Россия Федерацияси Ғарб санкциялари киритилгандан сўнг 300 миллиард долларлик захирадан маҳрум бўлди. Бу Россия олтин-валюта захираларининг ярмига тенг.
Ушбу баёнотни Россия Федерацияси Молия вазирлиги раҳбари Антон Силуанов "Россия 1"телеканали эфирида эълон қилди.
Унга кўра, Россия Федерацияси олтин ва валюта захираларининг умумий миқдори 640 миллиард долларни ташкил қилади. Бугунги кунга келиб, Ғарб томонидан жорий этилган санкциялар натижасида Россия томони юқоридаги миқдордан 300 млрд долларидан фойдалана олмайди.
Вазир, шунингдек, Россия захираларининг бир қисми Хитой миллий валютаси юанида сақланишини айтди. Энди Ғарб давлатлари Пекинни Россиянинг ушбу маблағларга киришини музлатиб қўйишга, шунингдек Москва билан савдони чеклашга ҳаракат қилмоқдалар.
Захираларнинг бир қисмидан фойдаланиш ҳуқуқини йўқотгандан сўнг, Россия ҳукумати суверен қарзни, шу жумладан чет эл валютасида кўрсатилган қарзни рублда тўлашни режалаштирмоқда.
Шуни таъкидлаш керакки, Россия захира фондларидан музлатилган маблағлар Россия Федерациясига қарши санкциялар киритган давлатларнинг облигацияларига жойлаштирилган.