loader
Foto

БМТ: Ғазода уруш жинояти содир этилмоқда

БМТнинг етарли уй-жой бўйича махсус маърузачиси Балакришнан Ражгопал Исроилнинг Ғазо секторидаги 1 миллиондан ортиқ одамни шимолдан жанубга эвакуация қилиш талабини халқаро ҳуқуқнинг бузилиши ва халқаро жиноят деб атади.

"Фуқароларнинг турар-жойлари ва инфратузилмасини мунтазам равишда вайрон қилиш ва зарар етказиш, бутун Ғазо шаҳрини яшаш учун яроқсиз ҳолга келтиришини билган ҳолда ҳарбий амалиётлар ўтказиш уруш жиноятидир", — дейилади маърузачи баёнотида.

Ражгопалнинг таъкидлашича, турар-жой бинолари, фуқаролик иншоотлари ва инфратузилмаларини мунтазам ёки кенг кўламли бомбардимон қилиш халқаро гуманитар, жиноий ва инсон ҳуқуқлари қонунлари билан қатъиян ман этилади.

"Бундай ҳаракатлар уруш жиноятларини ташкил этади ва улар тинч аҳолига қарши қаратилган бўлса, улар инсониятга қарши жиноятлар ҳам ҳисобланади", деди Ражагопал. Маърузачи турар-жой бинолари, касалхоналар, тез ёрдам машиналари, мактаблар, черковлар, масжидлар, инфратузилма объектлари ва қочқинлар лагерлари ҳарбий нишонлар эмаслигини эслатди.

"Ғазо секторининг шимолидан жанубий қисмига 1 миллиондан ортиқ одамни эвакуация қилиш тўғрисидаги буйруқ ва эвакуация йўллари ва "хавфсиз ҳудудлар"га такрорий ҳужумлар халқаро гуманитар ҳуқуқнинг шафқатсиз ва қўпол равишда бузилиши ҳисобланади. Исроилнинг бу ҳаракатлари халқаро жиноятдир", деди Ражагопал.

7 октябрдан буён 10 000 дан ортиқ одам исроилликларнинг эксклавдаги ҳужумлари қурбонига айланди, жумладан 4 200 дан ортиқ болалар ва 2 700 дан ортиқ аёллар. Бундан ташқари, 25 мингдан ортиқ ғазолик яраланган. Ғазонинг 2,3 млн аҳолиси Исроилнинг ҳаво, қуруқлик ва денгиздаги оммавий бомбардимонлари ҳамда эксклавнинг тўлиқ блокадаси туфайли озиқ-овқат, сув ва дори-дармонлар танқислигидан азият чекмоқда.

БМТ Бош Ассамблеяси зудлик билан гуманитар сулҳга чақирди. Шу билан бирга, Иордания таклиф қилган резолюция учун 120 давлат овоз берди. Бироқ Исроил бу таклифни рад этди.