loader
Foto

Россия элитаси Ғарбга, жумладан, ядровий қурол устидан назоратни ўрнатишга имкон беради

Украинадаги урушни тугатишнинг иккита варианти ҳақида

- Охирги марта икки ой олдин, 22 феврал куни гаплашгандик. Ўша кунларда, уруш бошланишидан бироз олдин, сиз, менимча, ажойиб матнни нашр қилдингиз. У ерда уруш бошланиши башорат қилинган эди ва сиз украиналиклар жасорат ва қаҳрамонлик кўрсатиши керак ва уларда ғалаба қозониш имконияти бор, деб таъкидладингиз. Бугун биз биламизки, Ғарбда деярли ҳеч ким Украинанинг ғалаба қозониши эҳтимолига ишонмаган, шу жумладан АҚШ разведка идоралари ҳам. Сизнингча, бу уруш қандай ва қачон тугайди?

- Бу уруш иккита натижага олиб келиши мумкин, лекин иккаласи ҳам Путин Россияси фойдасига эмас. Биринчи натижа - Москвадаги элита тўнтариши, мен бу ҳақда икки ой олдин, уруш бошланганидан сўнг дарҳол гапирган эдим ва ҳозир такрорлайман. Бу эҳтимоли жуда катта бўлган сценарий.

Қуйидан инқилобини кутмаслик керак. Биз ҳаммамиз инқилоб ҳақида кўп гапирадиган Совет тарихи томонидан маълум даражада бузилганмиз. Денгизчи югуради, аскар югуради, отишма... Бундай бўлмайди. Аскар билан денгизчи Кремлга югурмайди.

Аммо тепадаги давлат тўнтариши эҳтимоли жуда юқори сценарий бўлиб қолмоқда, чунки Путин сиёсати Россияни, шу жумладан унинг элитасини тобора комга тортмоқда. Улар Путин бошқарувидан буни кутмаганди. Улар Ғарб дунёсидаги фаровонлик, бойлик, фаровон ҳаётни кутишган. Аммо буларнинг ҳеч бири содир бўлмади. Энди улар нима учун Путинга хизмат қилишлари умуман тушунарсиз. Улар унинг нуқтаи назарини баҳам кўрмайдилар, украиналиклар ҳам нацистлар деган фикрга қўшилмайдилар.

Шунинг учун, менимча, тепада давлат тўнтариши бўлади ва шундан сўнг дарҳол Украинадаги уруш тугайди. Кейин Ғарб билан савдолашиш бошланади - у қандай шартларда Россиядан санкцияларни олиб ташлайди ва бунинг учун нима қилиши керак.

Иккинчи, кўпроқ қонли вариант - Украина қўшинларининг муваффақияти. У охир-оқибат, шубҳасиздир.

Ғарб давлатлари мудофаа вазирларининг Рамштейндаги учрашувидан сўнг АҚШдан Исроилгача, Буюк Британиядан Япониягача, Норвегиядан Австралиягача бутун цивилизациялашган дунё Россиянинг Украинадаги тажовузига қарши бирлашгани маълум бўлди. Бунда улар маънавий жиҳатдан эмас, балки аниқ - қурол, технология ва пул етказиб бериш орқали бирлашдилар. Бундай вазиятда Россия ғалаба қозона олмайди. Россияда блицкриг имконияти бор эди, лекин у муваффақиятсизликка учраганида, уруш бошланганидан бир ҳафта ўтгач, мен уруш аллақачон бой берилганлигини айтдим. Урушда ғалаба қозонишнинг ягона имконияти бир неча кун ичида блицкриг эди.

Аммо ҳозирча Россия Украинадан қурол-яроғ миқдори ва сифати бўйича устунликка эга. Апрел ойининг охиридан май ойининг охиригача кейинги ой оғир бўлади, оғир жанглар ва, эҳтимол, Украина армиясининг баъзи тактик чекинишлари бўлади. Аммо бу вақт ичида Украина кучли қуроллар билан таъминланади. Американинг 155 мм гаубицаларининг ярми аллақачон Украинада эканлиги маълум бўлди.

Шундай қилиб, май ойининг охири - июннинг бошида ҳарбий бурилиш бўлади, бу аниқ ва шундан кейин Украина армиясининг қарши ҳужуми бошланади. Россия армияси мағлубиятга учрайди, бу деярли муқаррар. Ҳеч бир давлат бутун цивилизациялашган дунёга қарши кураша олмайди, бу айниқса жаҳон ялпи ички маҳсулотининг 2,5 фоизини ташкил этадиган Россиянинг қўлидан келмайди.

Демак, иккинчи вариант - шиддатли жанглар ва Украинани Россия босқинидан бутунлай озод қилиш. Британия ташқи ишлар вазири Элизабет Трасс 28 апрел куни айтганидек, тўлиқ озод қилиш Донбасснинг ҳам, Қримнинг ҳам озод этилишидир. Ва бу содир бўлиши мумкин.

"Путиннинг ядро қуролидан фойдаланиш билан таҳдидлари сарой тўнтаришининг яна бир аргументидир"

- Сиз билан 28 апрел куни гаплашяпмиз. 27 апрел куни эса Путин ядро қуролидан фойдаланиш бўйича янги таҳдидлар билан чиқди. Нима деб ўйлайсиз, агар Украина армияси ғалаба қозонса, глобал фалокат ҳали ҳам юз бериши мумкинми?

— Ҳа, Путин ўзини худди 1940-йилда Гитлер қандай тутган бўлса, шунда тутяпти, Гитлер Англия учун бўлган жангда уни шунчаки кимёвий қурол – иприт гази билан тўлдиришини айтганди. Аммо бунга жавобан у ўша пайтдаги нейтрал Қўшма Штатлар ва Буюк Британиядан бутун бошли Германияни бир вақтнинг ўзида иприт гази билан тўлдириш ҳақида баёнотни эшитди.

Ва Гитлер Иккинчи Жаҳон урушининг охиригача кимёвий қуроллардан фойдаланмади, гарчи унинг омборларида улар кўп бўлса ҳам. Урушнинг сўнгги кунларида ўз халқини ҳақиқий орийлар эмаслигини айтиб, метрода чўктириши мумкин эди, лекин ҳеч қачон кимёвий қурол ишлатмаган.

Бу ерда мен ҳозир эквивалент жавоб бўлади деб ўйлайман. Путиннинг айтишича, унинг яшин тезлигида қуроллари бор, аммо бутун цивилизациялашган дунё, жумладан, ядровий давлатлар ҳам етарлича ядро қуролига эга, бундан ташқари уларда ракетага қарши мукаммал, замонавий тизимлар мавжуд. Ва "яшин тезлигида зарба" га жавоб фақат битта нарсани англатади - Россиянинг тўлиқ ҳалокати. Жумладан, Путин ва унинг барча атрофидагилар. Бункерда яширинган тақдирда ҳам, улар кейинроқ чиқарилади ва инсоният уларни суд қилади.

Демак, Путин ядровий зарба инсониятнинг ўлимига олиб келмаслигини, балки Россиянинг ўлимига ва унинг шахсий ўлимига олиб келишини яхши тушунади. Албатта, инсоният жуда кўп азоб чекади, қийин вазият бўлади, лекин барибир бу цивилизациялашган дунёнинг Россия устидан қозонган ғалабаси бўлади. Шунинг учун, менимча, Путин ва унинг атрофидагилар Россияда ядро қуролидан фойдаланиш даражасида ақлдан озишмаган..

Шундай экан, Путиннинг 27 апрелдаги баёноти юқоридаги давлат тўнтариши фойдасига гапирадиган яна бир далилдир. Ахир, агар Путин, миш-мишларга кўра, унинг ўлиши ёки тириклиги ҳақида қайғурмаса, демак, бошқа одамларга барибир эмас. На Патрушев, на Бортников, на ФСБ ва армиянинг ёш генераллари, на Қодировга барибир эмас...

Демак, Путин ўз атрофидагиларни йўқ қила оладиган хавфли шахс. Шунга кўра, Путиннинг атрофидагилар унинг ўзидан қутулгани маъқул.

Охир-оқибат, шунга ўхшаш нарса, афтидан, 1953 йил март ойида содир бўлди, Сталиннинг атрофидагилар, унинг Учинчи Жаҳон уруши режалари ҳақида билишганида (ҳозир бу режалар ҳақида ҳамма билади, улар Шарқий Европа архивлари туфайли нашр этилган) атом урушида ўзларини йўқ қилиш хавфи остида қолмаслиги учун уни олиб ташлашга қарор қилишган.

"Бу нацизм эмас, бу Путин қўшилган КГБ генералларининг кексалар ностальгияси"

- Сиз яна ҳаммага, сўнгги икки ой ичида Москвада сарой тўнтариши бўлиши мумкин эмаслигини таъкидлаб келаётган кучли таҳлилчилар жўр оаозига қарши чиқяпсиз. Сўнгги икки ой ичида Россия ва Россияда содир бўлаётган воқеаларни фалсафий, сиёсатшунослик ва тарихий таҳлил қилишга уринишлар сони кескин ўсди. Владимир Пастухов Россияда ҳозир содир бўлаётган воқеаларни ўзига хос "миллий ҳаракат" деб атайди. Ва баъзи кузатувчилар бу Украинада ўзини намоён қилган рус фашизми ёки нацизми ва бу Украинани эмас, балки Россияни денацификация қилиш кераклигини таъкидлайди. Бу ҳақида қандай фикрдасиз?

— Бир олимнинг бошқасига мен ҳозир бўлиб турган Москвада менинг ҳамкасбим Пастухов бўлиб турган Оксфорддан кўра яхшироқ кўринади, деб айтиш бироз ноқулай, лекин менимча, Россияда ҳозир ҳеч қандай миллий ҳаракат йўқ. Уни ҳокимият яратишга ҳаракат қилади.

Биласизми, ҳозир бизга ҳатто коммунал тўловлар қоғозлари ҳам Z ҳарфи билан келади. Худди шу ҳарфларни давлат такси компаниялари машиналарига ҳам ёзишга мажбур. Ва одамлар ёзмайди, ёзадиганлар сони бармоқ билан санарли. Баъзан бу фургонларга бармоқ билан кирга ёзилади ва бу жиддий эмаслиги дарҳол аён бўлади. Айтмоқчиманки, Россияда урушни қўллаб-қувватловчи миллий ҳаракат йўқ.

Аксинча, бошқа бир туйғу бор - чуқур тушкунлик ҳисси. Ахир мен, 70 ёшга кирган одам ҳам, ҳеч қачон катта уруш олиб борган мамлакатда яшамаганман. Афғонистондаги уруш узоқда ва чекланган контингент томонидан олиб борилди ва шунга кўра, у Россия томонидан бутун дунёга қарши олиб борилган уруш каби ҳис қилинмади. Ҳа, ундай эмасди. Ҳозир эса бу бутун дунёга қарши уруш ва буни ҳамма ҳис қилмоқда. Мен учун бу янги тажриба, мен 1952 йилда туғилганман, учинчи жаҳон уруши, Худога шукур, бўлмаган.

Мен Москвадаги одамларга қарайман ва бу жуда катта тушкунлик, тушунмаслик ҳисси – нималар ва нега рўй бераётганини тушунмасликни кўраман. Албатта, бу урушни иштиёқ билан қабул қиладиган одамлар бор, лекин улар кам, бу арзимас озчилик. Агар булар ўз карьераларини қандайдир "Единая Россия" га қурмоқчи бўлган сиёсатчилар бўлмаса, демак, бу арзимас озчилик, православ империалистлар орасида шундайлар бор. Аммо бу оммавий ҳаракат эмас - бундай ҳаракат йўқ.

Немис фашизми ҳам, итальян фашизми ҳам оммавий қуйи ҳаракатлардир. Гитлер нацизмни яратмади, нацизм Гитлерни яратди. Биринчи жаҳон урушидан кейин Германиянинг орқасига пичоқ санчилган деган туйғу кенг тарқалган бўлиб, қасос олиш истагини уйғотди. Гитлер буни шунчаки ифода этди.

Муссолинининг севимли ибораси бор эди - "алданган иттифоқчи". Италияликлар тўкилган қон учун жуда оз нарса олишганига ишонишди ва бу улар орасида фашизмни келтириб чиқарди.

Россияда шунга ўхшаш нарса йўқ. Баъзи одамлар, айниқса, кекса авлод вакиллари қандайдир империяча туйғуларига эга. Аммо бу кекса одамлар, улар бизга оёқларини артишларига йўл қўймаймиз дейишади, лекин бу одамлар энди сиёсатни ҳаракатга келтирмайди. Ёшлар эса улар орасида йўқ.

Шунинг учун, менимча, бу рус фашизми эмас, рус нацизми эмас, бу Россияни 105 йилдан бери бошқариб келаётган КГБнинг Украинага қарши тажовузкорлигида нимагадир таяниш мақсадида ана шу оммавий ҳаракатни яратишга уринишидир, бу КГБ-коммунистик элита Украинадан шундай нафратланади, чунки, Путин уруш арафасида ўз нутқида тўғридан-тўғри айтганидек, у ерда муваффақиятли декоммунизация амалга оширилмоқда. Бунинг учун улар Украинадан нафратланадилар.

Қаранг, қайси шаҳарда рус қўшинлари кирган бўлса, хоҳ Херсонми, хоҳ Изюмми, у ерда рус эмас, советларнинг қизил рангдаги, ўроқ ва болғали байроқлари кўтарилади, совет кўчалари номи қайтарилади, Ленинга ҳайкаллар ўрнатилади. Бу қандай ресентимент экани аниқ. У ёшлар учун бегона. Бу Путин қўшилган КГБ генералларининг кексалар ностальгиясидир.

"Россия ва Белоруссиянинг барча муаммолари тизимли декоммунизация йўқлиги ва элитанинг ўзгариши билан боғлиқ"

-Нима учун бу улар билан ва Россия билан содир бўлди? Нега улар Ғарбдан ҳақиқий ва фаразий орқада қолишларини қоплаш учун империя ва императорлик усулини танладилар? Ахир, улар ўз фарзандларини Ғарбга юборишади-ку.

- Ҳаммаси жуда оддий содир бўлди. Айтганча, Беларусияда бўлгани каби. На Россияда, на Белоруссияда, на Қозоғистонда тизимли декоммунизация амалга оширилмади. Бизда Польша, Чехия ёки Венгрияда бўлиб ўтган элита ўзгариши бўлмади. У ерда коммунистик элита 1917 йил инқилобидаги элита алмашинуви пайтида бўлгани каби, мулойимлик билан, оммавий террорсиз чиқиб кетди. Аммо КГБ бутунлай тарқатиб юборилди, куч тузилмалари янгидан, судлар янгидан яратилди.

Буларнинг ҳеч бири Россияда ҳам, Беларусда ҳам содир бўлмаган. Айтганча, Украинада ҳам фақат қисман содир бўлди. Шу сабабли, Украинада ҳам бу жуда қийин жараён, фақат 2014 йилда бошланган ва яхши кетаётгани йўқ. Мен Украинани Порошенко даврида бошқарган одамлар билан гаплашдим ва улар буни янада изчил қилиш кераклигини айтишди.

Шунинг учун, Россияда, аслида, Совет ҳокимияти давом этмоқда. Беларусияда ҳам. Ҳар икки давлат ҳам нормал ҳолатга келиши учун империяга қарши эмас, балки ўзининг коммунистик меросига, коммунистик ўтмишига қарши курашиш керак.

Албатта, бу ҳам империяча, лекин фақат сўзнинг қисман маъносида. Россияда собиқ империяларга хос хусусиятлар кўп эмасди. Масалан, унинг ҳуқуқсиз чеккаси ва тўла ҳуқуқли маркази бўлмаган, ҳамма бирдек ҳуқуқдан маҳрум бўлган ва бир хил ҳуқуқлардан фойдаланарди. Бу тоталитар давлат эди.

1945 йилдан кейин Германияда содир бўлган нарса - мамлакатнинг денацификацияси, Россияда ҳам бўлиши керак - бу Россиянинг декоммунизацияси. Путинга нисбатан бундай нафратни келтириб чиқарадиган Россиянинг умумий, тизимли декоммунизацияси Россия ва Белоруссиянинг оддий мамлакатларга айланишига имкон берадиган ягона калитдир.

Биз буни ўз вақтнинг ўзида қилмаганмиз ва шунга кўра, номал давлатга айланмадик. Ва биз буни қилмагунча айланмаймиз ҳам.

"Россия элитаси Ғарбга, жумладан ядровий қурол назорати бўйича катта ён босади"

-Гарри Каспаров яқинда ёзган эдики, Россия давлати парчаланиб, янги демократик тамойиллар асосида қайтадан барпо этилиши керак. Россия ҳақида ўйлаганимда, мен уни қайта форматлашни умуман тасаввур қила олмайман деб ўйлайман. Демократик ва империя бўлмаган Россиянинг шаклланишини тасаввур қила олмайман. Масалан, Германияда 1945 йилда босқинчилар қўшинлари мавжуд эди. Россияда ядро қуроли борлиги сабабли у ишғол бўлмайди. Қандай қилиб янги Россия туғилиши мумкин? Ким ва нима ёрдам беради? Сиз айтаётган тўнтаришми?

-Тўнтариш ҳам. Балки, у эмас. Оккупация бўлиши шарт эмас. Энг муҳими, Россия энди бутун цивилизация дунёсидан яккаланиб қолган. Ва ҳар куни бу изоляция фақат кучаяди.

Биз Москвада буни аллақачон аниқ ҳис қилмоқдамиз. Бу ҳозирча майда-чкуйда нарсалар, дўконлардаги баъзи таниш маҳсулотлар, маиший кимё ва автомобиллар учун эҳтиёт қисмлар ғойиб бўлди. Аммо омборларда захиралар мавжуд экан, бу фақат бошланиши. Аммо янги санкциялар пакетлари тайёрланмоқда ва қабул қилинмоқда ва Россия даҳшатли аҳволга тушиб қолади. Ҳозирги, Путин Россияси энергия ресурсларини сота олмайди ва шунга мос равишда бунинг учун пул ололмайди ва энди жаҳон ҳамжамиятининг бир қисми бўлишга кўникиб қолган йирик давлат бутун дунёдан узилиб қолади.

Шунинг учун суҳбатимиз бошида гапирган нарсамиз амалга ошади. Путиндан кейинги янги элита ҳокимиятга демократик йўл билан келадими ёки йўқми, Россиянинг дунёдаги ўрнини тиклаш учун Ғарб билан мулоқотга киришади. Бусиз яшаш мумкин эмас. Бусиз, элитани оч одамлар супуриб ташлайди. Ва элитанинг ўзи яхши яшашни хоҳлайди. Шундай қилиб, бу савдолашиш бўлади. Ва элита ҳеч қандай ишғол қилмасдан, дунё билан муносабатларини тиклаш учун, жумладан, ядровий қурол назорати бўйича катта ён беришади - чунки улар Россияга энди ҳеч ким ишонмаслигини тушунишади.

Биласизми, Каспаров шахмат ўйнайдиган одам, у доскадан доналарни олиб ташлаб, сўнг янги ўйин бошлаш учун уларни яна ўша ерга қўйиши мумкин. Аммо мамлакат билан буни қила олмайсиз. Россия халқи минг йиллик маданият ва минг йиллик тарихга эга халқдир. Россияни қайта ишга тушириб бўлмайди. Сиз одамларнинг онгини тозалай олмайсиз. Бинобарин, қайта тиклаш эмас, балки ўзгартириш, ислоҳ қилиш керак, қанча кам қон тўкилса, шунча яхши.

Шунинг учун, мен айнан Ғарб билан, цивилизациялашган дунё билан муносабатларни тиклаш истаги Россияни декомунизация қиладиган восита бўлишига ишонаман. Демилитаризация (буни таъкидлайман), декорпоратизация - яъни бу давлат корпорациялари йўқ қилинади ва демократлаштирилади.

Ғарб келажакда Россия диктаторлари ва олигархлари билан мулоқот қилишга ҳеч қачон рози бўлмайди. Энди Ғарб кўз юмганини, Путин билан мулоқотга киришганини ва мана шу натижага эришганини тушунди. Бошқа бундай бўлмайди.

Демократия мукаммал эмас, лекин у мамлакатни бундай диктаторнинг аҳмоқликларидан ҳимоя қилади. Шунинг учун Ғарб Россияни демократлаштиришни талаб қилади.

Шунинг учун, урушдан кейинги Германия учун Потсдам конференциясида қабул қилинган тўртта "Д" (денацификация, демилитаризация, демократлаштириш, децентрализация), фақат денацификацияни декоммунизация билан алмаштирган ҳолда, ҳеч қандай ишғол қилмасдан, рус элитаси қайта жаҳон ҳамжамиятининг бир қисми бўлиш учун қабул қилишга мажбур бўлади.

Қандай қилиб Германия нацизмдан кейин аста-секин жаҳон ҳамжамиятининг бир қисмига айланган бўлса, Россия билан ҳам шундай бўлади.

"Белорус халқи ва белорус тили бор, украин халқи ва украин тили бор"

- Биз Кремлнинг ҳозирги империяча чизиғини қанча одам қўллаб-қувватлаётганини билмаймиз. Расмий рус социологиясига ишониш мумкин эмас. Аммо биз тарғибот ҳали ҳам Россия фуқароларининг қарашларига таъсир кўрсатаётгани ҳақидаги аниқ ҳақиқатни ҳам инкор эта олмаймиз. Империяча нарратив одамларнинг миясидан ўрин олган ва бу баъзи зобитлар ва ижодкор зиёлиларда ҳам мавжуд. Беларуслар ва украинлар йўқлигига, "биз бир халқмиз", Россия ҳар доим Ғарб билан қарама-қаршиликда кўтарилганига, импорт ўрнини босишига ва ҳоказоларга ишонадиган ўн миллионлаб одамлар билан нима қилиш керак? Ахир бундай одамлар ҳам, бундай қарашлар ҳам ҳеч қаерга кетмайди.



-Бу жараён қандай ривожланишига боғлиқ. Агар жараён етарлича узоқ давом этса, унда одамлар импорт ўрнини босиш мумкин эмаслигини, уларнинг ҳаёти анча ёмонлашаётганини ўзлари кўради. Элитада ҳамма буни аллақачон билади ва тушунади, у ерда одамлар ташвиқотга ишонмайдилар ва ҳамма нарсани тушунишади, улар бу уруш уларга нимага тушганини ўзлари билишади. Ва одамлар буни аста-секин ва чуқурроқ тушунадилар ва, албатта, нормал ҳаётни тиклашни хоҳлайдилар.

Ҳозир ҳамманинг оғзида бўлаётган Германия мисолини унутмайлик. 1945 йилда, ҳатто 1947 йилда ҳам, Гамбургда ўтказилган инглиз сўровига кўра, немисларнинг аксарияти (тахминан 70%) Гитлерни немис тарихидаги энг кўзга кўринган шахс деб ҳисоблашган. Ва бу мағлубиятдан ва бутун уруш даҳшатларидан кейин. Энди у ерда маргиналлардан бошқа ҳеч ким бундай деб ўйламайди.

Ўйлайманки, биз бу ўн миллионлаб одамлар билан ишлашимиз керак. Германияда вазият қандай эди? Менга 90-йилларда эски немислар айтишган. Агар 1950-йилларнинг бошларида қайсидир Ғарбий Германия мактабида ўқитувчи Гитлер хато қилган, лекин у ҳам кўп яхши ишлар қилган, деб айта бошлаган бўлса, эртаси куни ўша ўқитувчи қанчалик хизмат кўсатган ва уни ҳурмат қилишган бўлмасин, мактабдан ҳайдаб юбориларди. Германияда қандай сўз эркинлиги бўлмасин, лекин денацификация темир қонун эди.

Россияда ҳам худди шундай бўлади. Коммунистик режимни, Сталинни ёки Путинни, КГБни, оммавий террорни ёки Украинадаги урушни мақтайдиганлар - улар ҳеч бўлмаганда енгил, аммо қатағонга дучор бўлишади. Яна бир авлодни бузмаслик учун уларга ўргатиш ёки ўқитишга рухсат берилмайди.

Чунки ҳақиқат бор, ёлғон бор. Русларнинг устунлиги ёки украинларнинг халқ сифатида йўқлиги ҳақида ёлғон гапирадиганлар бу ҳақида ўз ошхоналаридан ташқарида гапира олмайдилар. Улар нашр этилмайди, профессорлик кафедраларига қабул қилинмайди ва ҳоказо. Бу зарур.

Бундан ташқари, ҳар қандай этнограф сизга белорус халқи ва белорус тили, украин халқи ва украин тили борлигини бутун илмий аниқлик билан тасдиқлайди. Бошқа кўп нарсалар каби.

Менимча, бу оғриқли жараён, лекин бу Россиянинг жаҳон ҳамжамиятига қайтиши учун зарур. Бу нафақат империяча иллюзиялари билан хайрлашиш, балки уларга фаол қаршилик кўрсатишдир. Бусиз Россиянинг келажаги йўқ. Гарри Каспаров таклиф қилганидек, уни қайта форматлаш мумкин эмаслиги сабабли, уни тозалаш керак. Акс ҳолда, у жаҳон цивилизациясидан четда қолиб кетади. Катта ҳудудда, айниқса ядровий қуролга эга бўлган мамлакатни ҳайдаш мумкин эмас. Ғарб дунёнинг еттидан бир қисмида Шимолий Корея бўлишига ҳеч қачон йўл қўймайди.

Шу сабабли, Россияни оддий мамлакатга айлантирадиган тизимли демилитаризация, декоммунизация бўлади. Бу уруш ўзининг барча даҳшатлари билан, бутун инсоний, инсонпарварлик даҳшатлари билан, биз яна кўп йиллар кутган ва ҳозир бизнинг кўз ўнгимизда содир бўлаётган ғайриинсоний коммунистик ўтмишнинг якуний барбод бўлишининг катализаторидир. Россия учун ҳам, Белорусия учун ҳам.

Лукашенконинг Беларуси Путиннинг Россиясидан бир ҳафтадан кўпроқ умр кўра олмаслигига шубҳам йўқ. Белоруссия ҳам демократик давлатга айланади.

Абу Муслим таржимаси