loader
Foto

Арестович: фронт "жим бўлди", Россия армиясида қатағонлар бошланди

Украина қуролли кучлари ва Россия босқинчи қўшинлари тактик жангларни давом эттирмоқда, Украина армияси самаралироқ, аммо умуман олганда, фронт "жим бўлди", чунки ҳеч бир томон вазиятни ўз фойдасига буриш учун ресурсларга эга эмас.

Бу ҳақида якшанба куни бўлиб ўтган брифингда Украина президенти офиси раҳбари маслаҳатчиси Олексий Арестович маълум қилди.

Унинг таъкидлашича, ҳозирда босқинчилар Украина шаҳарларига деярли ракета зарбалари бермаяпти, шунингдек, авиациядан ҳам фойдаланмаяпти.

Россия армияси қўмондонлиги ўз зиммасига юкланган вазифаларни бажара олмаганидан сўнг, РФ Қуролли Кучларида қатағонлар бошланди, юзлаб ҳарбий хизматчилар ҳақоратли текширувларга дучор бўлдилар, улар ҳарбий ҳаракатларда қатнашишдан бош тортганликда айбланмоқда. Қатағонлар юқори мартабали офицерларга, шу жумладан генералларга ҳам дахл қиляпти.

Ўз навбатида, Президент офиси раҳбарининг яна бир маслаҳатчиси Михаил Подоляк ҳужум операцияси муваффақиятсизликка учрагач, Россия кўпроқ вайронкор артиллериядан фойдаланишга ўтганини таъкидлади. Хусусан, "Кинжал" ва "Бастион" каби тизимлар қўлланиляпти. Бундан ташқари, Россия раҳбарияти зудлик билан захираларни қидирмоқда, масалан, КХШТга (ОДКБ) аъзо мамлакатларни Украинага қарши урушга қўшилишга кўндиришда давом этмоқда.

Аввалроқ Арестович Россия армияси Украинада янги ҳужум тўлқинини бошлашга қарор қилса, яна 10 минг кишини йўқотишини башорат қилган эди. Президент офисининг хабар беришича, Киев музокараларда ўз таклифлари билан Москвани ҳайрон қолдиради.

Бундан олдин, Арестович урушнинг тугаши учун иккита сценарийни айтди. Улардан бири икки ҳафтагача давом этадиган музокаралар натижасида сулҳ тузилишини назарда тутади.