loader
Foto

Путин Россия Хавфсизлик кенгашининг шошилинч йиғилишини ўтказди

Россия президенти Владимир Путин раислигида ўтган Россия Хавфсизлик кенгашининг навбатдан ташқари йиғилишида Донецк ва Луганск халқ республикаларини тан олиш зарурлиги масаласи муҳокама қилинди.

Хавфсизлик кенгаши йиғилиши аввалида НАТОнинг шарқка кенгаймаслигини кафолатлаш бўйича дипломатик ишлар ҳақида маъруза қилган ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ва Минск битимининг амалга оширилиши ҳақида гапирган Россия президенти маъмурияти раҳбари ўринбосари Дмитрий Козак сўзга чиқишди.

Козак, хусусан, "Украинага ҳам, Ғарбга ҳам Донбасс керак эмас" ва Украина ҳукумати Донбассни мамлакатга қайтармоқчи эмаслигини айтди.

ФСБ раҳбари Александр Бортников Россия ва Украина чегарасидаги “иккита диверсиячи гуруҳ” ва “асирга олинган украиналик ҳарбий”, шунингдек, Донбассдан Россия Федерациясига келган 68 500 га яқин қочқинлар ҳақида гапирди.

Мудофаа вазири Сергей Шойгу фақат бир кечанинг ўзида Донбасс 40 мартадан ортиқ ўққа тутилгани, сувcиз қолган Донецк аҳолиси ва инфратузилма объектлари азият чеккани ҳақида гапирди.

Шойгунинг сўзларига кўра, Донбасс яқинида 59300 нафар украиналик ҳарбий хизматчи, 345 та танк, 2160 та зирҳли жанговар машина, “Смерч” қурилмалари, “Точка-У” ракета тизимлари ва бошқалар бор. Шойгунинг сўзларига кўра, Украина шунингдек, ўзининг “ядровий давлат мақоми”ни қайтаришга тайёрлигини маълум қилган.

Бу чиқишларидан сўнг Путин Донецк ва Луганск халқ республикаларининг мустақиллигини тан олиш масаласини ҳал қилиш зарурлигини айтиб, сўзни Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари Дмитрий Медведевга берди.

Медведевнинг таъкидлашича, Луганск ва Донетск вилоятлари аҳолиси узоқ вақтдан бери Украинадан "ҳеч қандай ёрдам олмаган", фақат "репрессияга учрамоқда". Медведев Жанубий Осетия ва Абхазия мустақиллигини президент сифатида тан олган 2008 йилни эслади. Медведев тингловчиларни ишонтирдики, аввалги тажрибалар ЛХР ва ДХРнинг тан олиниши билан боғлиқ вазият “аста-секин совиши”ни кўрсатади.

Кейин Давлат Думаси спикери Вячеслав Володин ва Федерация кенгаши спикери Валентина Матвиенко сўзга чиқиб, Путиндан ЛХР ва ДХР мустақиллигини тан олишни сўради. Улардан сўнг Хавфсизлик кенгаши котиби Николай Патрушев сўзга чиқиб, “ЛХР ва ДХРни тан олиш ягона ечим”, деб айтди, ҳукумат раҳбари Михаил Мишустин эса Россия бир неча ой давомида санкцияларга тайёрланаётганини айтди. Ташқи разведка хизмати раҳбари Сергей Наришкин Ғарбнинг “Киевни Донбасс муаммосини куч билан ҳал қилишга уринишга ундаш” уринишлари ва Россия «бунга йўл қўймаслиги» ҳақида ҳақида гапирди. Путин Наришкиндан ЛХР ва ДХРни тан олиш керакми, деган саволга аниқ жавоб беришни талаб қилди.

Унинг ортидан сўзлаган ички ишлар вазири Владимир Колокольцев республикаларни тан олиш “Украина режими томонидан босиб олинишидан олдин бўлган чегаралар доирасида зарур”лигини айтди.

Президентнинг Марказий федерал округдаги вакили Игор чеголев ҳам сўзга чиқди, шундан сўнг яна Сергей Лавров ва Сергей Шойгу сўзга чиқди.

Учрашув якунида Путин ҳамкасбларининг фикрини эшитганини айтиб, “бу қарор бугун қабул қилинади”, деб ваъда берди. Шундан сўнг видео ўчирилди.

Хавфсизлик кенгаши йиғилиши олдидан ДХР ва ЛХР раҳбарлари Путиндан ўзини ўзи эълон қилган республикаларнинг мустақиллигини тан олишни, сўнгра улар билан дўстлик ва шериклик шартномаларини тузишни сўрагани маълум қилинди.

15 феврал куни Давлат Думаси депутатлари ДХР ва ЛХР мустақиллигини тан олиш илтимоси билан Россия Федератсияси Президентига мурожаат қилиш тўғрисида қарор қабул қилдилар. Ҳужжатни Коммунистик партия тайёрлаган. Овоз бериш якунлари бўйича Давлат Думаси спикери Вячеслав Володин мурожаат дарҳол имзоланиши ва Владимир Путинга юборилишини маълум қилди.