loader
Foto

АҚШ Афғонистонда қолиб кетган вертолётларни Тожикистон ва Ўзбекистонга совға қилди

«Толибон» Мудофаа вазирлиги матбуот котиби Иноятуллоҳ Хоразмийнинг 19 январь куни «Озодлик радиоси»нинг афғон хизматига айтишича, аввалроқ бу ҳаво кемаларини бу ерга ўзлари олиб келган америкаликлар уларни расман “бу давлатга” топширган ва бу энди афғон халқининг мулкидир.

«Толибон» мудофаа вазирлиги вакили сўзларида давом этди: "Қандай бўлмасин, биз бу вертолётларни бугун ёки эртага қайтариб оламиз. Пентагоннинг баёнотини рад этамиз ва буни ички ишларимизга аралашиш деб биламиз".

«Толибон» мудофаа вазири Мавлавий Муҳаммад Ёқуб ҳам ўтган ҳафта Тожикистон ва Ўзбекистонни Афғонистон ҳарбий вертолётлари мамлакатга қайтарилмаса, кўнгилсиз натижа бўлишидан огоҳлантирган эди.

Пентагон матбуот котиби Джон Кирби 18 январ куни бўлиб ўтган навбатдаги брифингда журналистнинг вертолётлар тақдири ҳақидаги саволига жавоб берар экан, улар ҳали ҳам бу масала устида ишлаётганликларини айтди. “Аммо улар Афғонистонга «Толибон» томонидан қўлланилиши учун юборилади деб ўйламайман”, — қўшимча қилди у. Шу билан бирга, Пентагон матбуот котибининг таъкидлашича, улар охир-оқибат нима қилишлари ва вертолётлар қаерга бориши ҳақидаги мунозаралар ҳали ҳам давом этмоқда.

Аввалроқ айрим ОАВ Тожикистон ва Ўзбекистон АҚШдан уларга маълум миқдордаги вертолётларни қолдириш ҳуқуқини беришни сўрагани ҳақида хабар берган эди.

Ҳозир Кобулда ҳукмронлик қилаётган «Толибон»нинг даъво қилишича, аввалги Афғонистон ҳукумати қулаганидан кейин ўнлаб вертолёт ва самолётлар қўшни давлатларга йўналтирилган. Тожикистон ва Ўзбекистон расмийлари афғон қўшинлари ва учувчилари ўз ҳудудига 2021 йил августида келганини тасдиқлади, бироқ тўлиқ маълумот, жумладан, вертолётлар ҳақида ҳам тақдим этмади.

Тожикистон ҳам, Ўзбекистон ҳам Кобулдаги янги ҳокимият сўровига расман жавоб бергани йўқ. Бироқ, бу соҳадаги айрим экспертларнинг таъкидлашича, «Толибон» вертолётларни талаб қилишга ҳақли эмас, чунки уларнинг ҳукумати дунёнинг ҳеч бир давлати томонидан тан олинмаган ва шунинг учун уларнинг талаблари ноқонуний ва мантиққа тўғри келмайди.

Бошқа томондан, экспертларнинг фикрича, бу вертолётлар тожик ёки ўзбек тарафлари томонидан қўлга олинмаган ва улар бу давлатларга урушаётган томонлардан бири томонидан олиб кирилган. Шу боис ҳуқуқшунослар фикрича, «Толибон» бу масалаларни мудофаа вазирлигининг огоҳлантиришлари билан эмас, балки ташқи ишлар вазирлиги орқали ҳал қилиши керак.

Ушбу вертолётларнинг аксарияти АҚШ томонидан Афғонистон қуролли кучларига тақдим этилган. Ўтган август ойида Ашраф Ғани ҳукумати ағдарилганидан сўнг ўнлаб афғон учувчилари Тожикистонга қочиб ўтиб, уч ой давомида Душанбе чеккасидаги санаторийда сақланган. Бу вақт ичида улар ўз тақдирлари номаълумлиги, Афғонистондаги қариндошлари «Толибон» томонидан босим остида қолганидан қайта-қайта шикоят қилишган. 2021 йил 10 ноябрга ўтар кечаси 143 нафар афғон учувчиси Душанбедан Бирлашган Араб Амирликларининг Абу-Даби шаҳрига олиб кетилди.