Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси Афғонистоннинг «Толибон» ҳаракати назорати остидаги кўплаб ҳудудларида юз берган халқаро гуманитар ҳуқуқ ва инсон ҳуқуқларининг жиддий бузилишлари ҳақида ишончли хабарлар олди.
Бу ҳақида БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Мишел Бачелет Женевадаги БМТ инсон ҳуқуқлари Кенгашининг 31-махсус сессиясида маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, гап хусусан, тинч аҳоли ва Афғонистоннинг собиқ ҳарбий хизматчиларини судсиз қатл этиш, эркин ҳаракат қилиш ҳуқуқини чеклаш, аёллар ва қизларнинг таълим олиш ҳуқуқларини бузиш, болаларни ҳарбий ҳаракатларда иштирок этишга мажбур қилиш, тинч норозилик намойишларини бостириш ҳақида боради.
Бачелет инсон ҳуқуқлари Кенгашига афғон халқининг ҳуқуқларини ҳимоя қилишни сўраб мурожаат қилди.
Қисқа муддат ичида «Толибон» томонидан мамлакатнинг аксарияти қўлга олиниши кўплаб афғонлар орасида қўрқув ва чорасизлик ҳиссини уйғотди, дея қайд этди у.