Дин – бу бизнинг виждонимиз, эътиқодимиз масаласидир. Ҳамма ўз виждони овози ва чақириқларига бўйсунади. Биз динни чуқур ҳурмат қиламиз. Биз хаёл ва тафаккурга мухолиф кишилар эмасмиз. Биз фақат диний ишларни давлат ва халқ ишларига аралаштирилишига қаршимиз. Биз реакционерларга имконият бермаслигимиз керак. (Асаф Илбай ҳикоялари, Хотиралар, 102 – 103 б).
Менинг дўстларим! Аллоҳ ягона, улуғ: эътиқод белгиларига қараб, айтишимиз мумкинки, инсониятни икки синфга ва икки даврга бўлиш мумкин. Биринчи давр- болалик ва ёшлик даври. Иккинчи давр- улғайиш ва донишмандлик даври.
Инсоният биринчи даврда, болалар ва ёшлар каби моддий неъматлар билан банд бўлиб қолади. Буюк Аллоҳ бандалари донишмандликка эришмагунча, уларни бу илоҳий сифатдан – донишмандликдан – узоқроқ тутади. Одам айлайҳиссалом вақтидан бошлаб (Аллоҳ уни ёрлақасин), уларга кўплаб пайғамбарлар ва элчилар юборди. Охирида , Аллоҳнинг сўнгги элчиси, бизни пайғамбаримиз орқали, ўзининг сўнгги дининини ва маънавий қадриятларини йўллади, чунки, янгидан-янги пайғамбарлар юборишга зарурат йўқ эди.
Инсоният етарли даражада донишмандликка эришгани, илоҳий ҳақиқатларни тўғри тушуниб етгани боис бизни пайғамбаримиз Муҳаммад (Аллоҳ уни ёрлақасин) охирги пайғамбар бўлиб келди. Пайғамбаримизга ваҳий қилинган китоб, Аллоҳнинг энг сўнгги ва аниқ китоби бўлиб, унга бутун инсоният амал қилиши керак. (1922 й., Маслаҳатлар, иккинчи том, 1241 бет).
Ким менга пайғамбар Муҳаммадни мукаммалликка эришган, дарвеш бир инсон каби кўрсатмоқчи бўлса, улар на пайғамбаримиз шахсиятини ва на унинг мақомини тушунмайдилар. Улар бу ҳақиқатни англашдан йироқ. Агар пайғамбаримиз мутлоқо дарвешликка берилган одам бўлганида, фақат бош қўмондон томонидан ишлаб чиқилган махсус жанг режаси асосида амалга ошган Уҳуд жангида қандай ғалаба қозонган бўларди? Тарих ўтмишга изоҳ берадиган санъат эмас, балки ўтмишни тушунтириб берадиган илм бўлиши керак. Кичик урушлардаги кўтаринкилик, улуғ ҳарбий стратегия ва оқил сиёсат эндигина етукликка эришган дарвешда бўлган, деган қарашлар бизнинг тарихимиздан жой олмаслиги керак. Агар Муҳаммад пайғамбар ўз ярадорлиги ва қўл остидагиларнинг истакларига қулоқ солганида, уларни хоҳишларини енгиб, ғолиб келаётган душман устидан ғалаба қозонмаганда эди, бугун мусулмонлар бўлмасди. (Шамсиддин Гуналтай, Улку журнали , 9том, 100 сон, 3 саҳифа, 1945 г.).
Бизнинг динимиз – осон тушуниладиган ва табиий бир диндир. Фақат шу сабабли у охирги дин бўлди. Дин табиий бўлиши учун, у ақлга, илм-фанга ва соғлом фикрга зид бўлмаслиги керак. Бизни динимиз юқорида айтилган нарсаларга қарши эмас (1923 й.).
Бизнинг буюк динимиз айтадики, меҳнат қилмайдиган одамнинг инсониятга умуман алоқаси йўқдир. Баъзилар, агар инсон замонга мос қадам ташласа мунофиқ, дейишади. Ҳақиқий мунофиқлар – аслида бу гапни айтганлардир. Агар бундай одамларнинг мақсади мусулмонларни иймонсизлар ичига ташлаш бўлмаса, уларнинг мақсади нима? Яктак кийиб олган ҳар бир одамни муаллим деб билманг, ақл-тафаккур ўқитувчи бўлади, асло яктак эмас (1923 й.).
Бизнинг динимиз халқимизнинг қадрсиз бўлишини, таҳқирланишини ва хўрланишини маслаҳат бермайди. Аксинча, Улуғ Аллоҳ ва пайғамбаримиз ҳам барча халқларни ўз қадр-қимматлари ва обрўларини сақлашга буюради ва улардан шуни талаб қилади (1923 й.).
Бизнинг динимизда ҳамма нарсанинг ўз ўлчови бор. Бу ўлчовга кўра, ҳар биримиз бирор қийинчиликсиз динимиз мақсадларига нима тўғри келишини аниқлаб олишимиз керак. Биласизми, нима ақл-тафаккур, соғлом фикр ва халқ манфаатига мос келса, ўша нарсаар бизнинг динимиз принципларига тўғри келади. Агар нимадир ақл-тафаккур, халқ манфаати ва соғлом фикрга мувофиқ тушса, уларни ҳеч қачон ислом манфаатларига мос келиш келмаслиги ҳақида сўраб ўтирманг. Ана шунинг ўзи диндир. Агар бизнинг динимиз ақл ва соғлом фикрга зид келса, у мукаммал ва охирги дин ҳисобланмас эди (1923 й.).
Турк халқи янада кўпроқ диндор бўлиши керак, бошқача айтганда, у бутун қалби билан диндор бўлмоғи лозим. Мен ҳақиқатга ишонганим каби ўз динимга ҳам ишонаман. Унда соғлом ақлга зид ҳеч нарса йўқ, тараққиётни чеклайдиган бирор тўсиқ йўқ, (1923 г.).
Бизнинг халқимиз икки нарсага – дин ва тилга эга. Ҳеч қандай куч халқимиз қалбидаги бу икки хислатни юлиб ололмади ва келажакда ҳам шундай бўлади. (1923 й.).
Жаноблар ва менинг халқим, унутманг, Туркия Республикаси шайхлар, дарвешлар, муридлар ва секталар мамлакати бўлмайди. Энг тўғри ва ҳақиқий секта – бу тамаддун (цивилизация) сектасидир (1925 й.).
Бизни нотўғри йўлга бошлаган аблаҳлар кўп марта ўзларининг диний мақсадлари билан қаршимизга чиқишди. Улар соф қалбли, диндор халқимизни кўп марта алдашди. Ўқинглар, тарихимизни тингланглар. Сиз ўтмишда халқимизни нималар ўраб олганини, нималар уни тутқунликда яшашга мажбур қилганини ва ўша йилларда душманлар дин ниқоби остида бизга қандай ҳужум қилганликларини билиб оласиз (1923 й.).
Рус тилидан Юсуф Расул ўгирган.
Манба: http://www.kultur.gov.tr/RU