазири.

Чавушўғлунинг айтишича, «Ғазо секторининг Исроил томонидан қамал қилиниши бу ерларни дунёда очиқ осмон остидаги энг йирик қамоқхонага айлантирди».

Бунда унинг таъкидлашича, 2 миллиондан ортиқ киши атиги 365 квадрат километр ҳудудда яшамоқда.

У халқаро ҳамжамиятни Исроилнинг Фаластинликларга ҳужумларини тўхтатиш учун самарали ҳуқуқий ва маънавий чоралар кўришга чақирди. "Фаластин халқининг еркинлик ва қадр-қиммат учун қонуний истаги энди бостирилиши мумкин эмас. Исроилнинг Фаластинликларга ҳужумларини тўхтатиш учун халқаро ҳамжамият самарали ҳуқуқий ва маънавий воситалар топиши вақти келди", - дейди дипломат.

Турк дипломатияси  раҳбарининг айтишича, саъй-ҳаракатлар нафақат ўт очишни тўхтатишни тарғиб қилишга, балки "Исроил босқини ва Фаластин ҳудудларини қамал қилишни тугатиш бўйича халқаро саъй-ҳаракатларни сафарбар этишга қаратилиши лозим."

"Биз Фаластин тинч аҳолисини ҳимоя қилишнинг халқаро механизмини яратиш учун иш олиб боришимиз керак. Бу саъй-ҳаракатлар мамлакатларнинг ихтиёрий ҳарбий ва молиявий ҳиссаси орқали яратилган халқаро кучлар ёрдамида унинг жисмоний ҳимоясини ўз ичига олиши керак", - деди Туркия ташқи ишлар вазири.

Шунингдек, у Исроил армияси томонидан Фаластин тинч аҳолисига нисбатан содир этилган жиноятларни хаспўшлашга уринишларни танқид қилди. "Исроил ҳукумати агрессиясини танқид қилаётганлар зудлик билан антисемитизмда айбланмоқда, уларнинг овозини ўчиришга мажбур қилишмоқда. Бироқ биз антисемитизм худди исломофобия ва насронийликка қарши душманлик каби, инсониятга қарши жиноят деб ҳисоблаймиз",-деди Мевлут Чавушоғлу.

"Бу фожеада айбдорлар бизнинг бу шафқатсиз жиноятларга, Фаластин халқининг зулмига ва уларнинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларининг бузилишига эътиборсиз бўлишимизни хоҳлашади. Бироқ, биз сўз билан ифодалаб бўлмайдиган ваҳшийлик ва зўравонликлар қаршисида жим турмаймиз, чунки адолатсизлик қаршисида сукут сақлаш содир этилган жиноятларда қатнашиш билан баробар деб биламиз. Адолатсизлик қаршисида жим қолган ҳар бир киши овоз чиқармай ўтирган шайтондир", - дея қўшимча қилди Чавушоғлу.

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР