Украинага ҳарбий бостириб кириши фонида Россия ичидаги вазият бир қатор иқтисодий соҳаларда тез ёмонлашишда давом этмоқда. Россиянинг минтақавий оммавий ахборот воситалари маҳаллий дўконларда озиқ-овқат билан боғлиқ муаммолар бошлангани ҳақида хабар беришди. Гувоҳлар ва журналистлар маҳсулотларсиз бўш жавонлар, шунингдек, товарларнинг асосий гуруҳлари нархининг кескин кўтарилиши ҳақида ёзяпти.
Россиянинг “Тайге.инфо” газетаси журналистлари Иркутскдаги маҳаллий “Лента” озиқ-овқат тармоғидаги ярим бўш пештахталар суратларини чоп этишди.
«Ашан» гипермаркетида ҳам пештахталардан маҳсулотлар тезда йўқолиб бормоқда.
Журналистларнинг таъкидлашича, санкцияларнинг иқтисодий оқибатларидан қўрқиб кетган россияликлар дўкон пештахталаридан энг зарур маҳсулотлар, жумладан, ун, дон ва шакарни оммавий равишда супуриб олмоқда.
Озиқ-овқат ваҳимасини тўхтатишга уриниб, Россия ҳукумати ва дўконлар маъмурияти бир кишига сотиладиган маҳсулотлар миқдорини чеклади.
Озодлик радиосининг ишғол қилинган Қримдаги журналистлари ҳам ярим бўш жавонлар ҳақида хабар беришади. Симферополда қримликлар озиқ-овқат маҳсулотларини оммавий равишда сотиб олишмоқда, дўкон ишчилари ассортиментни тўлдиришга вақтлари йўқ. "Метро" гипермаркетлари тармоғида журналистлар гречка, гуруч, ун, макарон етишмаётганлигини қайд этишди.