loader
Foto

Путин Ғарбга қарши чиқди

«Биз ўзларини тараққиёт карвонбошиси деб ҳисоблашга одатланган мамлакатларда юзага келаётган жараёнларни кўриб ҳайрон қоляпмиз. Албатта, Қўшма Штатларда, Ғарбий Европада юз бераётган ижтимоий-маданий ғалаёнлар бизнинг ишимиз эмас, биз уларнинг ишига аралашмаймиз. Ғарб мамлакатларида эса, кимдир ўз тарихининг бутун бошли саҳифаларини тажовузкорлик билан ўчириш, озчиликлар манфаатлари йўлида кўпчиликни дискриминация қилиш, ёки ота, она, оила ёки жиснларни фарқлаш каби асосий нарсаларни тарк қилиш, ижтимоий янгилаш томон ҳаракат деб ҳисоблайди. Бу уларнинг ҳуқуқи, лекин биз улардан уйимизга бош суқавермаслигини сўраймиз. Бизда бошқача нуқтаи назар бор», - деди Путин Сочидаги Валдай клуби йиғилишида сўзга чиқиб.

Президентнинг фикрига кўра, Россия жамиятининг аксарияти бошқа нуқтаи назарга эга. «Биз маънавий қадриятларимизга, тарихий анъаналарга, кўп миллатли халқимиз маданиятига таянишимиз керак, деб ҳисоблаймиз», - деб таъкидлади давлат раҳбари.

Унинг сўзларига кўра, «ижтимоий тараққиёт деб аталмиш нарса тарафдорларнинг фикрича, улар инсониятга аввалгидан кўра тўғрироқ қандайдир янги онгни олиб келади». « Хўп, Худо ярлақасин. Қўлига байроқ …, деганларидек. Фақат бу ерда улар таклиф қилган рецептлар мутлақо янги эмас, биз буларнинг барчасини Россияда ўтиб бўлганмиз», дея қўшимча қилди Путин.

Мисол тариқасида у Россияда 1917 йилдан кейин рўй берган кескин ўзгаришларни эслатиб ўтди.

«Марксизм догмасига таянган большевиклар ҳам бутун одатий ҳаёт тарзини - нафақат сиёсий, иқтисодий, балки инсон ахлоқи нима эканлиги ҳақидаги ғояни, жамиятнинг соғлом мавжудлиги асосларини, оилани бутунлай рад этишга қадар ўзгартиришларини эълон қилганди. Бунақаси бўлган!» – деди президент.