loader
Foto

Рақамли таянчи бор «қизил сулола»: Хитой компартияси қандай модель қуряпти?

«Хитой компартиясининг юз йиллик курашига баҳо берар эканмиз, ўтмишдаги муваффақиятларимиз нимада экани ва келажакдаги муваффақиятларимизни нималар кафолатлашини аниқ тушуниб олишимиз керак», – деди Хитой КП МҚ бош раиси Си Цзинпин 1 июль куни Пекинда партия юбилейига бағишланган маросимда сўзга чиққанда. Шу тариқа Си дунёда энг узоқ вақтдан бери фаолият курсатиб келаётган компартия муваффақиятларининг табиати ҳақида иккита асосий масалани ифодалаб берди.

Биринчидан, қандай қилиб Хитой компартияси 70 йилдан ортиқ вақт мобайнида бундай улкан ва мураккаб мамлакатда ҳокимиятни ўз қўлда ушлаб қолдигина эмас, балки бир пайтлар уруш оқибатида вайрон бўлган ва қолоқ Хитойни глобал етакчилик учун АҚШ билан рақобатлаша оладиган давлатга айлантирди?

Иккинчидан, нафақат Хитойдаги кўп сонли ички муаммоларни, балки хитойликларнинг фаровонлиги усиб бораётгани ва натижада, давлат бошқаруви сифатига талабчанлиги кучайган ва турмуш даражаси тўхтовсиз ўсиб боришини кутадиган шароитларда партия қандай қилиб ҳокимиятни ўз қўлида ушлаб қолишни давом эттириш ниятида?

Коммунистлар ёки мандаринлар?

Биринчи саволга қискача жавоб қуйидагича: хитойлик коммунистлар ленинча турдаги бир партиялик диктатура билан Хитой учун анъанавий бўлган, эрамиздан аввалги III асрдан бошлаб турли хусусиятларда гавдаланган бюрократия тизими элементларини ўз ичига оладиган мослашувчан ҳокимият тизимини қуришга муваффақ бўлдилар.

1921 йил ХКП ҳокимият учун курашаётган марксчи-инқилобчилар партияси сифатида ташкил этилганда унинг ташкил қилинишига «катта оғаси», яъни РКП (б) ҳал қилувчи таъсирга эга бўлган. Совет эмиссарлари 1949 йил, Мао Цзедун бошчилигидаги коммунистлар фуқаролик урушида ғолиб чиқиб, ҳокимиятни қўлга киритгач, ХХР қурилишида ҳам улкан рол ўйнаган.

Дэн Сяопин даврида ижтимоий-иқтисодий моделни қайта юклашда ХКП учун муҳим бўлган паллада советлар тажрибаси, фақат бу сафар ижобий эмас, салбий тажрибаси Пекин томонидан фойдаланилди. КПСС инқирози, СССР парчаланиб кетиши ва Варшава шартномаси ташкилотини гўрга тиққан «бахмал инқилоб»ларга қараб, хитойлик коммунистлар бундан ўзлари учун нималар қилиш керак эмаслиги ҳақида сабоқ олдилар.

Оқибатда Хитойда юзага келган жамият ҳаёти, иқтисодиёт ва ҳокимиятни ташкил қилиш тизими совет тажрибасини ҳам, Хитой учун анъанавий бўлган бюрократик моделни ҳам уйғунликда бирлаштириб туради. Совет Иттифоқида бўлгани каби, КПСС андозаси бўйича тузилган партия жамият ҳаётидаги барча жабҳаларни назорат қилади, «раҳбарлик қилувчи ва йўналтирувчи куч» сифатида иштирок этади, партия иерархияси эса бошқарув механизмида ҳақиқий асаб тизимига айланди – унга бўйсунадиган расмий давлат лавозимлари иерархиясидан фарқли равишда.

Хитойда йирик давлат сектори мавжуд, давлат компаниялари иқтисодиётнинг стратегик секторларида (банклар, телеком, энергетика ва ҳ.к.) етакчилик қилади, давлат компаниялари ичида партия котиблари аввалгидек, бош директорлардан муҳимроқ, гарчи охирги пайтларда бу роллар бошқарув сифатини яхшилаш учун кўп ҳолларда бир кишига топширилаётган бўлсада. Бироқ шу билан бир пайтда, замонавий Хитойда мамлакат учун анъанавий бўлган тарзни эслатиб юборадиган ва НЭП тугатилгандан кейин совет моделида умуман мавжуд бўлмаган кўплаб нарсалар ҳам бор.

Энг аввало, бу - кучли бозор иқтисодиёти. Партия рухсати билан 1980-йиллардан ривожлана бошлаган хусусий бизнес ҳозирда 80%дан ортиқ иш ўринларини, 70% инновацияларни ва ЯИМ ўсишининг 60%ини таъминлайди. Бундай капитализм билан кучли давлат иштирокидаги марказлашган авторитар ҳокимият гибриди ғарблик кузатувчиларни ҳайратда қолдиради ва кўпинча ҳаётий бўлиши мумкин бўлмаган тажриба ҳисобланади.

Бироқ, анъанавий Хитойда бундай модел кўп асрлар давомида мавжуд бўлган: бозор хўжалиги император ҳукумати ва бюрократия вертикали билан бемалол уйғунлашган. Конфуций анъаналарида амалдорлар меҳнати олижаноб эркаклар (君子) учун тижоратдан кўра кўпоқ тўғри келадиган касб ҳисобланган, лекин бу миллионлаб кишиларга савдо ва ҳунармандчилик билан шуғулланиш, йирик савдо уйлари ташкил қилиш, ўзаро рақобатлашиш ва бозор қонунларига амал қилишга – вақти-вақти билан ҳукуматнинг алоҳида тартибга солиш соҳаларига аралашуви билан – халал бермаган (хусусий бизнес ва давлат монополиялар алоқаларини қоралайдиган илк рисола Хитойда эрамиздан аввалги I асрда битилган).

Бу борада капитализм Хитой учун тарихан бегона эмас (Макс Вебер ҳаттоки конфуциан қадриятлар тизимни протестантизм ва иудаизмдан кейин «капитализм руҳи»га энг яқин деб ҳисоблаган). Мао даврида фақат давлат иқтисодиётини қуришга ва хусусий муклчиликни тугатишга уринишлар қисқа даври Хитой учун тарихий меъёрлардан чекиниш ҳисобланади.

Хитой коммунистлари фақат яшаш қобилияти юқори бўлган иқтисодий асослар сиёсий устқурма барқарорлигини таъминлаши мумкин эканлигини тушуниш борасида ҳақиқий марксистлар бўлиб чиқдилар. КПСС дан фарқли равишда КПК учун қотиб қолган режали иқтисодиёт эмас, бозор иқтисодиёти бундай асосга айланди. У миллионлаб кишиларнинг тижорат йўлидаги иқтидори ва бойлик орттириш истагига йўл очиб берди (бежизга Дэн Сяопин ватандошларига биринчи галда бойишни маслаҳат қилмаган), мамлакатни глобаллашув ва халқаро меҳнат тақсимотига интеграция қилди, Хитойнинг қўшилган қиймат занжирлари бўйлаб юқорига ҳаракат қилишини таъминлади, шу билан бир пайтда, партияга халқ хўжалигида тартибга солувчи ва мулкдор сифатида қўмондонлик мартабаларини сақлаб қолишга имкон берди.

Иқтисодиёт устидан қатъий назоратдан воз кечиб ва ранг ҳақида баҳс-мунозараларсиз мушукка сичқон овлашга имкон бериб хитойлик коммунистлар фуқароларнинг шахсий эркинликлари борасида ҳам енгиллик бердилар. 1990-йиллар ва 2000-йиллар бошида партия хитойликларнинг ётоқхонасига, китоб жавонларига ва кийимлари сақланадиган шкафларига бош суқмасдан бошқаришни ўрганиб олди.

Албатта, ОАВ ва маданиятда цензура даражаси, шунингдек, жамият онги устидан ҳокимиятнинг назорат даражаси Хитойда демократик мамлакатлар ва ҳатто бугунги Россиядан ҳам юқори. Лекин шунга қарамай, аксарият хитойликлар улар учун мақбул келадиган даражада давлатнинг хусусий ҳаётга аралашуви билан яшаяпти.

Си Цзинпиннинг «янги давр»ида талаблар яна кучайтирила бошлади (айниқса, бошқарувчилар, шунингдек, ишбилармонлик ва интеллектуал элита вакиллари учун), лекин шахсий эркинликлар прагматик материализмга эътиқод қиладиган ҳамда бу дунёнинг неъматлари – мўл-кўл ва сифатли таомлар, бренд кийимлар, қимматбаҳо гаджет ва автомобиллар, хорижий саёҳатлар, жинсий саргузаштлар, узоқ умр кўриш ва фарзандлари учун нуфузли таълимга интиладиган кўпчилик хитойликлар учун ҳамон етарли.

Партиянинг ўзи эса, кўплаб ленинча тамойилларни сақлаган ҳолда, тобора кўпроқ Хитой учун анъанавий бўлган, кам сонли ўқимишли одамлар катлами имтиҳонлар натижалари бўйича кенг тармоқли бюрократик иерархияда лавозимлар оладиган бошқарув тизимига ўхшаб бормоқда. Албатта, 95 миллион кишилик партия фақат амалдорлардан иборат эмас (2000-йилар бўсағасида бош котиб Цзян Цзэминнинг кўрсатмаси билан унга ҳатто капиталистлар ҳам фаол интеграция қилина бошлаган), бироқ партия аъзолари бюрократик механизм ичида империя даврида бошқарувчилар учун ўйлаб топилган кўплаб қоидаларга бўйсунади, масалан, ўзи туғилиб ўсган минтақада юқори лавозим эгаллаш тақиқланади.

Партия аввалгидек, «хитойлаштирилган марксизм» (马克思主义中国化) мафкурасидан воз кеча олмайди, лекин «Хитой коммунизми»нинг ўзи аллақачон Маркс таълимоти бошланғич маъноларидан узоқлашиб кетган. Си Цзинпиннинг юбилей нутқида «Хитой миллатининг буюк тикланиши» сўзлари ягона тўғри таълимот классикларига ҳаволалардан кўпроқ янгради. Гарчи ХКП «коммунизм» сўзини ўз номидан чиқариб ташлаш ва шунчаки Хитой партияси (中华党) бўлиш имконига эга бўлмасада, миллатчилик аста-секин ҳукмрон партия мафкурасига айланмоқда.

Янгича йўсиндаги «қизил сулола»

Агар ХКП бошқарув модели Хитой учун анъанавий бўлган намуналарни тобора кўпроқ эслатиб юбораётган бўлса, уни аввалги сулолалар қисмати такрорланишидан нималар қутқариб  қолиши мумкин, ахир кўп асрлар давомида Хитой тарихи битта сулола цикли сценарийси (朝代循环) бўйича ривожланган: илк ҳукмдорлар мамлакатни бирлаштирган ва кенгайтирган, аҳоли кўпайиб ва бойиб борган, лекин кейинчалик ерга демографик босим кучайиб, солиқ юки ўсган, сарой тобора ортиқча ҳашамат ва фитналарга ботиб, пировардида деҳқонлар қўзғолони, чет элликлар босқини ёки буларнинг бирга рўй бериши оқибатида сулола инқирозга учраган. Си Цзинпин қўйган саволни бироз ўзгартириб айтадиган бўлсак, мамлакат ва партияга келажакда шунга ўхшаш сценарийдан қутулиб қолишга нима ёрдам беради?

Хитойнинг муаммолари кўп эканлиги шак-шубҳасиз: ижтимоий қатламларга ажралиш кучайиши (бош котиб мутлақ қашшоқлик устидан ғалаба қозонилганини эълон қилганига қарамай),  экологик вазият, аҳолининг қариши, харажатларга олиб келадиган АҚШ билан рақобат, коронавирус пандемияси каби турли кутилмаган инқирозлар. Бироқ Хитой ҳокимият тизимининг ҳозирги варианти бу муаммоларга олдинги тизимлардан кўра яхшироқ тайёрланган.

Энг аввало, тизимнинг асосида ҳосилсизлик, табиий офатлар ва асосийси, бир гектар ерга ҳисоблаганда тўғри келадиган овқатланувчилар (ёки потенциал исёнчилар) сонига сезувчан бўлган аграр иқтисодиёт ётмайди. Ҳозир компартия халқаро захиралари энг катта бўлган энг тез ўсаётган йирик иқтисодиётга эга ва номинал ЯИМ бўйича дунёда иккинчи (ёки, агар ЯИМни харид лаёқати паритет бўйича ҳисоблайдиган бўлсак, биринчи) ўринда турадиган мамлакатни бошқаряпти.

Хитой озиқ-овқат ва табиий ресурслар билан ўзини тўлиқ таъминламаса ҳам, мамлакат уларни глобал бозорларда сотиб олиши мумкин (кейинги беш йил давомида импортга қарамликни камайтириш учун мақсад қўйган) ва энг муҳими, шиппакдан тортиб космик кемалар мурватлари ва суперкомпьютерларга ҳамма нарсани ишлаб чиқаришга қодир. Ўтмишда сулолаларни тез-тез йўқ қилиб юборган иқтисодий қатағонлар оқибатида юзага келган оммавий қўзғолонлар ҳозир Хитойга таҳдид солиши даргумон.

Иккинчидан, "қизил сулола"нинг бошқарув тузилиши ўтмишдаги империя сулолаларидан сезиларли фарқ қилади: ҳокимият мерос қилиб қолдирилмайди, раҳбарларнинг қариндошлари бошқарув ишларига таъсири анча кам, бюрократларнинг ўзи мумтоз шеърлар ҳақида иншолар ёза олгани учун лавозимини олган «мандарин»лардан анча профессионал.

Си Цзинпин адолатли равишда 1990 ва 2000-йилларда ташкил этилган қарор қабул қилишда коллегиаллик ва олий ҳокимиятни мунтазам (ҳар ўн йилда бир марта) алмаштириш моделидан воз кечган раҳбар деб аталади. Бироқ ҳатто Си ҳам партия ва давлатдаги юқори лавозимларни ўзининг 29 ёшли қизи Си Минцзэга (习明泽) эмас, балки партиянинг мартабалар пиллапояси бўйлаб кўтарилган, ўз ҳимоясидаги одамлар орасидан профессионал бюрократга топширади. Бу борада «қизил сулола» Қадимга Хитойда ўйлаб топилган, афсонавий императорлар Яо, Шун ва Юй (尧舜禹) ҳокимиятни қондош-қариндошларига эмас, шу юртнинг энг муносиб ўғлонларига топширадиган «олтин аср»га ўхшаб кетади.

Си Цзинпин МҚ, Сиёсий бюро ва унинг Доимий қўмитаси бошчилигида юзага келган партия иерархияси тизимидан ҳам воз кечмайди, гарчи янги бош котиб даврида бу жамоавий органлар барча қатнашчилар бир хил овоз бериш ҳуқуқига эга бўлган замнавий корпорациялар директорлар кенгашини эмас, балки Хитой учун анъанавий бўлган император давридаги олий амалдорлар кенгашини тобора кўпроқ эслатиб юборади. Лекин Сиёсий бюро давлат манфаатларини эмас, балки юқорида кўрсатилган йилларда кўп кузатилганидек, шахсий ва уруғ-аймоқ манфаатларини кўзлаб ҳаракат қиладиган алоҳида раҳбарлар ветоси туфайли фалаж бўлиб қолмайди.

Қия ҳолдаги big data

Янги технологиялар Хитой Коммунистик партияси узоқ умр кўришининг яна бир муҳим таркибий қисмига айланган. Замонавий транспорт фуқароларнинг ҳаракатчанлигини кескин ошириб, мамлакатни битта қилиб боғлади – Хитой тарихидаги ҳар қандай вақтга нисбатан хитойликлар ҳозирги пайтда мамлакат ичида кўпроқ кўчиб юриш имконига эга. Аҳолининг 90% дан ортиғини ташкил этувчи Хан этник гуруҳининг бир хиллиги тобора ортиши ва миллий озчиликларни хитойлаштириш бунинг муҳим оқибати ҳисобланади.

ХХ асрнинг ўрталаригача Хан кўпчилиги ҳали бир-бирига унчалик тушунарли бўлмаган лаҳжаларда гапирган ва чегаралари милоддан аввалги биринчи минг йилликнинг қадимий шоҳликларга бориб тақаладиган тарихий ҳудудларда яшаган суб-этник гуруҳлардан (民 民) иборат бўлган. Лекин 1980- йилларда бошланган жадал урбанизация ва мамлакатда транспорт тизимининг ривожланиши сезиларли даражада ошганлиги бу суб-этник гуруҳларни мисли кўрилмаган даражада битта миллатга аралаштиришни, шу жумладан, турли вилоятлардан келганлар ўртасидаги никоҳ орқали бошлаб юборди.

Бу миллат қурилишида стандартлаштирилган таълим дастурлари, шунингдек, путунхуа (普通话) умумииллий тилининг устунлик қилиши катта рол ўйнади. Миллий ОАВ ривожланиши ва мулоқотларни рақамлаштириш билан у асрлар давомида хитойликларни ажратиб келган лаҳжаларни, жумладан, стандарт Пекин тилидан фарқ қилган лаҳжаларни йўқ қилади.

Си Цзинпин даврида энг кучли лаҳжаларни мулоқот тилидан музей экспонатларига айлантириш бошланди. Гонконгда ҳам шу лаҳзада гапиришадиган, 106 млн киши яшайдиган Гуандун провинциясининг кантон лаҳжаси унга қарши кураш олиб борилган асосий объект бўлди (норматив путунхуа ва гуандун, гарчи бу тилларда сўзлашувчилар бир-бирини тушиниши қийин – улар ўртасидаги фарқ худди немис тили ва данияликлар тили ўртасидаги фарқ каби – бўлсада, Хитойнинг бирлиги туфайли ҳар хил тиллар эмас, балки битта тилнинг лаҳжалари ҳисобланади).

Натижада император ҳокимияти ва элитар маданият вэнян (文言) ёзма ва оғзаки «амалдорлар тили» (官话) lingua franca тилида бир-биридан маданий ва лингвистик жиҳатдан жиддий фарқ қиладиган минтақаларни бирлаштириб турган вазият охирги ярим асрда унинг ўрнини анча бир ҳил лисоний ва маданий воқелик билан алмашди.

«Осмон ости империясининг узоқ вақт ажралган ҳолда бўлган буюк кучлари бирлашиб, узоқ бирликдан сўнг парчаланиб кетади» (天下大势,分久必合,合久必分) – XIV асрда ёзилган «Уч қироллик» (三国演义) классик романи Хитой учун анъанавий бўлган циклни шундай тасвирлайди. Хитой милоддан аввалги V-III асрларда «жанг қилаётган шоҳликлар» (战国) даври чегараларида парчаланишини ҳозирда тасаввур қилиш бундан юз йил олдин, фуқаролик уруши даврида мамлакатни милитаристлар тахминан шу чизиқлар бўйича бўлиб олган пайт билан таққослаганда анча қийиндир.

Замонавий технологиялар нафақат бошқарув объектининг мисли кўрилмаган даражада бир хиллигини, балки Хитой учун ғайриодатий бўлган бошқарув тизимининг халқ ҳаёти ичига чуқур кириб боришини ҳам таъминлади. Агар илгари одатда маҳаллий лаҳжада гапирмаган амалдор ва унинг бир нечта ёрдамчилари Хитой брократик машинаси фуқаролар оммасини (у билан бирга эса солиқ базаси ва қўшин учун рекруталр) топиш истагида ҳокимият вертикалининг сўнгги бўғин бўлган бўлса, ҳозирда ХКП ячейкалари билан партия-бюрократия механизми бутун мамлакатни: баланд Тибет тоғларидаги камбағал ҳудудлардан тортиб Нью-Йоркда савдо қилинадиган технологик гигантларнинг директорлар кенгашигача қамраб олган.

Хитой ҳукумати Хитой халқининг ҳаёти ҳақида бутун мамлакат бўйлаб жойлаштирилган видеокамералар ва ҳар бир сонияда фуқаролар томонидан қолдирилган рақамли излар партия учун очиқ бўлган катта маълумотлар қаторига бирлаштирилган даврида бўлгани каби кўп нарсани ҳеч қачон билмаган. Хитой ҳукмдорлари юзага келаётган муаммоларни анча аниқроқ (ва кўпинча - фақат маҳаллий амалдорларнинг ҳисоботларига эмас, балки марказдан тўпланиши мумкин бўлган объектив маълумотларга асосланиб) билиш, уларга тезроқ жавоб бера олиш имконига эга бўлдилар.

Айнан технологиялар Коммунистик партиянинг нафақат узоқ умр кўриши, балки умри боқий бўлиши учун хизмат қилиши мумкин. Ахир, уларнинг ёрдами билан партия энди бошқариладиган шахсларнинг хатти-ҳаракатларини нафақат бошқариши, балки дастурлаши ҳам мумкин.

Партия абадийми?

Анъанавий Хитой бюрократик машинасининг мафкураси кўпинча конфуцийлик сифатида тасвирланади. Бироқ, Кун-цзи ҳикматлари (子子, милоддан аввалги 551-479) ва асосий конфуцийчи файласуф Мэн-цзи рисоласи (孟子, милоддан аввалги 372-289) асрлар давомида турли даврларда Хитой бюрократиясининг кўплаб конструкциялари учун мафкуравий асос бўлган тузилма пойдевориниг алоҳида тошлари сифатида кўриб чиқилиши мумкин, холос.

Хитой бошқарув мафкурасини тушуниш учун конфуцийлар (家家) ва уларнинг ғоявий мухолифлари, легистлар (家家) қарашларини синтез қилган файласуф Сюн-цзи (子子, милоддан аввалги 313-238) жуда ҳам муҳимдир. Айнан инсон табиати ҳақида Хитой «ўқ даври» баҳси Си ва унинг шериклари партия учун абадийлик, умри боқийлик рецепти қандай кўринишини тушунишга ёрдам бериши мумкин.

Агар тортишувларнинг тафсилотларига берилмасак, конфуцийчилар бошқарувнинг идеал дунёда катта патриархал оилалар уларга таянадиган фуқаролар ва ҳукмдорлар ўртасида бир хил туйғуларни тарбиялашга асосланган бўлиши кераклигини илгари сурдилар. Ҳукмдор ғамхўр ва қаттиққўл ота каби, амалдорлар ака каби, фуқаролар эса – одобли болалар каби бўлиши керак. Легистлар учун эса асосий бошқарув воситаси инсонийлик(仁), бурч туйғуси (义) ёки одобли ўғиллар (孝) эмас, мукофот ва жазолар (赏罚) ҳисобланади.

Асосий фарқ инсон табиатини мутлақо ҳар хил тушунишдадир. Асосий конфуцийчи файласуф Мэн-цзи учун инсон табиатан азалдан меҳрибон ва шунинг учун одамларни ахлоқий намуна билан бошқариш керак. Гунсун Ян (公 公, милоддан аввалги 390-338) ва Хань Фэй (韩非, милоддан аввалги 325-250) каби легистлар учун инсоннинг табиати бошқача: одамлар туғма фазилатли эмас, балки яхши хулқ учун мукофот ва ёмон хулқ учун жазо олади.

Инсон табиатан бойлик ва шуҳрат қидириб, шунингдек, қўрқув туфайли ҳаракатланади. Шунинг учун ҳукмдор қонунларда нима яхши ва нима ёмон эканини белгилаб қўйиши, кейин тўғри хатти-ҳаракатлар учун мукофотлаши (легистлар учун, асосан, шоҳликнинг ҳарбий кучи ва бойлигини мустаҳкамлашдан иборат эди) ва нотўғри ҳаракатлар учун жазолаши керак. Шу муносабат билан Сюн-Цзи қуйидаги формулани баён қилган: «Инсон табиати ёмон, одамлардаги эзгулик эса – ўзлаштирма кўникмадир» (人 人, 其善者伪也).

Афлотун ва Арастунинг хитойлик замондошлари инсон табиати ҳақидаги тортишуви Осмон ости империясининг бюрократик машинаси учун катта амалий аҳамиятга эга бўлди. Легистларнинг мукофот ва жазолар ҳақидаги ғоялари ҳамда ёзиб қўйилган қонуннинг маъноси турли Хитой сулолаларининг кўп жилдли жиноят кодексларига бориб тақалади. Конфуций қарашлари эса анъанавий тарғибот ва таълим тизимининг асосини ташкил этди.

Муаммо шундаки, кўп асрлар давомида, Сюнь-цзи бирлаштирган бошқарув амалиётидаги конфуцийча ва легистлар ёндашувларини уйғунлаштириб, Хитой ҳукмдорлари улар табиати номукаммал одамларга ва ўта номукаммал технологияларига таянишга мажбур бўлдилар, бу эса узоқ пойтахтдан туриб жойлардаги вазиятни назорат қилишга имкон бермасди. Лекин эндиликда Пекинда мутлақо янги восита – рақамлаштирилган «ижтимоий ишонч тизими» (社会信用体系) пайдо бўлди, уни яна «ижтимоий кредит тизими» деб ҳам таржима қилиш мумкин (хитойча 信用 сўзи иккала маънони ҳам англатади).

Ҳозирча, Хитой ҳукумати давлат учун очиқ бўлган барча маълумотлар асосида ва шахссиз сунъий интеллект ёрдамида фуқаролар, компаниялар ва давлат органлари учун маълум бир ижтимоий ишонч рейтингини тайинлаши, сўнгра уларнинг ҳаракатларини онлайн режимида баҳолаб, бу рейтингини ошириш ёки пасайтириши мумкин бўлган тизимни ишга тушириш-созлаш босқичида турибди.

Рейтинг қиймати партия нуқтаи назаридан тўғри ҳаракатлар учун мукофотлар ва нотўғри ҳаракатлар учун жазолар тизими билан боғланган бўлади. Бунда алоҳида ҳаракатлар учун эмас, балки шахс ёки компаниянинг барча рўйхатга олинган ҳаракатлар ҳақида тизим хотирасида сақлаган ҳолда «маънавий негизлар» мажмуи учун мукофотланади ва жазоланади.

Мукофотлар ҳам, жазолар ҳам оммавий бўлади – бирон-бир ҳаракат содир этиб, рейтингини туширган шахс барча йўналишлар бўйича жавоб беради, фақат фуқаронинг ўзи эмас, балки унинг яқин қариндошлари ҳам (масалан, хато қилиб қўйган ота-онанинг фарзандлари, уларнинг билим даражаси қандай бўлишидан қатъи назар, нуфузли мактабда ўқий олмайди). Шу тариқа анъанавий ҳамманинг бир-бирига кафиллиги тизими тикланади.

Ижтимоий ишонч тизими Хитойнинг турли ҳудудларида фаол синаб кўрилмоқда, уни тўлиқ кўламли умуммиллий жорий қилиш санаси ҳали аниқ эмас, чунки ҳокимият нафақат технологик муаммоларни ҳал қилиши, балки бир қатор асосий саволларга жавоб бериши лозим, биринчи навбатда – қандай қилиб инсон ҳаракатларини битта рақамли махражга келтириш мумкин? Шартли айтганда, волонтерлик фаолияти ёки мунтазам равишда Си Цзинпиннинг «Давлат бошқаруви тўғрисида» (习近平谈治国理政) тўпламларидан иқтибос келтириш рейтингга неча балл қўшиши ҳамда мунтазам равишда барларга бориш ёки тақиқларни айланиб ўтган ҳолда New York Times ўқиш учун неча балл олиб ташлаши мумкин.

Бироқ агар (тўғрироғи – қачонки) бундай технологик ва концептуал айрилишлар ўтиб бўлинса, нафақат фуқароларнинг ҳаракатларини назорат қилиш, балки – мукофотга интиладиган ва жазодан қочадиган инсон табиати ҳақида легистлар таълимоти руҳида – дастурлашга ҳам қодир бўлган кучли восита партия қўлига тушиб қолади. Бундай восита ҳақида Қадимги Хитой сиёсатшунослари ҳатто орзу ҳам қилолмаган.

Шу билан бирга, партия тизимни ишга туширишдан олдиноқ бир муҳим ғалабани қўлга киритди. Онлайн анкета усули билан Берлин Эркин университети томонидан ўтказилган тадқиқот маълумотларига кўра, Хитой респондентларнинг деярли 80% тизимини қўллаб-қувватлайди, унинг жорий қилинишига қарши одамлар улуши фақат 1% ни ташкил этади.

Албатта, бундай тадқиқотларнинг аниқлигини баҳолаш қийин – Хитой жамияти анча ёпиқ бўлиб қолди ва ХХРдан олинган ҳар қандай социологик маълумотларга кўр-кўрона ишонмаслик керак. Шундай бўлса-да, Хитой Халқ Республикасидаги танишларни эмпирик кузатиш бу хулосаларни тасдиқлайди: хитойликларнинг катта қисми тизим жорий қилинишининг олдини олиш фойдасиз эканлигига ишонч комил; давлат шундоқ ҳам жуда узоқ вақтдан бери фуқаролар ҳақида ҳамма нарсани билади ва тизимига тикилган "бонуслар" етарли даражада жалб этувчан, санкциялар эса ўз ҳаракатларини партия истакларига мувофиқ қуришни бошлаш учун етарли даражада оғриқли.

Шу сабабли АҚШ президенти Байден Америка ва Хитой ўртасида қарама-қаршилик нафақат икки қудратли давлатнинг геосиёсий кураши, балки XXI асрда демократияни аввалгидек, Черчилл таърифида «қачонлардир синовдан ўтган барча қолган шклларни истисно қилганда бошқарувнинг энг ёмон шакли» деб ҳисоблаш мумкинми деган саволга жавоб ундан келиб чиқадиган икки тизим ўртасидаги мусобақа деганида унчалик ҳам ноҳақ эмасди.

Албатта, ҳозиргача Си томонидан қурилаётган «ижтимоий ишонч тизими» лаборатория пробиркасидаги субстанция холос, унинг устида партиянинг IT мутахассислари, хавфсизлик ходимлари ва сиёсий стратеглар бош қотирмоқда, унинг ишга туширилганидан кейин оммавийлиги ва функционаллиги кафолатланмаган. Нима бўлганда ҳам, Си бошқаруви остида Хитой компартияси қураётган модель уни ишлаб чиққан мутахассислар томонидан мунтазам такомиллаштириб бориладиган операцион тизим сифатида фаолият юритадиган бўлса, бу Хан Фэй ва Сюн-Цзи каби қадимги Хитойликлар ўз замондоши Арасту ёки христиан черковининг оталаридан кўра халқ оммасининг табиатини анча яхши тушунганлиги фойдасига муҳим далил бўлади.