loader
Foto

Киши ўз қусурини кўрмоғидек ирфон бўлмагай

Бу кун Ислом номидан ўртага чиққанларнинг аҳволига, сўзларига, ишларига қараб, уяламан, ўкинаман, эзиламан: янглиш фикрлар билан ҳаракат этгайлар, янглиш усуллар билан ишлагайлар. Дўстни душман ўрнида кўргайлар, ўзлари ўтирган шохни кесгайлар, кўнгил олмоқ ўрнига, кўнгилни бузгайлар, қалбни жароҳатлагайлар, нафратга қолгайлар, мухолафатлари ортгай, мужодала жабҳаларини кўпайтиргайлар.

Бу кун Исломни бир юрт ичида ёймоқнинг, ривожлантирмоқнинг, севдирмоқнинг, асрамоқнинг бош усули – яхшилик, сабр, муҳаббат ва марҳаматдир; қаттиқлик, қаршилик, ғавғо ва уруш эмасдир! Яхши бир мусулмон, шак-шубҳасиз, соғлом бир иймон соҳиби, охират саодатини ўйлагай, фидокор, сабрли, марҳаматли, афв этувчи, меҳр-муҳаббат ва ҳурматга тўлиқ, чиройли ахлоқли, киришимли, ширин тилли, очиқ юзли, хайрхоҳ... бир кишидир. Шундоқ эканлигини ҳар кимга қурсатмоғи лозим. Суюкли Пайғамбаримиз, жанобимиз, соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Биров билан киришолмайдиган, (чиқишолмайдиган улфат тутинмаган, улфат ва аҳбоблик қилиб бўлмайдиган) одамда ҳеч бир хайр (яхшилик) йўқдир», деб марҳамат этганлар. Ҳадис мазмуни шундай.

Бу кун ҳар бир мусулмон ўз ҳолига, кўриниши-қиёфасига, кийимига, феъл-атворига, сўзига ишига жуда диққат этмоғи, эътибор ва ғамхўрлик кўрсатмоғи, ёмон таассурот уйғотмоқдан шиддат билан қочмоғи лозимки, узоқдан уни кўрганлар, ундан ғазабланиб, ундан нафратланиб, Исломдан узоқлашмасинлар! Ҳар бир мусулмон бошқаларга Исломни танитмоққа, севдирмоққа уринмоғи, бунинг учун эса ўзини яхши ўрнак бўлгулик, ҳавас қилгулик, ёқтиргулик бир шахсият ҳолига келтирмоққа ўзгача бир ғайрат қўрсатмоғи лозим. Агар Аллоҳ жалла жалалуҳунинг ризосига эришмоқни истаса, йўл шу йўлдир, муваффақиятга эса шу йўлдан борилгай ва эришилгай.

Шайх Маҳмуд Асъад Жўшон