loader
Foto

New York Times: «Толибон» 490 та собиқ афғон амалдорлари ва ҳарбийларини ўғирлаб кетиб, ўлдирди

«Толибон» етакчиси Ҳайбатулла Ахундзада 2021 йил августида Афғонистонда ҳокимият тепасига келгач, умумий амнияти эълон қилган эди.

Тергов маълумотларига кўра, журналистлар биргина Бағлон вилоятида 86 та қотилликни тасдиқлашган ва Қандаҳорда яна 114 киши бедарак йўқолган. Нашрнинг хабар беришича, Афғонистоннинг барча 34 вилоятида йўқолиш ва қотилликлар қайд этилган. Газетага кўра, «Толибон» "амнистияни аскарларни яширинган жойларидан алдаб чақириб олиш учун тузоқ сифатида фойдаланган".

«Улар мени полиция бўлимига чақиришди. Мен амнистия бўлгани учун бир-иккита савол беришлари мумкин, деб ўйлагандим... Улар мени калтаклай бошлашди, кейин қудуққа ташлаб, «Сен бизга қарши урушдинг, кўп йиллар давомида ва қанчадан-қанча энг яхши инсонларимизни ўлдирдинг» дейишди. Мен ҳақиқатан ҳам мени ўлдиришади деб ўйлагандим... Шунчаки кўп аскардошларим ҳам қудуққа ташланди. Бу ваҳшийликлар ҳозиргача давом этмоқда», деб ўзини хавфсизлик кучларининг собиқ қўмондони деб атаган бир кишининг сўзларини келтиради нашр.

Қайд етилишича, газета ходимлари етти ой давомида текширув ўтказган. Маълумотларни текшириш учун улар турли усуллардан, жумладан, суд-тиббий экспертизадан ўтказиш, маҳаллий ОАВ хабарлари тўғрилигини тасдиқлаш, омон қолганлар, гувоҳлар ва қурбонларнинг оила аъзолари билан суҳбатдан фойдаланишган. Журналистлар инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотлар маълумотларини ҳам таҳлил қилишди.

2021 йил август ойи бошида Толибон Афғонистон ҳукумат кучларига қарши ҳужумни кучайтирди, 15 августда Кобулга кирди ва эртаси куни уруш тугаганлигини эълон қилди.

Август ойининг сўнгги икки ҳафтасида АҚШ ҳарбийлари ҳимоясида бўлган Кобул аэропортидан Ғарб фуқаролари ва улар билан ҳамкорлик қилган афғонлар оммавий эвакуация қилинган эди. 31 августга ўтар кечаси америкалик ҳарбийлар Кобул аэропортини тарк этиб, АҚШнинг Афғонистондаги қарийб 20 йиллик ҳарбий иштирокига якун ясади.

Сентябр ойи бошида Афғонистоннинг биринчи Толибон ҳукмронлиги даврида ташқи сиёсатга масъул бўлган ва 2001 йилдан бери БМТ санкциялари остида бўлган Муҳаммад Хасан Охунд бошчилигидаги муваққат ҳукумат таркиби эълон қилинди.