loader
Foto

Абдул Рашид Дўстум

Афғонистон Демократик Республикаси даврида Нажибуллоҳ томонида туриб мужоҳидларга қарши курашган, лекин кейинроқ улар томонига ўтиб кетган. Узоқ давом этаётган фуқаролар уруши давомида турли қарама-қарши гуруҳлар билан иттифоқда бўлган; тўлиқ марказлашмаганлик шароитида мамлакат шимолида де-факто ўз назорати остидаги ҳудудларда "давлат" ташкил қилган.

Таржимаи ҳоли

Абдурашид Дўстум 1954 йил 15 август куни Жаузжон вилоятининг маъмурий маркази булган Шибирғон шаҳри яқинидаги асосан этник ўзбеклар ва туркманлар яшайдиган Хўжа Ду Кух қишлоғида туғилган. Келиб чиқиши қамбағал деҳқонлар оиласидан. Отаси – этник ўзбек, онаси – этник туркман. Дўстумнинг ўзи оммавий чиқишларида ва интервьюларда ўзини фақат ўзбек деб, диний эътиқоди бўйича эса – сунний мусулмон деб атайди. Болалик пайтида диний таълим олган, лекин оиласидаги иқтисодий қийинчиликлар туфайли мактабни эрта ташлашга мажбур бўлган. 1970 йил Шибирғондаги давлат газни қайта ишлаш заводида ишлай бошлаган, шу билан бир пайтда маҳаллий касаба уюшмалар иттифоқининг аъзоси ва фаолларидан бирига айланди. Касаба уюшмадаги иши туфайли вилоятида сиёсий арбоб сифатида танила бошлади.

1973 йилнинг июлида рўй берган давлат тўнтариши ва Афғонистон Қироллигида монархиянин ағдарилишини касаба уюшма фаоли Абдулрашид Дўстум ва унинг  тарафдорлари олқишлар билан кутиб олдилар. Афғонистоннинг янги ҳукумати уларнинг янги ҳукуматга монархия ва эскилик сарқитлари тарафдорларига қарши «халқ инқилобини ҳимоя қилиш ва мустаҳкамлаш» учун нефт-газ сектори ва саноати ходимларини, шунингдек деҳқонларни қуроллантира бошлади. Абдулрашид Дўстум энергетикларнинг маҳаллий қуролланган гуруҳи етакчиларидан бирига айланди, янада кўпроқ тарафдорлар ва жангчиларни ўз атрофига тўплади. Бироқ, бир неча йил ўтгач, Муҳаммад Дауд томонидан юритилаётган сиёсат ва унинг ғояларидан ҳафсаласи пир бўлгач, унинг танқидчиси ва рақибига айланди, оқибатда Афғонистоннинг шимолий-ғарбий қисми Муҳаммад Даудга қарши бўлиб қолди. Ўша пайтдаги ҳукмрон антикоммунистик ва пуштун Миллий-инқилоб партиясига аъзо бўлишдан бош тортади. Айрим маълумотларга кўра, ўшанда Дўстум СССР КГБ томонидан махфий равишда ёлланган. 1978 йил Дўстум ҳар томонлама қўллаб-қувватлаган Апрел инқилобидан кейин Афғонистон Демократик Республикаси Қуролли кучлари сафига киради, Жалолобод ва Қобулда ҳарбий тайёргарликдан ўтади. Сўнгра Афғонистон Демократик Республикаси Миллий хавфсизлик вазирлиги шафелигида Шибирғон ва унинг атрофларини қўриқлаш учун жавобгар бўлган гуруҳ раҳбари этиб тайинланади. 1979 йил Афғонистоннинг советлар тарафдори бўлган ҳукмрон Халқ демократик партиясига қўшилиб, унинг мўътадил қаноти, Бабрак Кармал бошчилигидаги «Парчам» фракцияси тарафдорига айланади. 1980 йилда Дўстум СССРда ҳарбий тайёргарликка юборилди, Тошкент ва Москвада таҳсил олди.

Афғон уруши даврида асосан ўзбеклардан иборат ҳукумат кучларининг 53-дивизияси қўмондони бўлган. Совет қўшинлари қочиб чиққанидан сўнг, у советлар тарафдори бўлган Нажибуллоҳ ҳукуматини қўллаб-қувватлади. Афғонистон федерализациясини ёқловчи Афғонистон Миллий Ислом ҳаракати (НИДА) партиясига раҳбарлик қилган. 1992 йилда советлар тарафдори бўлган режим мағлуб бўлгач, у амалда пойтахти Мозори-Шариф бўлган, "Дўстумистон" деб номланган, ўз ҳукумати, пул ва 95 минг кишидан иборат яхши қуролланган армияси (жумладан, СССРда ишлаб чиқарилган танклар ва самолётлар) 2,5 млн кишилик мустақил кучли Марказий-Шимолий Афғонистон минтақасини (Балх, Жаузжан, Фаряб ва Қундуз вилоятлари) бошқарди. (Ўшанда Шимолий Афғонистонни мустақил қилиш имкони бор эди)

Давом етаётган фуқаролар уруши даврида турли қарама-қарши гуруҳлар билан иттифоққа киришди: Масудга қарши Ҳикматёр билан, Ҳикматёрга қарши Толибон билан, Толибонга қарши Масуд билан.

1995 йил бошида Дўстум Тошкентга ташриф буюриб, президент Ислом Каримов билан юзма-юз суҳбатлашиб, улар ўртасида яна бир бор Афғонистоннинг ўзбек минтақасини Ўзбекистон билан бирлаштириш йўлидаги генералнинг айирмачилик интилишларини қўллаб-қувватлашга қаратилган яширин келишув сифатида баҳоланган. 1996 йилда "Дўстумистон" иккинчи Шимолий Иттифоқ таркибига кириб, Толибоннинг Марказий афғон ҳукуматига қарши чиқди. 1997 йил 25 май куни "Дўстумистон"да иккинчи шахс – Абду Маликнинг хоинлиги туфайли бир қатор вилоятлар қўлдан кетгач, Дўстум Туркияга қочди, "Дўстумистон" мавжуд бўлишдан тўхтайди ва толиблар қўлига ўтади. Абду Маликнинг Шимолий иттифоққа қайтгани ва "Дўстумистон" озод қилинганидан сўнг Дўстум 1997 йил сентябрда Афғонистонга қайтди. 1998 йилнинг августида Толибон «Дўстумистон»ни иккинчи марта қўлга олди ва Дўстумнинг ўзи Ўзбекистонга кўчиб кетди.

2001 йилда Толибоннинг мағлубиятидан сўнг Дўстум Афғонистонга қайтиб, янги ҳукуматга қўшилди. 2004 йилда Дйстум мамлакат президенти лавозимига номзодини қўйиб, 10% овоз тўплаган ҳолда тўртинчи ўринни эгаллади. 2005  йилда Афғонистон Қуролли кучлари Олий қўмондонлигининг штаб бошлиғи этиб тайинланган. 2008 йилда унинг собиқ иттифоқчиси Акбар Бейга қилинган ҳужумдан сўнг Бош штаб бошлиғи лавозимидан четлатилиб, сургун қилиб юборилган. 2009 йилда Афғонистонга қайтиб, мамлакат сиёсий ҳаётида фаол иштирок этган.  2009 йил охиридан - Афғонистон Қуролли кучлари Олий қўмондонлиги штаб бошлиғи. 2014 йилдан Афғонистоннинг биринчи вице-президенти этиб сайланди. Афғонистон ҳудудида ИШИД га қарши қуролли можаронинг фаол иштирокчиси.

Армиядаги хизмати

1989 йил 10 июлда генерал-майор унвони берилди. Президент Нажибуллоҳ даврида совет тезкор гуруҳи раҳбари бўлган генерал Махмут Гареевнинг ҳикоя қилишича:

Ставкада ёки жанговар ҳаракатлар ҳудудларида учрашган вақтимизда биз у билан одатда ўзбек тилида гаплашардик. 1989 йил қишида, илк учрашганимизда у хали полковник эди. Бир куни, гўёки тасодифан, президентдан нима сабабдан бундай жанговар қўмондон ҳалигача полковник бўлиб юрибди деб сўрадим? Президент жилмайиб, жавоб берди: «Кўряпсизми, ўзбекларингиз ҳақида қандай ғамхўрлик қиляпсиз». Орадан бир қанча вақт ўтгач, Дўстумни генерал унвонида кўрдим ва уни илиқ табрикладим. 53-дивизия шахсий таркибида интизом кучли эмасди, лекин улар жангда яхши тажрибали эдилар. Дўстумнинг офицерлари ва аскарлари қисқа муддатли ҳал қилувчи ҳаракатларни афзал кўрдилар ва узоқ муддатли позицион ҳаракатларни ёқтирмасдилар. Дўстумнинг ўзи, юрагида ўти бор ва қатъий одам, жанг пайтида ҳеч қачон узоқдан буйруқ бериб ўтирмасди, балки ўз бўлинмалари қаторида бевосита жангларда қатнашарди. Унинг қизиққонлиги ва ғайриодатий хатти-ҳаракатлари учун уни "афғон Чапаеви" деб аташарди. Умуман олганда, у жуда истеъдодли инсон.(Гареев М. А. Афганская страда)

1992 йил мартида генерал Дўстум мухолифт томонига ўтади. У сиёсий ташкилот – Афғонистон Миллий Ислом ҳаракати ташкил этилгани ҳақида маълум қилади.

Толибон билан уруш

1996 йил 11 октябрда Дўстум Раббоний ва Масуд билан Толибонга қарши "Афғонистон олий Мудофаа Кенгаши" иттифоқини тузди ва уч кундан сўнг Раббоний ҳукуматининг қонунийлигини тан олди.

1998 йил 2 августда толиблар Жаузжон вилоятини, 3-4  августда эса Балхни қўлга олиб, Дўстум қароргоҳи ва унинг барча самолётлари жойлашган Шибирғон шаҳри уларнинг назоратига ўтди.

Карзай даври

2001 йил 24 декабрда Дўстум Ҳамид Карзай муваққат ҳукуматида Афғонистон Мудофаа вазири муовини этиб тайинланди.

2005 йил 20 январь куни Толибон Дўстум ҳаётига суиқасд уюштирди, лекин муваффақиятсиз. Тиланчи қиёфасидаги худкуш масжидда бомдод намозини адо этаётган Абдул-Рашид Дўстумга яқинлашишга уринди, бироқ генералнинг соқчилари унинг йўлини тўсишди, шундан сўнг террорчи ўзини портлатиб юборди. Шу йилнинг 18 апрелида президент Ҳамид Карзай Дўстумни Афғонистон Қуролли кучлари Олий қўмондонлиги штаб бошлиғи этиб тайинлади.

Мукофотлари

"Олтин Юлдуз" медали ва "Савр инқилоби" ордени билан мукофотланган ҳолда "Афғонистон Демократик Республикаси Қаҳрамони" унвони (1986).

"Олтин Юлдуз" иккинчи медали ва "Озодлик қуёши" ордени билан мукофотланган ҳолда "Афғонистон Демократик Республикаси Қаҳрамони" унвони (1988).



У ўзининг она тили саналган ўзбек тилидан ташқари пушту, рус ва дари тилида ҳам сўзлашади.

Абу Муслим таржимаси

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР