АҚШ президенти Джо Байден россиялик ҳамкасби Владимир Путин билан телефон орқали мулоқот қилди, дейилади Оқ уй баёнотида.
Хабарда айтилишича, музокаралар чоғида Байден Россия томонини Москва Украинага ҳарбий тажовуз қилган тақдирда АҚШ ва унинг иттифоқчилари қатъий жавоб қайтариши ҳақида огоҳлантирган.
Америка етакчисининг қўшимча қилишича, Украинага бостириб кириш кенг кўламли гуманитар фожиага сабаб бўлади ва Россия обрўсига путур этказади.
Оқ уй раҳбари Украина инқирозини ҳал қилиш бўйича дипломатик саъй-ҳаракатлар устувор эканлигини, бироқ айни пайтда АҚШ ва иттифоқчилар “бошқа сценарийларга тайёр” эканини таъкидлади.
Кремл Путин ва Байден ўртасидаги музокаралар ҳақида
Россия ва АҚШ президентлари Владимир Путин ва Джо Байден ўртасидаги музокаралар бир соатдан ортиқ давом этди, деди журналистларга Россия давлати раҳбарининг ёрдамчиси Юрий Ушаков.
“Суҳбат бир соатдан сал кўпроқ давом этди...Бугунги суҳбат АҚШ расмийлари томонидан Россиянинг гўёки яқин орада Украинага бостириб кириши ҳақидаги мисли кўрилмаган ваҳима муҳитида ўтди. Буни ҳамма билади”, - деди Ушаков.
Унинг сўзларига кўра, Россия етакчиси Байденнинг фикрларини эътиборга олган, улар таҳлил қилинади. Шу билан бирга, у бу мулоҳазалар Россиянинг на НАТО кенгайиши, на хавфсизлик кафолатларидаги асосий манфаатларига таъсир қилмаслигини таъкидлади.
“Путин Россия томонининг муҳим аҳамиятга эга ёндашувларини айтиб ўтди ва нима учун хавфсизлик кафолатлари бўйича саволлар туғилганини тушунтирди. Унинг таъкидлашича, Совуқ уруш даврида СССР ва АҚШ рақиб бўлган ва 90-йилларда улар дўст бўлиб туюлган, аммо АҚШ ва НАТО Россияга нисбатан ноконструктив чизиқ олиб борган. Кейин альянснинг фаолият доирасини кенгайтириш бошланди ва у Россия Федерацияси чегараларига яқинлашди. 2000-йилларда муносабатлар ёмонлашди ва мамлакатимиз хавфсизлигига алоқадор бўлди”, - деди Ушаков.
“Умуман олганда, президентлар Байден томонидан билдирилган фикрлар Москвада диққат билан кўриб чиқилишига келишиб олдилар. Келгуси ҳафтада президентлар турли соҳалардаги алоқалар давом этиши, Байден томонидан кўтарилган масалалар ва иккита ҳужжат лойиҳасида баён этилган ташвишларимиз муҳокама қилинишига келишиб олдилар”, — деди Россия Федерацияси президенти маслаҳатчиси.
Путин ва Макрон музокаралари
Франция томонининг ташаббуси билан Владимир Путин франциялик ҳамкасби Эммануел Макрон билан телефон орқали мулоқот қилди, дея хабар бермоқда Кремл матбуот хизмати.
“Франция Президентининг яқинда Москвага қилган ташрифи доирасидаги муҳокамалар давомида Россия Федерацияси хавфсизлигининг узоқ муддатли ҳуқуқий кафолатларини таъминлаш ва ушбу муаммони ҳал қилишда боши берк кўчадан чиқишга оид масалалар юзасидан атрофлича фикр алмашилди, Украина ичидаги можаро, шу жумладан Эммануел Макроннинг Украина, АҚШ ва бир қатор Европа давлатлари раҳбарияти билан суҳбатлари ҳисобга олинган ҳолда”, — дейилади баёнотда.
Қайд этилишича, Путин яна “Россиянинг таниқли ташаббусларига АҚШ ва НАТО томонидан мазмунли жавоб йўқлиги”га эътибор қаратган.
Бундан ташқари, Эрон ядровий дастури бўйича қўшма комплекс ҳаракатлар режасини сақлаб қолиш ва тўлиқ амалга ошириш мавзусига тўхталиб ўтилди.
Владимир Путин ва Беларус президенти Александр Лукашенко телефон орқали мулоқот қилди
Владимир Путин Беларусь президенти Александр Лукашенко билан телефон орқали мулоқот қилди, дея хабар бермоқда Кремл матбуот хизмати.
“Икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг айрим масалалари, шунингдек, АҚШ ва НАТОнинг Россия хавфсизлигининг узоқ муддатли халқаро ҳуқуқий кафолатларини ишлаб чиқиш бўйича Россия таклифларига муносабати билан боғлиқ вазият кўриб чиқилди”, — дейилади хабарда.