loader
Foto

Афғонистондаги жанглар: тинч аҳоли ҳаммадан кўп азият чекяпти

БМТ Афғонистонга кўмаклашиш Миссияси (МООНСА) сешанба куни твиттерда қайд этганидек, «Толибон» ҳужумлари ва Кобул ҳукуматининг ҳаво рейдлари энг катта зиён етказяпти.

«Тобилон қуруқликдаги ҳужумлари ва АМА авиазарбалари энг катта зиён етказмоқда», - деб ёзди МООНСА Афғон миллий армиясини назарда тутиб.

«Тартибсиз отишмалар, тиббий муассасалар ва турар-жой уйларни босиб олиш ва вайрон қилиш бўйича чуқур хавотирлар мавжуд».

Май ойида Афғонистондан халқаро кучлар олиб чиқилиши бошланган пайтдан буён «Толибон» ўз ҳужумларини фаоллаштириб, айниқса, Афғонистоннинг қишлоқ туманларида сезиларли ҳудудий муваффақиятларга эришди.

Минглаб одамлар кўчирилди, халқаро ҳамжамият эса «Толибон»ни «ҳарбий жиноятлар» ва «тинч аҳолини оммавий қирғин қилиш»да айблади. «Толибон» бу айбловларнинг бир қисмини билвосита тасдиқлади ва яқинда айрим маҳаллий қўмондонларни жазолашга ваъда берди.

Бир нечта вилоятлар марказлари «Толибон» томонидан қуршаб олинди, мана бир неча кун-ки, жанубдаги Ҳилменд ва Қандаҳор вилоятлари марказида, шунингдек, мамлакат ғарбидаги Ҳирот вилояти маркази саналган Ҳирот шаҳрида қаттиқ жанглар боряпти.

Al Jazeera хабар килишича, Ҳилменд вилояти маркази бўлган Лашкаргоҳ охирги кунлар ичида энг шафқатсиз жанглар майдонига айланди, «Толибон» жангарилари шаҳар марказигача кириб борган.

«Лашкаргоҳ учун жанглар қизғин давом этяпти»..

«Жанглар губернатор қароргоҳи атрофида, полиция қароргоҳи атрофида, қамоқхона атрофида, шаҳар марказидаги асосий бинолар атрофида давом этмоқда ва бизга айтишларича, отишма тўхтамаяпти, чунки қизғин жанглар давом этмоқда».

Афғонистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг хабар беришича, Лашкаргоҳда охирги уч кун ичида камида 38 киши ҳалок бўлган ва 156 киши яраланган.

Расмийларнинг маълум қилишича, «Толибон» шаҳардаги ўнга яқин маҳаллий радио- ва телестанцияни қўлга олган, натижада ҳозир фақат битта, «Толибон» тарафдори бўлган канал ишлаб турибди.

«Бу тонг жанглар айниқса шафқатсиз бўлди», - деди Лашкаргоҳдаги «Сукон» радиоси директори Сефатулла.

«Биз икки кун олдин ишлашни тўхтатдик, чунки «Толибон» биномизни қўлга олди».

Лашкаргоҳнинг бой берилиши бу йил ёзда қишлоқ жойларнинг катта қисмини йўқотган ва нима қилиб бўлса ҳам шаҳарларни ҳимоя қилишни бўйнига олган ҳукумат учун жиддий стратегик ва психологик зарба бўлади.

Қамал ҳолатидаги Ҳиротда ҳукумат кучлари «Толибон»нинг сўнгги ҳужумини қайтарганидан сўнг юзлаб аҳоли томларга чиқиб олиб, Аллоҳу Акбар дея хитоб қилишди.

Ҳиротдаги Афғон расмийлари айтишича, ҳукумат тарафдори бўлган кучлар «Толибон»ни шаҳарнинг бир нечта туманидан, жумладан, аэропортдан узоқлаштиришга муваффақ бўлди, бу эса захираларни тўлдириш учун муҳим аҳамият касб этади.

«Афғон хавфсизлик кучлари ва қаршилик ҳаракати вакиллари шаҳарнинг ғарбий қисмида йирик операция бошладилар», - деди Ҳирот губернатори матбуот котиби Джайлани Фарҳод.

Ҳирот касалхонасидаги манбанинг DPA агентлигига хабар беришича, сўнгги олти кун ичида 24 та ўлик ва 200 га яқин ярадор қабул қилинган. Қурбонлар орасида хавфсизлик хизмати ходимлари ҳам бор.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Қандаҳордан бошқа бир манбаси хабарига кўра, охирги 10 кун ичида вилоятда 28 киши ҳалок бўлгани ва 191 ккиши яралангани қайд этилган.