loader
Foto

Урушни бошламасдан туриб ютқазиш

У шу қадар қўпол тарзда йиғилгандек туюлдики, қарор қабул қиладиган (жумладан, уни яратиш бўйича) ҳеч ким бунга чинакам ишонганига ишониш мумкин эмас эди. Маълум бўлишича, кимдир ишонаркан. Унинг исми - Владимир Путин.

Путин йилларида Россия раҳбарияти ижтимоий воқеликка қарши шиддатли, жанговар кураш олиб борди. Сиёсий маъмурлар (яъни, маъмурлар, сиёсатчилар эмас, чунки уларни ҳеч ким сайламаган) мустақилликнинг барча кўринишларига интилиб, ўз позициясига эга фаоллар, сиёсатчилар ва журналистларни жамоат майдонидан сиқиб чиқарди. Уларнинг ўрни асосий вазифаси фаолиятга тақлид қилиш ва ташқи кўринишларни яратиш бўлган шахсларга ўтди. Президент маъмурияти раҳбарлари ҳар қандай ўзини-ўзи ташкил этган партиялар, гуруҳлар ва тузилмаларни сунъий, бошқариладиган "ячейкалар"га айлантириш билан шуғулланган.

Қандай қилиб жамиятнинг йўқ қилиниши урушга олиб келади

Ҳозир бўлганларнинг ҳаммаси ёт, бегона, экстремистик ва ҳатто "террорчи" деб эълон қилинди. Алексей Навальний томонидан яратилган жамоат тармоғини эслайлик - бу режимга қарши сиёсий, зўравонликсиз курашга қаратилган ва бунинг учун "жиноятчи" деб тан олинган ташкилот.

Вайронагарчилик нуқтаи назаридан, менежерларнинг муваффақияти таъсирли эди. Шуни эътироф этган ҳолда, бу “муваффақият”ларга тўғридан-тўғри ўлдириш, босим ва хорижга қувиб чиқариш орқали эришилганини унутмайлик. Турли даврларда Кремлнинг сиёсий раҳбарияти бошчилигида ишлаган юзсиз маъмурлар – Владислав Сурков, Вячеслав Володин, Сергей Кириенко махсус хизматлар билан яқин ҳамкорликда майдонни тозалаш ишларини олиб боришди. Ушбу фаолиятнинг натижалари ҳақиқатан ҳам даҳшатли.

Қамоқдаги фаолларни эслайлик. Келинг, мамлакатни тарк этишга мажбур бўлганлар ҳақида, шунингдек, у билан боғлиқ барча хавфларни эҳтиёткорлик билан баҳолаб, жамоат фаолиятини тарк этганлар ҳақида ўйлаб кўрайлик. Уларнинг ўлими ортида ким турганидан қатъи назар, ўлдирилган сиёсатчилар, журналистлар, жамоат арбоблари ҳақида ҳам унутмайлик.

Путин маъмурлари нафақат фуқаролик жамиятини, балки спорт натижаларини ҳам бошқаришга ҳаракат қилишди. Ҳалол рақобат мантиғи бузилди: етакчининг бунга ишонмагани аниқ. Россиялик спортчилар ҳар қандай ҳолатда ҳам ҳаммадан яхшироқ бўлишлари керак эди. Шу боис, мусобақа етакчи учун ажойиб муваффақият расмини чизиш учун мўлжалланган допинг дастури билан алмаштирилди. 2014 йилги Қишки Олимпия ўйинлари кафолатланган ғалабага эришиш лойиҳасига айланди. Ўйинларни бошқариш мумкинлиги охир-оқибат қочқин, Москва антидопинг лабораториясининг собиқ раҳбари Григорий Родченков томонидан фош қилинди. Шунинг учун бизда бу шармандали ишнинг батафсил тасвири бор.

Вайрон қилишдан кўра жиноий усуллар билан яратиш қийинроқ, шунинг учун тирик жамиятга ўлик муқобил вариант қуриш нуқтаи назаридан Путиннинг театри мутлақо муваффақиятсизликка ўхшарди. Охир-оқибат, бизни "бошқалар" ("бегона" ёки "исталмаган")га айлантирганлар ҳеч қачон ўзлари, ўз ташаббуслари билан, ижодий илҳом ва қалб амри билан ҳеч нарса яратмаганлар. Шунинг учун ҳам улар “ўз” ижтимоий соҳасини – очиқ муҳокама майдонини, сиёсатини, ишончли таҳлилини, социологияси ва сиёсатшунослигини, мухолифати ва матбуотини ярата олмадилар.

Муқобил воқелик тирик жамоат маконининг бузилган кўзгуси бўлиб чиқди: сиёсатчилар ўрнига масхарабозлар, фуқаролик жамияти ташкилотлари ўрнига тақлидчилар, журналист ва таҳлилчилар ўрнига тарғиботчилар. Бу билан яшаш осон эди: сиз масхарабозларга овоз беришингиз шарт эмас, сиз сохта таҳлилчиларни ўқимайсиз, Киселев ва Соловьёвга қулоқ солмайсиз - ахир, бу шахсларнинг барчаси мустақил маънодан маҳрум. Улар ёмон актёрлар, бировнинг матнини ўқиш, қўпол сиёсий ўйин қуроллари. Ҳамма нарса шунчалик «оқ ип билан тикилган»ки, ишонч юзага келарди: давлатнинг қудратли кучи заифлашиши билан иплар бўшалиб кетарди. Бу заифлашувнинг сабаби, мен ўйлаганимдек, қандайдир табиий жараён - иқтисодий инқироз, раҳбарнинг машҳурлиги пасайиши, ҳокимиятда авлодлар алмашинуви бўлиши мумкин.

Инқироз сунъий фигураларни майдондан супуриб ташлайди: "сиёсатчилар" ва "журналистлар" (ҳа, қўштирноқ ичида) шунчаки эфирдан йўқ бўлиб кетишади, чунки улар худди машина каби, фақат давлат озуқасига уланган ҳолда ишладилар. Россия фуқаролари тўсатдан хушларига келишади ва манзара қандай бузилаётганини кўришади. «Алиса мўъжизалар мамлакатида»нинг тугашини эсланг: қирол, малика, рицарлар ва судьялар тўсатдан шунчаки ўйин қартаси бўлиб чиқди. Ёки "Қатлга таклифнома" нинг охири: "Бўрон чангни, латталарни, бўялган чўпларни, зарҳал гипснинг майда бўлакларини, картон ғиштларни чирпирати, олиб кетди ..."

Аммо бугунги кунда ракеталар, снарядлар ва бомбалар украинлар ва русларга ҳақиқий ўлим келтиради. Бугун Украина замини бўйлаб авж ураётган бўрон мутлақо ҳақиқий, вайроналар ва ғиштлар эса жуда аниқ вайроналар ва ғиштлардир. Путиннинг муқобил ҳақиқатига жиддий муносабатда бўлмаслик мен ҳам йўл қўйган кенг тарқалган ва фожиали хато эди. Бу сиёсатнинг виртуаллик ҳисси алдамчи эди. Манзара синган зарҳал гипсга айланмади, тошлар картонга айланмади. Айнан тескариси: овқат учун ёлланган рассомлар томонидан чизилган қўпол театр пардаси моддийлашиб, ўлим ва азобга айланди.

Мен урушдан олдин бунинг имкони бўлган манзарани бузишга уринишда ўзимнинг чуқур муваффақиятсизлигимни биламан. Улар ўз-ўзидан қулаб тушади, деб ишончим комил эди.

Қандай қилиб фикрлаш дунёни ўлдириши мумкин

Ҳаёт, виждон, истеъдод ва эътироф сотиб олинади ва сотилади, деб ишониш - бу дунёга нотўғри, нафратга муносиб қарашдир. Аммо бугун биз тушуниб етдикки, тубанлик ва нафрат ҳақиқий инсоният фожиасига сабаб бўлиши мумкин. Бир пайтлар ҳамма нарса сотилиши ва сотиб олиниши, жамиятни эгаллаб олиш, бўйсундириш ва унинг ўрнида ўзининг, пули тўланган воқелигини яратиш мумкинлигига ўзини ишонтирган инсон нафақат ўз мамлакатини, балки бутун дунёни ҳалокат ёқасига олиб келди.

У кўп йиллар давомида давом этган ҳақиқат билан урушни энди у Украина халқига ва бутун инсониятга юкламоқда. У нафақат ўзининг пулини тўлаб қўйган воқеигига ишонди, балки уни моддий дунёдаги ҳаракатлар учун асос қилди. Унинг қардош мамлакатда қисқа муддатли ҳарбий операция ўтказиш режаси ўзи қурган фантастика асосида қурилгани энди маълум бўлди. Афтидан, у "ҳақиқий" - яъни "унинг" давлати томонидан куч ишлатиш "сохта" Украина давлатчилигининг бир зумда қулашига олиб келишини кутган эди. Унинг олдида ўзига душман бўлган баъзи кучлар - америкаликлар, европаликлар буйруғи билан қурилган декорация турибди, деб ўйлади. У ўзи тузган "рейтинг" рус жамияти томонидан унинг ҳаракатлари учун ҳақиқий ёрдамга айланишига ишонганга ўхшайди.

Путин Украина жамияти у рус жамиятини суиқасд ва таҳдидлар орқали айлантирган арзон театр эканлигига ўзини ишонтирди. У украиналиклар - жанг майдонидаги оддий аскарлардан тортиб, у нафратланган мамлакатнинг юқори раҳбариятигача – ўйин қарталарига айланади ва унинг ҳокимиятини тан олади деб ўйлаган. Украина президенти комедиячи, Киев мери боксчи, ким бўлибди ўзи улар? Афтидан, у бугунги Украина ва бутун демократик дунёдан психологик ва маънавий устунликка эга эканлигига жиддий ишонганга ўхшайди. Унинг дунёга нотўғри қараши унинг барча "устунлик"нинг ўз ҳазиллари томонидан ўйлаб топилганлигини тушунишга тўсқинлик қилди. Кўп йиллар давомида унинг телевидениеси ва матбуотида битта мижоз ва битта ҳақиқий томошабин бор эди - ўзи. Ўз ёлғонлари билан ўзини заҳарлади.

Унинг ҳеч кимдан маънавий устунлиги йўқ. У фақат ҳарбий кучда устунликка эга. Аммо бу афзалликни амалга ошириш учун аниқ вазифа, хотиржамлик ва тўғриликни англаш керак. Бу урушда фақат Украина ва украиналикларнинг аниқ миссияси, хотиржамлиги ва ҳақлигини англаш бор. Эҳтимол, энди у ўз ихтиёрида бўлган барча ҳалокатли қуроллардан фойдаланиш ёки фойдаланмаслик танлови олдида тургандир. Бу кўпроқ ўлим ва азоб-уқубатларни келтириб чиқаради. Лекин бу, моҳиятан, ҳеч нарсани ўзгартирмайди.

Буни жангларнинг бориши ҳам тасдиқлайди

Унинг реал воқелик билан уруши шахсий иши бўлиб қолиши керак эди. Бутун дунёга нафрат ва ғазабда яшашни истасангиз, хоҳлаганингизча яшанг. Аммо у рус халқига куч билан, манипуляция ва ёлғон билан ўз борлигини юклади. Кўп йиллар давомида у ўзининг "рейтинглари" га ўзи учун мавжуд бўлган барча воситалар билан эришди. Россия жамиятини ўзи билан куч ва таҳдидлар билан боғлаб, у бир пайтлар украиналиклар билан биргаликда битта умумий ва адолатли урушда қатнашган ўз халқининг ўзига хослигини қадрсизлантирди.

У нафақат ўзини, балки Россияни ҳам заҳарлади. У дунёда ҳамма нафақат унга, балки бизга, россияликларга ва русларга ҳам нафрат билан қарашини олдиндан белгилаб қўйди. Кўп йиллар давомида биз дунёни "биз ундай эмасмиз", "бу биз эмас" деб ишонтира олмаймиз. Кўп йиллар давомида - Путиндан кейин биз Россияда сиёсий безаклар ва уйдирмалардан холи ижтимоий тизим қуришимиз керак бўлади.

Россия бу урушни бошлаши биланоқ маънавий жиҳатдан ютқазди. Жанг майдонларидаги воқеалар қандай бўлишидан қатъи назар, Россия бу урушда сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий бирлик, мамлакат сифатида, дунёнинг бир қисми сифатида мағлуб бўлди. Бир пайтлар деганда - аниқлаштирмасдан - одатда Улуғ Ватан уруши кўз ўнгимизга келарди. Энди бу сўз бошқа маънога эга. Аниқлаштиришсиз ва сифат белгиларисиз уруш - бу мени ва барча россияликларни ўзи яратган фалокат учун жавобгар қилиб қўйган урушдир.

Абу Муслим таржимаси