loader
Foto

Олимлар: COVID-19 бўлиб ўтган беморларда коронавирусга иммунитет умрбод бўлиши мумкин

Америкалик олимларнинг икки тадқиқотлари параллел равишда шундай кутилмаган хулосага келди. Биринчи тадқиқот ҳақида Миссури штатининг Сент-Луис шаҳридаги Вашингтон университетида иммунологлар томонидан бу ҳафта "Nature" журналида чоп этилди. Иккинчи тадқиқот – Нью-Йоркдаги Рокфеллер университети молекуляр Биология лабораторияси жамоаси томонидан ёзилган ҳисобот - ҳали илмий ҳамжамият синовидан ўтишга улгурмади ва ҳозиргача бир препринт шаклида чоп этилди.

Яқин-яқингача коронавирус инфекциясига қарши иммунитет узоқ давом этмайди, деб ҳисобланиб келинарди. Ушбу хулоса кўплаб тадқиқотлар натижаларига асосланиб, олимлар томонидан ишлаб чиқилган бўлиб, уларга кўра кўпчилик беморларда қондаги ўзига хос антитаналарнинг концентрацияси (улар вирусдан ҳимоя қилишни таъминлайди) тикланишдан сўнг бир неча ой ичида тез туша бошлайди.

Аксарият мутахассислар самарали иммунитетни ҳимоя қилиш муддатини 1,5-2 йил деб тахмин қилишди, шунинг учун янги тадқиқотлар натижалари улар учун ёқимли янгилик бўлди.

Бироқ, ББC билан суҳбатлашган мустақил экспертлар янгиликларни чекланган оптимизм билан қабул қилишга ва вақтидан олдин қувонмасликка чақирадилар. Ахир, илмий адабиётларда COVID-19 билан қайта инфекцияланишнинг бир нечта тасдиқланган ҳолатлари тасвирланган ва умрбод иммунитетнинг версияси бугунги кунда ҳам - жуда ишончли бўлса-да, назария ҳисобланади.

Душманнинг юзини эслаб қолиш

Танамиздаги ўзига хос иммунитет (яъни муайян касалликдан ҳимоя қилиш) нафақат қонда эриган оқсил молекулалари - антитаналар, балки хотира Т-ҳужайралари билан ҳам таъминланади.

Янги, номаълум инфекциянинг қўзғатувчиси билан учрашгандан сўнг ва унинг калитини топгандан сўнг, лимфоцитлар зараркунандани эслаб қолади ва қайта юқтирилганда дарҳол зарур шаклдаги антитаналарни ишга тушириб, тез ва самарали иммунитетни таъминлайди.

Сент-Луисдаги Вашингтон университети Тиббиёт мактаби олимлари деярли бир йил давомида, асосан енгил шаклда (фақат олти ҳолатда касалхонада ёткизиш талаб қилинган) COVID-19 га чалинган 77 беморда қон ҳолати ва ундаги ўзгаришларни кузатган.

Деярли ҳар доим, беморга касалликни енгишда ёрдам бериши лозим бўлган антитаналар концентрацияси камайишда давом этди: дастлаб жуда тез, кейин (ўртача, тикланишдан тўрт ой кейин) - бир оз секин.

Бироқ, тадқиқотнинг асосий муаллифи, Иммунология профессори Али Эллебедига кўра, бир нуқтада антитаналар даражаси пасайиши тўхтади ва платога чикди. Чунки коронавирус ҳақида маълумот сақлайдиган хотира ҳужайралари фаол бўлиб қолди ва бемор учун зарур бўлган ҳимоя молекулаларининг минимал концентрациясини сақлаб қолди.

"Биз касаллик белгилари бошланганидан 11 ой ўтгач, антитаналарни [Sars-Cov-2вирусига] ишлаб чиқарадиган бемор ҳужайраларида топдик", - дейди профессор Эллебеди. "Бу ҳужайралар бемор организмида яшаб, токи бемор тирик экан, зарур антитаналар ишлаб чиқаришда давом этади. Бу иммунитет узоқ вақт давом этади, деган маънони англатади".

Мунтазам қон таҳлиллари билан бир қаторда, олимлар икки марта икки ўнлаб бемор суяк илиги намуналари олди: биринчиси 7-8 ойдан сўнг, кейингиси касаллик юқтиргандан бир йил сўнг. Ковид антитаналар ишлаб чиқариш учун дастурлаштирилган махсус хотира Т-лимфоцитлар 19 та намунадан 15 тасида топилган.

Назорат гуруҳининг таҳлилларида (яъни, вирус юқтирмаган одамларда) вирус учун "ўқитилган" ҳужайралар аниқланмади.

«Чекланмаган вақт»

Агар COVID-19 беморда енгил шаклда ўтса, тестлар инфекциядан кейин 2-3 ҳафтадан сўнг танасида вирус борлигини кўрсатишни тўхтатади, - дея тушунтиради профессор Эллебеди. - Шундай қилиб, аниқланган хотира ҳужайралари "янги" иммун жавоб бўла олмайди.

"Суяк илиги тўқимасида улар ухлаш босқичига киради ва бунда маълум миқдорда антитаналарни ишлаб чиқаришни давом эттиради, - дейди профессор. - Беморнинг тикланишидан бери улар шундай қилмоқда ва бу чекланмаган вақт давом этади."

«Nature» даги мақола муаллифларининг фикрига кўра, эмлаш натижасида олинган иммунитет узоқ давом этадиган деб ҳисоблаш ҳам мантиқан тўғри. COVID-19га учраган беморлар ҳеч қандай аломатларсиз узоқ муддатли ҳимояга таянишлари ҳам мумкин.

Бироқ, аввал оғир коронавирусга чалинганларни қанчалик ҳимоя қилинганини аниқлаш керак. Оғир беморларда, аслида, аутоиммун касаллик (цитокин бўрони деб аталадиган) олиб келган инфекцияга гипертрофияланган реакция танани заифлаштириши ва узоқ муддатли иммунитет ҳосил бўлишига тўсқинлик қилиши мумкин, деган тахмин мавжуд.

Тадқиқотга жалб қилинмаган мустақил экспертлар умуман олганда мақола муаллифларининг далилларига қўшиладилар, аммо ундан жуда узоқ хулосалар чиқармасликка чақирадилар.

Лондон Imperial коллежининг иммунология профессори Денни Алтманнинг айтишича, америкалик олимларнинг иши иммун хотира жуда нозик ва мураккаб масала эканлигини яхши эслатиб туради.

"Бир томондан, биз қон зардобида антитаналар даражаси тез пасайишини кўришимиз мумкин - ва бу бизни иммунитет ҳимояси узоқ давом этмайди, деб ўйлашга олиб келади, - фикр юритади у. - Бошқа томондан, ушбу антитаналарни ишлаб чиқаришга ўргатилган ҳужайралар узоқ вақт давомида яшовчан бўлиб қолади ва бу конвейерни керакли вақтида қайта бошлаши мумкин".

«Мумкинликка-ку мумкин, - лекин аслида уни ишга тушри оладиларми, биз буни токи гипотеза реал «жанг» билан текширувдан ўтмагунча била олмаймиз. Агар назария тўғри бўлса, бу масалан, эмлашни камроқ янгилашга тўғри келишини англатиши мумкин» - изоҳ беради у.

Олтманнинг Рединг университети Фармация мактабидан ҳамкасби, профессов Алксандр Эдвардс камроқ оптимистик кайфиятда. Ахир, иммунитет ҳимояси самарадорлиги нафақат антитаналар даражасига ёки уларни ишлаб чиқарувчи ҳужайралари борлигига, балки вируснинг ўзи ҳам боғлиқ. У эса мутацияда давом этади.

"Афсуски, иммунитет тизими ҳужайраларининг ҳеч қандай ўлчами такрорий инфекциялар бўлиши, улар қанчалик тез бошланиши, қанчалик тез-тез содир бўлиши ва касаллик қанчалик оғир бўлишини аниқ тахмин қилиш имконини бермайди", - дейди профессор Эдвардс.

"Албатта, иммунологларнинг маълумотлари муҳим ва бу ажойиб янгилик, аммо бу эпидемиянинг ривожланиши қандай давом этиши ҳақидаги саволга жавоб бермайди, - дея хулоса қилади профессор. - Бу саволга фақат тузалиб кетган беморларни кузатиб борувчи ва уларни ҳали касал бўлмаганлар билан таққословчи эпидемиологик тадқиқотлар жавоб бериши мумкин. Ва бу ишлар ҳозиргача қайта инфекцияланиш бўлиши мумкинлигини кўрсатмоқда".