Moodyʼs халқаро рейтинг агентлиги Россиянинг суверен кредит рейтингини “ахлат” В3 дан салбий прогнозли дефолтдан олдинги Cа даражасига туширди. Бу ҳақда агентлик сайтида хабар берилди.
Moodyʼs агентлигининг таъкидлашича, рейтингнинг пасайиши “Россиянинг давлат облигациялари бўйича ўз қарз мажбуриятларини тўлашга тайёрлиги ва қобилияти борасидаги жиддий хавотирлар” билан боғлиқ.
Moodyʼs агентлиги Украинадаги уруш бошланганидан бери Россиянинг кредит рейтингини иккинчи марта пасайтирди. 3 март куни агентлик Россия рейтингини бирданига олти поғонага пасайтирди – инвестицион Ваа3 дан “ахлат” В3 га.
Fitch агентлиги 3 март куни Россиянинг хорижий валютадаги узоқ муддатли эмитент дефолт рейтингини (РДЭ) ВВВ дан В га туширди; шу билан бирга, рейтинг пасайтириш имконияти билан қайта кўриб чиқилади.
S&P агентлиги худди шу куни Россиянинг суверен кредит рейтингини CCC- тоифасигача пасйтирди. Агентлик таснифида бу шуни англатадики, дефолт рискидан фақат ижобий конъюнктура мавжудлигида қутулиб қолиш мумкин.
5 март куни Россия президенти Владимир Путин россиялик қарздорларнинг "дўстона бўлмаган" мамлакатлардан кредиторларга йирик карзларни рублда тўлашга рухсат бердиган фармон имзолади.