Дин ишлари, миллий анъаналар, байрам ва маросимларни тартибга солиш қўмитаси раиси Сулаймон Давлатзода 8 феврал куни Озодий радиосининг саволига жавоб бериб, масжид очилиши 2020 йилнинг мартига белгиланган, аммо коронавирус пандемияси сабабли Қатар вакиллари Тожикистонга уча олмагани ва масжид очилиши кечиктирилганини айтди.
Давлатзода мамлакатдаги энг йирик масжид эшиклари очилишининг санасига аниқлик киритмади ва фақатгина: “Меҳмонлар келишини кутяпмиз”, деб қайд этди.
Тожикистондаги энг катта масжид 12 гектар майдонда жойлашган бўлиб, баландлиги 65 метр бўлган тўртта минора, 47 метрли бош гумбаз ва яна 20 та катта ва кичик гумбаз, катта зал, кичик намозхоналар, кутубхона, музей, мажлислар зали ва учрашувлар ва музокаралар учун меҳмонларни қабул қилиш залидан иборат.
Масжиднинг тамал тошини Тожикистон президенти Имомали Раҳмон 2009 йил октябрь ойида Ҳанафий мазҳаби асосчиси Имом Абу Ҳанифа таваллудининг 1310 йиллигини нишонлаш чоғида қўйган эди. Масжид қурилиши 2011 йилда бошланган.