Сурия давлат ахборот агентлиги SANA хабарига кўра, ўт ўчирувчилар портда таъмирланаётган кемада содир бўлган ёнғинни ўчирган. Ёнғиндан чиққан тутун туфайли айрим ишчилар нафас олиши қийинлашган. SANA маълумотларига кўра, кема бўш бўлган.
Хом нефтни ташиш ва сақлашни кузатиб борадиган ва хабар берадиган TankerTrackers.com онлайн-сервис кемани WISDOM деб кўрсатди ва танкер яқинда Эроннинг SAM 121 нефть ташувчи танкерига жой бўшатиш учун портга кўчиб ўтганини маълум қилди.
TankerTrackers.com маълумотларига кўра, WISDOM ўтмишда Эрон нефтини Эрон танкерларидан, жумладан, SAM 121 танкеридан Сурияга етказиб бериш учун фойдаланилган.
Агар ёнғиндан зарар кўрган кема ҳақиқатда ҳам WISDOM бўлса, бу кема бундай ҳодисадан биринчи марта жабр кўрган ҳолат бўлади.
Апрел ойида Эрон танкерларидан бирига учувчисиз учиш аппарати воситасида ҳужум қилинган, бироқ кейинчалик Эрон ва Сурия матбуоти бу хабарларни инкор этиб, ёнғинда бир ишчи ҳалок бўлишига олиб келган пайвандлаш ишларидаги бахтсиз ҳодиса сабаб бўлганини айтган. Май ойида Эроннинг бошқа бир кемасида яна бир ёнғин содир бўлиб, SANA маълумотларига кўра, бунга двигателлардан бирида техник носозлик сабаб бўлган.
Латакияда танкердаги портлаш ва ёнғин ҳақидаги хабар Эрон учувчисиз учиш аппарати июл ойида Уммон соҳилидаги Исроил томонидан бошқариладиган Mercer Street кемасига зарба бериши ва оқибатда Британия ва Руминия фуқароси ҳалок бўлишига олиб келган Исроил ва Эрон ўртасидаги зиддиятлар юқори бўлиб қолаётган бир пайтда пайдо бўлди. АҚШ, Буюк Британия ва Исроил қасос олиш билан таҳдид солди ва ҳужум Эрон халқаро ҳамжамият томонидан қораланишига сабаб бўлди.
Эрон ўзининг бу ҳужум учун жавобгар эканлигини рад этди ҳамда АҚШ ва Исроил минтақадаги вазиятни беқарорлаштиришга уринаётганини айтди, лекин шанба куни АҚШ Марказий қўмондонлиги (CENTCOM) ҳужумда фойдаланилган учувчисиз учиш аппаратлари Эронда ишлаб чиқарилганининг далилларини эълон қилди.
Mercer Street га ҳужум уюштирилганидан кейин бир ҳафта ҳам ўтмасдан Эрон кучлари БАА қирғоқлари яқинида Asphalt Princess танкерини қўлга олишга уриниб кўрди, лекин ишчилар двигателни ишдан чиқарганидан кейин кемани тарк этдилар, деб хабар қилади Британиянинг The Times газетаси.
Душанба куни Эроннинг Nour News нашри эълон қилишича, Исроил сув ости кемаси иккки кема ҳамроҳлигида Қизил денгизга яширин равишда кириб келган.
Маълум қилинишича, охирги йилларда Исроил ва Эрон денгизда бир-бирининг кемаларига ўнлаб марта ҳужум қилган.
Март ойида «Джерузалем пост» нинг шўъба нашри «Маарив» хабарига кўра, Сурияга йўл олган Эроннинг ўнга яқин нефт танкерларига Исроил томонидан ҳужум уюштирилгани ҳақида The Wall Street Journal хабар қилганидан сўнг бутун Яқин Шарқ бўйлаб Исроил томонидан ўнлаб Эрон кемаларига ҳужум қилинган.