loader
Foto

Эътиқод эркинлиги ҳаққи

Эътиқод ҳурлик билан, ўз ихтиёри билан танланган бўлиши керак. Мажбурий равишда эътиқод қилиб бўлмайди. Бу бировга ёки бирор нарсага мажбурий муҳаббат қилдиришга ўхшайди. Шунинг учун ҳам эътиқод эркинлиги ёки ҳозирги истилоҳ билан айтилганда, виждон эркинлиги ҳар бир инсоннинг шахсий ҳаққи бўлиб, бу ишда у ўз ҳурриятига эгадир. Бирор томон унга ҳеч қандай босим ўтказишга ҳақи йўқ. Чунки, аввал айтилганидек, иймон-эътиқод ҳар бир инсоннинг қалбига, виждонига боғлиқ иш-дир ва бундоқ ишда ташқаридан туриб ҳукм ўтказиш бўлмайди.

Аллоҳ таоло инсонни ўз ихтиёри билан иймонли бўлишини, ақлини, фикрини, мулоҳазасини ишлатиб иймон ҳақиқатини тушуниб етишини ва Унга ўз ихтиёри билан чин эътиқодли банда бўлишини хоҳлайди. Мажбур қилиш орқали келтирилган иймоннинг нима фойдаси бор? Агар нима бўлса-бўлсин, одамлар иймонга келсин, дейилганда, Аллоҳ таолонинг Ўзи одамларни ана шундоқ қобилият ила яратар эди. У вақтда эса, одам билан фариштанинг фарқи қолмас эди.

Аллоҳ таоло одамни яратишда ўзидаги шайтоний кучларни енгиб иймон келтирадиган, Аллоҳга ибодат қилиб, Унинг ер юзидаги халифаси бўладиган зотнинг яратишни кўзлаган. Ана ўша ишни қилган одам фариштадан афзал бўлади. Бу ишни қила олмаган киши эса Аллоҳнинг эмас, шайтоннинг йўлига юрган бўлади. Кишиларга эътиқод эркинлиги бериб қўйишнинг ҳикмати шунда. Яъни, иймон-эътиқод боби уларнинг сарасини-сарага, пучагини-пучакка ажратувчи нарсадир.

Динга даъват қилувчи кишилар қизиқиб, ҳамма иймонли бўлса, бахтлик бўлади, деган орзу билан ёниб ўзларини ортиқча уринтириб юбориш ҳоллари ҳам бўлади.

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламда ҳам бу ҳоллар бўлиб турган. Ана ўша ҳолларда Аллоҳ таоло оят нозил қилиб, у зотга ҳақиқатни яна бир бор эслатиб қўяр эди.

Аллоҳ таоло «Юнус» сурасида: «Агар Роббинг хоҳлаганида ер юзидаги кимсаларнинг ҳаммаси, жамийси иймон келтирар эди. Сен одамларни то, мўмин бўлгунларича мажбур  қилмоқчимисан?!»-дейди.

Шу билан бирга, Аллоҳ таоло, доимо Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга пайғамбарнинг иши кишиларга динни тушунтириш, эслатиш эканини, уларни динга мажбурлаш эмаслигини таъкидлаб туради.

Бу ҳақда ҳам Қуръон оятлари кўп, биргина мисол келтирайлик.

Аллоҳ таоло «Ғошия» сурасида Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб қилиб:

«Бас, эслат, албатта, Сен эслатувчисан холос. Сен уларнинг устидан ҳукм юритувчи эмассан»-дейди. (21-22-оят).

Исломда эътиқод эркинлигини белгиловчи асосий қоида «Бақара» сурасидаги:

«Динда мажбурлаш йўқдир. Батаҳқиқ, рушду-ҳидоят адашувдан аён бўлди», оятидир. (256 оят)

Бу қоидада, инсоннинг ақли борлиги, Аллоҳ унга ҳидоят ва залолат йўлини аён қилиб қўйгани, биров мажбур қилмасдан ҳар ким ўзи хоҳлаган йўлни танлаб олиши, баён қилинган.

Ҳа, динга кириш маъносиддаги Исломий қоида шундан иборат. Хоҳлаган одам Исломга кириб мусулмон бўлсин.

Аммо, бу қоидани ундан кўзлаган мақсаддан бошқача ишлатиб бўлмайди. Баъзи мунофиқлар айтаётганидек, динда мажбурлаш йўқ. Мен хоҳласам намоз ўқийман, хоҳласам ароқ ичаман, дейиш мутлақо нотўғридир.

Дин танлашда мажбурлаш йўқ. Ҳар ким ўзи хоҳлаган динга кирсин. Аммо, Исломга кирдим, деб эълон қилганидан кейин Ислом кўрсатмаларига амал қилиш шарт. Зотан, мантиқ шундан иборат. Дунёда ҳеч бир жамият, бизга қўшилсанг бўлди, ўзинг билганингни қилаверасан, демайди. Балки, ўз қонун қоидаларига, кўрсатмаларига амал қилган кишинигина ўз аъзоси ҳисоблайди.

Ҳа, Исломда мўмин ёки кофир бўлишлик ҳар кимнинг ўз хоҳишига боғлиқ қилинган.

Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг «Каҳф» сурасида: «Бас, ким хоҳласа мўмин бўлсин, ким хоҳласа кофир бўлсин» - деган. (29 оят)

Исломни ҳақ дин эканини эса, ҳикмат ва яхши мавъизалар билан тушунтирилади.

Аллоҳ таоло «Наҳл» сурасида: «Роббинг йўлига ҳикмат ва яхши мавъиза ила даъват қил ва улар ила гўзал услуб ила мужодала қил»-деган.

Мусулмонларнинг фатҳ ҳаракатлари ҳам ҳуррият, жум-ладан, диний эркинлик йўлида бўлганлиги маълум. Очиқ даъватга шароит бўлсин, ҳар ким ўз хоҳишидаги динга кирсин. Мазкур, дин, виждон ва эътиқод эркинлиги ҳақидаги, қоидаларни айнан фатҳ ҳаракатлари давомида кўрамиз. Мусулмонлар, қаерга борсалар аввало Исломга даъват қилганлар, хоҳламаган кишилар ўз динларида қолишларини таъминлаганлар. Уни ҳам, буни ҳам хоҳламай уруш қилмоқчи бўлганлар билан уруш қилганлар.

Исломда диний эркинлик қоидаларига оғишмай амал қилинганлигини ёрқин далили ҳозир ҳам кўз ўнгимизда яққол намоён бўлиб турибди. Миср, Сурия, Иордания, Эрон каби мусулмон давлатларда ерли аҳолининг бир қисми у ерларда Ислом ҳукми ўрнатилганидан 1400 йил ўтган бўлса ҳам ўз динларида турибдилар. Ҳиндистон, Ливан каби давлатларда эса, мусулмонлар узоқ вақт ҳукмдорлик қилган бўлишларига қарамай ҳозиргача озчиликни ташкил қилмоқдалар.

Ислом тарихида бу ҳақдаги ҳақиқатни намойиш қилувчи ҳужжат ва далиллар жуда ҳам кўп. Буни бошқа дин вакили бўлган инсофли олимлар ҳам яхшилаб ўрганиб, ўз ватандошларига билдиришга ҳаракат қилиб келганлар ва қилмоқдалар.

Ана ўшандоқ кишиларда бири, доктор Густов Лобон ўзинниг «Араб сивилизасияси» номли китобида, жумладан, қуйидагиларни ёзади:

«Ўқувчилар араб фотҳлари ва уларнинг зафарлари ҳақида баҳс юритганимизда Қуръоннинг кенг миқиёсда тарқалишига куч-қувват омил бўлмаганини кўрадилар. Араблар мағлуб халқларни ўз динларида эркин ҳолда қўйиб қўйдилар. Агар баъзи насроний халқлар Исломни қабул қилиб, араб тилини ўзларига тил қилиб олган бўлсалар, бу-ғолиб арабларнинг одамлар мислини кўрмаган адолат турларини ўзларига сифат қилиб олганликларидан ва Исломнинг бошқа динлар билмаган осонлик йўлларини тутганликларидандир».

Худди шу муаллиф ўз китобининг бошқа жойда яна қуйидагиларни ёзади:

«Биринчи фатҳлардан арабларнинг кўзини ёғ босиб, одатда бошқа фотиҳлар қиладиган зулмларни қилишлари, мағлубларга ёмон муомалада бўлишлари ва одамларнинг ўзларининг дунё бўйича тарқатиш ниятида бўлган динларига зўрлаб киритишлари мумкин эди. Агар шундоқ қилсалар, ҳозиргача уларга қарам бўлмай келган халқлар ҳаммаси қаттиқ қаршилик кўрсатиши турган гап эди. Ана ўшанда, уларга ҳам кейинроқ салбчилар, Сурияга кирганларида дучор бўлган мусийбатларга дучор бўлишга тўғри келар эди.

Лекин, бошқа янги динларга даъват қилувчилар эга бўлмаган нодир даҳога эга аввалги халифалар динга мажбурлаб киритиб бўлмаслигини яхши билар эдилар. Улар Сурия, Миср, Испания ва ўзлари эгаллаган ҳар бир диёр аҳолисига буюк лутф ила муомала қилдилар. Уларнинг қонунлари, тузумлари ва эътиқодларини ўзларига қўйиб бердилар. Уларни ҳимоя қилиш, тинчликларини муҳофаза қилиш муқобилига олинадиган рамзий, озгина жизядан бошқа ҳеч нарса талаб қилмадилар. Ҳақиқатда, барча халқлар арабларга ўхшаш раҳимдил ва кенгбағр фотиҳларни кўрмаган».

Ҳа, фақат Исломгина барча халқлар учун ҳақиқий эътиқод эркинлигини таъминлай олади. Ислом таълимотларидан узоқлашилганда дунё бўйлаб эътиқод эркинлиги зоеъ бўлгани ҳам бунга ёрқин далилдир.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф (роҳимаҳуллоҳ)

"Исломда инсон ҳуқуқлари"китобидан