loader
Foto

Туркия Ойга миссия учун космик кема қурмоқда

Ой миссияси Туркия Миллий космик дастурининг муҳим вазифаларидан биридир. Бу ҳақида Туркия космик агентлиги (TUA) раҳбари Сердар Ҳусайн Йилдирим Бурсадаги Гёкмен Аэрокосмик ўқув марказида (GUHEM) «Юлдузлар чанги» фотокўргазмасига ташрифи чоғида «Анадолу» агентлигига маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, Ой миссиясининг амалга оширилиши Туркияни бутунлай бошқа технологик даражага олиб чиқади. “Ойга етиб бориш бир қарашда кўринадиган даражада осон иш эмас. Биз бу борада ишлаяпмиз. Агентлигимиз Ойга парвоз қилиш учун кема қуришни TUBITAK  (Туркия Илмий-техник тадқиқотлар кенгаши) Коинот тадқиқотлари институтига топширди. Қурилма яқин икки йил ичида Ернинг сунъий йўлдошига учирилиши режалаштирилган. Гибрид маҳаллий Delta V двигатели асос қилиб олинди. Уни интеграциялаш ва космик шароитларга мослаштириш ишлари давом этмоқда”, деди Йилдирим.

Унинг сўзларига кўра, Туркия нафақат Ойни ўрганишни, балки иложи бўлса, байроқ ўрнатиш мақсади билан қўнишни режалаштирмоқда. “Албатта, бу осон иш эмас, лекин биз шундай деб ўйлаймиз: бизнинг қурилмамиз Ойга қаттиқ ёки юмшоқ қўнишни амалга оширади. Қўниш вақтида қурилма бир қисми ажралиб чиқиши мумкин, кейинчалик у байроқ шаклида юзага очилади. Ҳозирча бу ишнинг лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда. Асосийси, Ойда турк байроғи бўлиши керак. Агар Ойнинг кўринадиган томонида буни уддалай олсак, Туркия халқи ўз байроғини телескоп орқали кузатиши мумкин бўлади”, — деди агентлик раҳбари.

Йилдирим ривожланган коинот дастурининг ҳар бир йирик давлат учун фавқулодда эҳтиёж эканлигини таъкидлади.