Россия Федерациясининг урушда йўқотишлари тўғрисида аниқ маълумот йўқ, улар астойдил яширилмоқда. Уларнинг ҳисоб-китоблари Киевда олиб борилади, аммо бу маълумотлар нима бўлаётгани ҳақида тўлиқ тасаввур бермайди. Россиянинг «Медиазона» нашри Украинада россиялик ҳарбий хизматчиларнинг тасдиқланган ўлим ҳолатларини ўрганиб чиқди. Маълум бўлишича, ўлганлар орасида мутлақ рақамларда мусулмон Доғистон ва буддавийлар бўлган Бурятия аҳолиси етакчилик қилмоқда.
«Демография упала» ресурси бу маълумотларни Россия минтақалари аҳолиси сони билан таққослади. Яна миллий республикалар етакчилар қаторидан ўрин олди. 100 минг аҳолига ҳарбийлар ўлим сони бўйича биринчи учликка Бурятия, Тува ва Шимолий Осетия киради. Шу билан бирга, масалан, Москва ва Санкт-Петербург рўйхатнинг охирида. У ерда маҳаллий ҳарбий хизматчиларнинг қолган аҳолига нисбатан ўлими деярли сезилмайди.
Аммо агар Россия Украинада рус тилида сўзлашувчиларга зулм қилинаётгани туфайли расман курашаётган бўлса, унда нега рус бўлмаган халқлар бунинг учун биринчи навбатда ўлмоқда? Татар сиёсатшуноси Руслан Айсин, бошқирд фаоли Руслан Аббасов ва удмурт фаоли Артем Малих «Белсат»га буни аниқлашга ёрдам беришди.
«Тўғридан-тўғри маънода мустамлакачилик сиёсати»
Бошқирд миллий сиёсий маркази (БМСМ) раҳбари Руслан Аббасов Россия Федерацияси узоқ вақт давомида федерация бўлишни тўхтатганини ва моҳиятан унитар мамлакатга айланганини таъкидлади. Миллий республикалар суверенитетдан маҳрум қилинди, уларнинг конституциялари Кремл босими остида қайта ёзилди ва Россия Конституциясига мослаштирилди.
«Миллий республикаларнинг давлат тиллари ўз ҳудудида иккинчи даражали ҳолатга туширилди. Энди, бошқирд боласи мактабда ўз она бошқирд тилини ўрганишни хоҳлаши учун ота-оналар тилни танлаш тўғрисида ариза ёзишлари керак ва агар синфда еттитадан ортиқ бундай ариза бўлмаса, унда тил ўрганилмаган. Бошқирд болалари фоиз ҳисобида унчалик катта бўлмаган шаҳар мактабларида улар она тилини ўрганиш имкониятидан маҳрум. Аммо бошқирдлар учун она тили бўлмаган рус тили, албатта, ўрганилади. Бошқирд давлат тили ўрганиладиган жойларда ҳафтада атиги бир соат ўқитилади, бу жуда кам. Рус адабиёти мажбурий, бошқирд адабиёти эса, узоқ вақтдан бери алоҳида фан сифатида ўрганилмаган», - дейди фаол.
Ҳукумат миллий арбобларни ҳам таъқиб қилади ва миллий ташкилотларни тақиқлайди. Шундай қилиб, 2020 йилда «Бошкурт» бошқирд ташкилоти экстремистик деб тан олинди.
«Барча миллий республикаларда шундай», деди Руслан Аббасов.
Унинг қўшимча қилишича, республикаларнинг табиий ресурслари Москва олигархлари билан алоқадор саноат корхоналари томонидан шафқатсизларча ўзлаштирилмоқда. Ерларидаги бойликлар олиб чиқиб кетилаётган маҳаллий халқлар эса «ифлосланган табиат ва бузилган йўллардан» бошқа ҳеч нарса олмайдилар.
«Россияда ҳозир мустамлакачилик сиёсатини ўзининг тўғридан-тўғри маъносида амалга оширмоқда», деб таъкидлади фаол.
Урушни ким қўллаб-қувватлаяпти
Бироқ, миллий озчиликлар урушни қўллаб-қувватлаш борасида рус кўпчиликдан фарқ қилмайди, дейди удмурт фаоли артем Малих. Одамларнинг позициялари асосан улар маълумот оладиган манбалар билан боғлиқ. Шу тариқа, унинг фикрига кўра, 45 ёшгача бўлган олий маълумотли, йирик шаҳарларда яшовчи ва норасмий манбалардан маълумот олаётганлар, одатда, урушни қўллаб-қувватламайди. Ягона фарқ шундаки, руслар рус тилида сўзлашувчиларни ва «Донбасс халқини» ҳимоя қилиш тезисларига кўпроқ таъсирчан.
«Туваликлар, бурятлар, удмуртлар масаласида бу ҳеч қандай махсус жавоб олмайди. Аммо шу билан бирга, улар рус ташвиқоти томонидан илгари сурилаётган фашистларга қарши кураш ҳақидаги тезисларга жуда сезгир муносабатда бўлишади. Бу бутун мавзу жуда муқаддасдир», - деди Артем Малих.
Бу, айниқса, Россия расмий оммавий ахборот воситаларидан маълумот оладиган кекса одамлар учун тўғри келади.
Ўз навбатида, Руслан Аббасовнинг таъкидлашича, Украинадаги урушни ва бошқирд аскарлари ўлимини «републиканинг ақли-хуши жойида бўлган аҳолиси» умуман қўллаб-қувватламайди. Унинг фикрига кўра, бундай кишилар сони фақат ўсиб боради.
«Албатта, бу урушни қўллаб-қувватловчилар ҳам бор, лекин менимча, булар, биринчидан, яқинлари ва қариндошлари урушда қатнашмаганлар, яъни ўз яқинларидан айрилиш қайғу ва азобини тушуна олмаганлардир. Иккинчидан, булар телевизордан ҳар куни тўкиладиган рус тарғиботига алданган ва муқобил маълумотларга қизиқмайдиган «ватник»лар. Кўплаб бошқирдлар бу бизнинг урушимиз эмаслигини ва бизга керак эмаслигини тушунишади. «Рус дунёси» учун Украинада бошқирдлар ҳалок бўлиши бемаъни туюлади», - деди Руслан Аббасов.
Нега ҳеч қандай норозилик билдирилмайди?
Бироқ, Россияда урушга қарши норозилик билдириш жуда қийин. «Поистине» журнали бош муҳаррири, татар сиёсатшуноси Руслан Айсин таъкидлаганидек, минтақа элиталари урушга қарши эмас, чунки улар ўзлари ҳокимият тизимида қурилган ва «албатта, махсус хизматлар илгагида». Умуман олганда, «уруш» сўзи ҳақида битта эслатма «одамнинг бошига бутун маъмурий бульдозерни» солади.
"Рус эмаслик омили ҳозир жиноий жавобгарлик ёқасида. Агар сиз алоҳида миллий ҳуқуқларга эга эканлигингизни айтсангиз ёки ўз тилингизда гапириш ҳуқуқини эълон қилсангиз, дарҳол махсус хизматларнинг ғазаби ва қизиқишини уйғотасиз", деди Руслан Айсин.
Умуман олганда, унинг сўзларига кўра, «рус бўлмаган халқларнинг кўп вакиллари ўзимизники эканлигини, ватанпарвар эканлигини исботлашим керак, деб ўзини пастроқ ҳис қилишади. Бу ички ишончсизликнинг намоёнидир - сизнинг эҳтиёжингиз ва ҳокимиятга содиқлигингизни доимо исботлаш».
Шу билан бирга, сиёсатшунос фикрича, миллий зиёлилар асосан урушга қарши, чунки «улар уруш масаласи, биринчи навбатда, Россиянинг империяча пафоси эканлигини тушунишади. Буларнинг барчаси қанчалик узоқ ва кучли бўлса, миллий элита ва маданиятларга босим шунчалик кучли бўлади. Одамлар ўзларининг бошқалигини эълон қилишдан қўрқишади. Кимдир жим, кимдир содир бўлаётган ҳамма нарсани қўллаб-қувватлайди».
«Мен миллий озчиликлар номидан улар бу урушда қатнашишдан қандайдир завқ олаётганликлари ҳақида қизғин баёнотларни кўрмадим. Маҳаллий халқлар вакили бўлган расмийлар томонидан алоҳида баёнотлар мавжуд. Аммо бу биз ушбу ҳаракатнинг ажралмас қисми эканлигимизни кўрсатиш учун қилинган. Биз бошқалардан ва ҳатто қайсидир маънода ғайратлироқ вакилларимиздан фарқ қилмаймиз», деди Aртем Малих ва «садоқатсиз бўлиш хавфли ва қўрқинчли» эканлигини қўшимча қилди.
Бироқ, унинг фикрича, бундай қўллаб-қувватлаш, асосан, бу ҳукуматга қаршилик кўрсатишнинг беҳудалик ҳисси ва «омон қолиш» истаги билан боғлиқ.
Энг эҳтиросли ва камбағаллар
Руслан Айсин бу урушда Москва, бошқа нарсалар қатори, у, масалан, бурятлар ва туваликлар билан боғлиқ бўлган энг эҳтиросли элементларни «ёқиб юборишга» ҳаракат қилаётганини истисно қилмайди. Шу билан бирга, ички сепаратизм ва юзага келиши мумкин бўлган тартибсизликлар масаласи ҳал қилинмоқда.
Шу билан бирга, Артем Малихнинг фикрича, Украинадаги урушда қатнашаётган ёшлар тузумга хавф туғдирмайдиган ижтимоий қуйи табақа вакилларидир. Руслан Аббасовнинг фикрича, «мамлакатда Х соат бошланиб, республикаларнинг миллий ҳаракатлари озодлик курашига кўтарилганида, айнан шундай манқуртлар Путинни ҳимоя қилиш орқали ўз халқига энг катта зарар етказиши мумкин».
Шу билан бирга, интервью берган ҳар учала эксперт Москва миллий республикалар ижтимоий ва иқтисодий жиҳатдан энг қашшоқ ва энг тушкун минтақалардан эканлигидан фойдаланади, деган фикрга қўшилади.
«Маоши 20 минг рубл бўлган минтақада ёшларнинг иккита йўли бор: ё Шимолга ёки Москвага ишлашга бориш ёки шартнома асосида армияга бориш. Бундай ҳолда, айнан Тува, Бурятия, Доғистон, Чеченистон каби республикалар иқтисодий жиҳатдан гуллаб-яшнаган минтақалар рўйхатида охирги ўринларда туради», - деди Руслан Аббасов.
Чингисхон империясини тиклаш
Руслан Айсин шунингдек, маҳаллий халқлар вакиллари кўпинча сиёсий жиҳатдан содда ва «уларни ишонтирадиган ҳамма нарсага ишонишади» деб ҳисоблайди. Туркий ва мўғул халқлари вакиллари ҳам Чингизхон даврида бўлгани каби ва Москва Русига мерос бўлиб қолган империяни тиклаш зарурати концепциясини қўллаб-қувватлайди.
«Буларнинг барчаси уларнинг бошларида шундай аралаш-қуралаш бўлиб турибди ва расмийлар буни яхши билишади. Ва у бундан жуда яхши фойдаланади», - деди Руслан Айсин.
Чеченистонда, унинг сўзларига кўра, умуман олганда, «Кремлнинг қадами қўйилганидан кейин мини-армия ташкил қилган Қодировнинг тоталитар бошқаруви» ҳукмрон. Ва «у ерда сиз бу ҳолатга кирасиз, ёки сизни душман деб эълон қилишади». Шу билан бирга, Руслан Аббасов «Путин имкон қадар Россиянинг барча халқларини қонга бўяб, айб ҳамманинг ўзида бўлсин» деб уриниши эҳтимолини ҳам истисно этмайди.
«Биз рус эмасмиз»
Расмийларнинг барча саъй-ҳаракатларига қарамай, Руслан Айсиннинг айтишича, инқироз даврида одамлар ўзларининг этник илдизларига қизиқа бошлайдилар - улар ўзларининг тарихий ўтмишидан ёрдам излайдилар. Миллий бошқа жамоага мансублик ҳисси кучаймоқда. Одамлар психологик жиҳатдан «ўзларини бу жиннилик билан бир деб қарамасликка» интилишади: "биз унчалик шафқатсиз эмасмиз, биз рус эмасмиз".
"Аммо буни омма олдида ифодалаш қийин. Лекин ичкарида, ҳукмрон муҳитнинг улкан босимига қарамай, содир бўлаётган воқеалардан воз кечиш пишиб бормоқда", деди сиёсатшунос.
Бироқ, миллий республикаларда, уларнинг бир нечтасини ҳисобга олмаганда, миллий маданият ва ўзликни энг оддий даражада сақлаб қолиш учун шароит йўқ. Кўпинча, барча миллийкликни қўллаб-қувватлаш байрамлар учун халқ либослари билан чегараланиб қолади. Бундай шароитда маҳаллий халқларнинг кўплаб вакиллари Россиядан кўчиб кетишга ҳаракат қилмоқдалар.
Аммо Россия халқлари урушга қандай қаршилик кўрсатишга интилаётганига мисоллар ҳам бор. Хусусан, Украинада Шайх Мансур номидаги чечен батальони Украина Қуролли Кучлари томонида жанг қилмоқда. Урушдан олдин ҳам бошқирд раҳбарлари рус армияси сафларида хизмат қилаётган бошқирд аскарларини бу урушда қатнашмасликка ва имкон қадар бундай хизматдан қочишга чақирдилар.
«Шунингдек, Бошқирд миллий ҳаракати Россия мухолифатидан ўрнак олиб, ўзини обрўсизлантирган деб ҳисоблаб, Бошқирд давлат байроғидан воз кечди. Ушбу байроқ остида Бошқирд ҳукумати урушни қўллаб-қувватлаш учун митинглар ва оммавий аксиялар ўтказади. Бошқирд миллий ҳаракати етакчилари ўз тарафдорларини Бошқирдистон Республикасининг ҳозирги давлат байроғи ўрнига 1917-йилдаги биринчи Бошқирд Республикаси байроғидан фойдаланишга чақиришга қарор қилди», — деди Руслан Аббасов.
Шунингдек, Украинанинг «денацификацияси» ҳақидаги ташвиқот даъволарига жавобан, Россиянинг ўзида озчиликлар вакиллиги ва турли халқларнинг ҳуқуқлари билан боғлиқ муаммоларни кўрсатадиган ҳаракат пайдо бўлди. Ушбу ҳодисанинг бир қисми, масалан, «Бурятлар урушга қарши» кампанияси эди.
«Аммо бу ҳодисанинг кўламини баҳолаш қийин. Менимча, бу хабардор озчиликка: Москва ёки Санкт-Петербургда яшовчи шартли бурятлар, татарлар ва туваликларга тегишли. Лекин бу Бурятиядаги кенг бурят оммасига ёки Татаристондаги кенг татар халқига тааллуқли эмас. Шунинг учун, менимча, бунинг таъсири, ҳеч бўлмаганда, ҳозирча, аҳамиятсиз. Аммо россиялик ўнг қанот публицистларининг жавоби борки, энди ҳамма нарсага руслар айбдор экани маълум бўлади ва ҳар хил «миллатчилар» ўзларини бошқалардек кўрсатишга муваффақ бўлишди ва умумий жавобгарликдан қочишади», - деди Артем Малих.
«Минтақалар ўз сўзини айтади»
Бироқ, Руслан Айсиннинг фикрича, марказий ҳукумат кучли бўлсагина минтақалар бўйсунади. Москва заифлашиши биланоқ, «ва у муқаррар равишда заифлашади», улар ўз сўзларини айтади. Сиёсатшуноснинг сўзларига кўра, Россия Федерацияси халқлари Москва уларга нисбатан мутлақо масъулиятсиз сиёсат олиб бораётганини кўрмоқда: уларни майдалаш, қисиш, заррача ҳуқуқлардан маҳрум қилиш, тил ва маданиятни сақлаб қолиш учун ҳеч қандай имконият бермаяпти ва улар асосан бешинчи устун деб эълон қилмоқда.
Илгари донор бўлган минтақалар ҳозир банкрот бўлиш арафасида, аҳолининг чиқиб кетиши ва саноатнинг таназзулга учраши кузатилмоқда. Бу норозилик ва ватанпарварликнинг кучайишига олиб келади. Руслан Айсиннинг сўзларига кўра, уруш фонида иқтисодий алоқалар узилиб, «қандайдир келгиндилар бир парча нонимизни ёки ишимизни олиб қўймоқда» омили кучаяди. Москва эса бу борада ҳеч нарса қила олмайди.
Сиёсатшуноснинг таъкидлашича, маҳаллий ватанпарварлик кучайиб бораётгани аллақачон кўплаб далилларга эга. Булар 2018 йилги норозилик сайловлари ва Шиес (Коми Республикаси) ва Хабаровск ўлкасида узоқ давом этган норозилик намойишлари. Руслан Айсиннинг эслашича, ўша пайтда маҳаллий Миллий гвардия шунчаки одамларни тарқатишдан бош тортган ва Москва у ерга бошқа минтақалардан одамларни юборишга мажбур бўлган.
«Энди, тасаввур қилинг-а, вилоятларнинг ярмида бу содир бўлишини? Қолаверса, бу тўхтовсиз «юк-200» оқими билан боғлиқ умумий оғир психологик вазият устига қўйилади. Нега бу ҳаётга чанқоқ ёшлар ўлиб кетишяпти, деган савол туғилади», — деб ҳисоблайди сиёсатшунос.
Шу билан бирга, унинг фикрича, Россияни бирлаштирадиган ягона нарса - бу темир мушт. Акс ҳолда, у бир бутунликни англатмайди. Қандайдир умумий мафкуравий платформа яратишга уринишлар муваффақият билан якунланмайди ва Кремлнинг Улуғ Ватан урушидан бошқа боғлаб турадиган нарсаси йўқ.
«1917 йил муқаррар»
Руслан Айсин Россия тарихи тез-тез такрорланишини таъкидлади. Шу билан бирга, унинг заифлашиши, худди 1917 ёки 1991 йилларда бўлгани каби, доимо «марказ ва ҳудудлар ўртасидаги муносабатларни диаметрал равишда ўзгартирган» инқилобий ўзгаришларга олиб келди. Ҳозир сиёсатшунос Россияда – феврал инқилобидан бир йил олдин, 1916 йилда содир бўлган воқеалар билан умумий нарсани кўради.
«1917 йил муқаррарлиги мен учун тушунарли. Эҳтимол, келгуси йилнинг бошида, 2023 йил. Ўша пайтда бошланган нарса яна бошланади. Кремлдаги фракциялар Путиндан кейинги бошқарув учун ўзаро курашади, чунки ҳозир бу тизимни ушлаб турган нарса Путин омилидир. Заифлашган, қариган, реал воқелик билан алоқани йўқотган ва нотўғри қарорлар қабул қилаётган Путин омили. Элитани тешик тоғора олдида қолишга маҳкум этган одам», - дейди сиёсатшунос.
Унинг фикрига кўра, «эртами-кечми, Акела хато қилади ва шунчалик заифлашадики, у атроф-муҳитнинг бир қисми унга сиёсий муаммо туғдиришига йўл қўяди, Путиннинг куни битганлиги аниқ бўлади». Ва «Москвада жанжаллар бошланиб, марказлаштиришнинг таъсири заифлашганда» минтақаларда ўзларининг сиёсий нутқларини қидириш бошланади. Шу билан бирга, Руслан Айсин миллий элитанинг ўзи намойишларга ёрдам беришини истисно этмайди.
Аммо бир Кремл аппаратининг бошқасига ўзгариши вазиятни кескин ўзгартирмайди, дейди сиёсатшунос.
«Мен Россиянинг тўлақонли федерация бўлишини истайман. Конституцияга кўра халқлар ва динларнинг ҳуқуқлари амалга оширилган давлатларнинг ҳақиқий ва тўлақонли демократия мавжудлигини. Россия империя бўлмаслигини», - деди Руслан Айсин.
Бироқ, унинг сўзларига кўра, Россия фуқароларини «зомбилардан яна одамга айлантириш» учун кўп ҳаракат қилиш керак.
Европа Иттифоқининг аналоги
Руслан Аббасов Россиянинг ягона истиқболини унинг парчаланиши, кейин эса янги шароитларда йиғилишида кўради. Шу билан бирга, Россиянинг руслар зич яшайдиган барча ҳудудларига (масалан, Урал Республикаси, Сибир, Узоқ Шарқ, Москва ва бошқалар) республика мақомини бериш таклиф этилади.
«Ва келажакда бу барча Россия республикалари миллий республикалар билан биргаликда қандай шаклда бирга яшашни давом эттиришларини ҳал қиладилар. Бу яна республикалар федерацияси ёки эҳтимол, Конфедерация бўлиши мумкин. Биз республикаларнинг бир-бири билан шартномалар орқали боғланган шундай иттифоқини таклиф қиламиз, унда марказ бўлмайди. 90-йилларда минтақалар шартномалар имзолаш учун Москвага борганида, бундай ҳолат такрорланмаслиги керак», - деб ҳисоблайди БМСМ раҳбари.
Унинг фикрича, Москвани пойтахт мақомидан маҳрум қилиш, пойтахтнинг ўзини эса бошқа жойга кўчириш керак бўлади. Умуман олганда, деди Руслан Аббасов, бу республикаларнинг ундан чиқиш ҳуқуқига эга Европа Иттифоқининг ўхшаши бўлиши керак. Унга қўшилишни истамаганлар мустақиллик беришга таклиф қилинади.
«Акс ҳолда, агар шунчаки Путин олиб ташланиб, унинг ўрнига шартли Навальний келса, ҳатто демократик ислоҳотлар ўтказилгандан кейин ҳам шартли 10 йил ичида янги Путин келмаслигига ва империя реваншизми такрорланмаслигига ҳеч ким кафолат бермайди», деб ишонади фаол.
У, шунингдек, «Путин режими қулагандан сўнг, Россия ҳудудига БМТ тинчликпарвар кучларини киритиш ва барча ядровий кучларни назорат қилиш», кейин уларни йўқ қилишни таклиф қилади, токи улар яна шантаж қуролига айланмасин.
Вазият фақат ёмонлашиши мумкин
Шу билан бирга, Артем Малих яқин келажакда республикаларнинг мухторияти ва ўзини ўзи бошқариши билан боғлиқ барча нарсалар янада қисқариши ва бостирилишини кутмоқда.
«Менимча, бу режим остида каттароқ мухториятга эришиб бўлмайди. Келгуси бир неча йил ичида жанговар ҳаракатларнинг оқибатлари ҳамжиҳатликда ҳеч қандай ўзгаришларга олиб келмайди. Кўп нарса урушнинг тугашига, унинг натижаларига боғлиқ бўлади», - дейди фаол.
Унинг фикрича, Россия ҳукумати сиёсатига қарши чиққан озчилик ресурслардан маҳрум ва минтақавий элита билан боғлиқ эмас. Ва шунинг учун, агар иқтисодий вазият ёмонлашса, ҳокимиятнинг марказлашуви кучаяди, шу жумладан сиёсий ва маданий ҳаёт даражасида. Россия халқларини, уларнинг тиллари ва маданиятларини қўллаб-қувватлаш фақат пасаяди.
Абу Муслим таржимаси