Полиция маълумотларига асосан, жиноятчи – руҳий жиҳатдан беқарор шахс ва, эҳтимол, исломнинг экстремистик шаклига эътиқод қилади.
Шанба куни 24 ёшли гумонланувчи судда пайдо бўлди ва учта қотиллик ва олтита оғир тан жароҳати бўйича айбланди.
Тунов куни муҳожир универмагнинг ошхона анжомлари сотиладиган бўлимида пичоқ ўғирлаб, сотувчи аёлни ва яна бошқа икки аёлни ўлдирди, кейин кўчада ва яқин атрофдаги банкда яна беш аёл ва бир болани жароҳатлади.
Полиция жиноятчини оёғига ўқ узиб тўхтатди.
Полиция маълумотларига кўра, ҳибсга олинган шахс яқинда психиатрия даволанишидан ўтган, шафқатсиз ва руҳий беқарор шахс.
Жума куни ижтимоий тармоқларда тахмин қилинган жиноятчи кўчада йўловчиларга ҳужум қилишга уринаётган тасвирланган видео пайдо бўлди. У ялангоёқ бўлиб, пичоқ билан қуролланган эди.
Шунингдек, «У ҳозиргина бир аёлни пичоқади!» деган қичқириқ эшитилади. Унга стул отишгани, бир эркак эса қўлида таёққа ўхшаган нарса билан уни тўхтатишга урингани кўринади.
"Унинг қўлида ҳақиқатда катта пичоқ бор эди ва у пичоқ билан одамларга ташланди, - ҳикоя қилади RTL немис телеканалига воқеанинг гувоҳи бўлган Джулия Рунце. – Бунга жавобан кўпчилик жиноятчини тўхтатиш учун унга қарата соябон, мобил телефон ота бошлади. Кейин полиция етиб келиб, унга яқинлаша бошлади ва ўқ овози эшитилди. Нима бўлганда ҳам, уни қўлга олишди".
Мюнхен билан Франкфурт ўртасида жойлашган, аҳолиси 130 минг кишидан иборат бўлган Вюрцбург шаҳрига дарҳол Бавария хавфсизлик хизмати бошлиғи Иоахим Херрманн йўл олди.
Унинг журналистларга хабар қилишича, яраланганларнинг бештаси оғир аҳволда ва «уларнинг тирик қолишига қатъий ишонч йўқ».
Гувохлардан бирининг айтишича, жиноятчи ҳужум пайта «Аллоҳу Акбар» деб қичқирган.
Шу билан бирга, полициянинг хабар қилишича, гарчи жиноятчи аввал ҳам судланган бўлсада, унинг олдинги жиноятларидан биронтаси терроризм билан боғлиқ бўлмаган.