loader
Foto

Исроилни ким тўхтатади?

Исроилнинг фаластинликларга номутаносиб ҳужумлари ниҳоят томонлар ўртасида ўт очишни тўхтатиш билан якун топди.

Тарихий тажрибани ҳисобга олган ҳолда, ўт очишнинг тўхтатилиш барқарор бўлиши ёки Исроил ҳужумлари яқин келажакда давом этиши ҳақида аниқ бир нарса айтиш қийин.

Шунингдек, Исроилнинг босқинчилик ва тажовузкорлик сиёсатини тўхтатадиган янги ва жиддий тараққиётнинг мавжудлиги, масалан, бу давлатга қарши чиқа оладиган кучнинг пайдо бўлиши ҳақида ҳам гапириш мумкин эмас.

Мутахассислар кўпинча Вашингтон ва Тел-Авив ўртасидаги махсус муносабатларни АҚШ ичидаги яҳудий лобби таъсири билан боғлайди.

Бу борада энг машҳур ўйинчи 1950 йилда ташкил этилган ва 50 мингдан ортиқ аъзоси бўлган Америка-Исроил жамоатчилик билан алоқалар қўмитаси (AIPAC) ҳисобланади.

AIPAC АҚШ нинг Яқин Шарқ сиёсатига катта таъсир кўрсатади.

Ўзининг улкан молиявий ва инсон ресурсларидан фойдаланиб, ушбу ташкилот америка конгрессменларига жиддий босим ўтказади.

Яҳудийлар лоббисининг энг йирик ҳамкори сифатида инжилчи насронийлари иштирок этади.

Диний эътиқодлари туфайли, айниқса, Республикачилар партияси президентлиги даврида таъсири ошган инжилчи насронийлари “Буюк Исроил” давлати, яъни сионистик мафкурани яратишга катта аҳамият берадилар.

Сўнгги 20 йил давомида ўсиб бораётган исломофобия фонида Америка жамияти ва сиёсатчиларининг Фаластин масаласида фикри яхши томонга ўзгармади. Шу туфайли Исроил ва яҳудий лоббилари АҚШ жамиятини ўз манфаатлари йўлида жуда осонлик билан бошқара олди.

Таркибий сабаблар орасида халқаро тизимда АҚШни мувозанатлаштирадиган ва шу тариқа Вашингтоннинг Яқин Шарқда ўзбошимчалик билан қарорлар қабул қилишига тўсқинлик қиладиган куч йўқлигини айтиб ўтиш лозим.

Эҳтимол, фаластинликларни ҳимоя қиладиган яна бир глобал куч бўлса, Исроилнинг бугунги кунда қиладиган даражада халқаро сиёсат ва қонун нормаларини бузадиган сиёсат юритиши қийинроқ бўларди.

Айтганча, бу нафақат фаластинликларга тааллуқли эмас. Шарқий Туркистон ва Мьянмада мусулмонлар дуч келган хунрезлик ва ваҳшийликлар айни воқеликка асосланган.

Дунёда мусулмонлар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ҳамда ҳарбий ва иқтисодий жиҳатдан тўхтатувчи рол ўйнайдиган давлатнинг йўқлиги жиддий муаммодир.

Ягона барқарор ечим - минтақада мусулмонларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун етарли даражада тўхтатувчи кучга эга бўлган йирик давлатнинг пайдо бўлишидир.

Бошқа ечимлар минтақадаги фаластинликлар ёки бошқа мусулмон халқлар хавфсизлигини тўлиқ кафолатлай олмайди.

[Али Аслан, Ибн Халдун университетининг Сиёсатшунослик ва халқаро муносабатлар факултети ўқитувчиси, ОАВ ва жамият масалалари бўйича SETA бўлими тадқиқотчиси]

Абу Муслим таржимаси