loader
Foto

"Ислом цивилизацияси. 11-боб. Фармакология ва табиий фанлар

Шу сабабли, Берунийнинг (973–1048) «Сайдана» («Аптека»), Ибн Телмизнинг (XI аср) «Мўъжаз» («Қисқа») ва бошқа манбалардан яққол кўриниб турадики, касалхоналарда одатда фармакологлар ҳам ишлаган. Ханин ибн Исхок Галеннинг фармакологияга оид китобини Сурия тилига ўгирган. Сурия тилидан араб тилига ушбу китоб Хабаш томонидан таржима қилинган. Бундай китобларни араблар қисқа рисола маъносини англатадиган юнонча «Craphidion» номидан келиб чиқадиган «Акрабазин» номи билан атаганлар. Бу китобларнинг аксарияти араб тилига юнон ва сурия тилларидан таржима қилинган. Улар қаторига Сабур Ибн Сахл ва Рази Ибн Телмиз томонидан ёзилган «Акрабазин» ҳам киради. Шунингдек, Масавия ал-Маранди (IX аср) томонидан ёзилган ва яҳудий табиб томонидан латин тилига таржима қилинган «Акрабазин» асари ҳам маълум. Бу асар ғарб фармакологиясига асос бўлиб, асрлар давомида Европалик шифокорлар учун муҳим қўлланма бўлиб келган.

Шундай қилиб, мусулмонлар худди тиббиётда бўлгани каби, фармакология соҳасида ҳам инсоният тўплаган билимларни бойита олдилар. Хитойдан то Андалусиягача бўлган ислом дунёсининг кенг ҳудудлари мусулмонларга юнонлар учун нотаниш бўлган доривор воситалар билан танишиш имконини берган. Мусулмонлар фармакологияси асосини юнонлар таркибий қисми ташкил қиларди. Кўплаб дори-дармонлар номи Гонде Шапур академияси таъсиридан дарак беради. Кейинроқ ислом фармакологияси рўйхатига юнонларга номаълум бўлган юзлаб дори-дармонлар киритилди.

Ибн Байтар Мал ахи (1247 йил вафот этган), андалусиялик машҳур ботаник, Андалусия, Шимолий Африка, Миср, Сурия ва Кичик Осиё бўйлаб кўп саёҳат қиларди. У ўзининг «Аль-Джам фи-ль-Адвия» («Дори-дармонлар ҳақида умумий маълумотлар») китобида 1400 дан ортиқ дори-дармонларга таъриф беради, шундан 200 таси янги бўлиб, мусулмонлар томонидан кашф қилинган.

Абу Ханифа Динаварийнинг (895 йил вафот этган) «Китаб ун-Набат» («Ботаника») китоби қадимги юнон олими Диоскурид асарларини қайта ҳикоя қилиб берган. Лекин шунга қарамай, у бир қатор янги қоидаларга эга бўлган. Диоскурид асарларини ўрганиш мусулмонларга табиат билан ва ботаника соҳасидаги илмий изланишлар билан яхширок танишишга имкон берди. Ибн Байтар ўз саёҳатлари пайтида мусулмон дунёси мамлакатлари фаунасини тадқиқ этарди. Машҳур тиббиёт ходими Ибн Абу Осайбе (1203–1269) ёзишича, у ўзининг устози Ибн ас-Сури билан Дамашқ атрофидаги барча вилоятлар бўйича айланиб чиққан ҳамда кўплаб гиёҳлар ва ўсимликларнинг янги туралрини ўрганган. Бу тадқиқотлар давомида у доимо ёнида Диоскурид, Гален, Гафек (Андалусиялик машҳур мусулмон шифокор) ва бошқа кўплаб қадимий тиббиёт олимларининг асарларини олиб юрган. Ибн ас-Суфи дастлаб Диоскуридга кўра ўсимликлар номини юнон тилида келтиради, сўнгра уларнинг ҳар бири ташқи хислатлари ва хусусиятлари бўйича ўз фикрларини билдириб ўтади. Ас-Суфи Гален ва унинг замондошлари қаламига мансуб тиббиёт соҳасига оид асарларини жуда яхши ўрганиб олганди ва улар йўл қўйган хато ва камчликларни белгилаб берган. Бу ислом ботаниклари томонидан ёзилган асарларга кичик мисоллар, холос. Улар кўпинча ўз китбларида ўсимликлар расмларини берарди. XII асрда дори-дармон воситалари ҳақида китоб ёзган Гафека узоқ вақт мобайнида ҳар хил турдаги ўсимликларни қидириш ва тадқиқ этиш билан шуғулланган. У янги, шу пайтгача номаълум бўлган Шимолий Африка ўимликлари турларини кашф қилган ва тадқиқ этган, уларни ўз китобида маҳаллий номлар остида келтирган. Ибн Бейтарнинг «Муфрадат» китоби мазмуни ва баён этиш аниқлиги бўйича шу қадар оригиналки, Диоскурид давридан то Европа Уйғониш давригача бу соҳада энг яхши китоб бўлган. Шундай қилиб, мусулмонларнинг ботаника ва доривор ўсимликлар соҳасидаги тадқиқотлари нафақат китоблардан олинган маълумотлар асосида, балки бевосита табиат қўйнидаги тадқиқотлар асосида амалга оширилган. Мусулмон олимлари биринчи бўлиб минтақавий флора (flora locale) ва фауна (fauna locale) тўпламларини тузган ва биринчи бўлиб ботаника тадқиқотлари учун сафарга чиққанлар. Олинган натижалар нафақат тиббиёт эҳтиёжлари учун, балки агрономия ва ҳунармандчилик ишлаб чиқаришда ҳам қўлланилди.

* * *

Бу борада, масалан, Ибн Вахшийнинг «Фалаҳат ун-Набатия» («Экинларни етиштириш») китоби унчалик катта ютуқ бўлмаса, Ибн Авамнинг «ал-Фалаҳат» («Агрономия») китоби илмий аҳамиятга эга бўлган комплексли рисола ҳисобланади. Х асрда Андалусияда яшаган Ибн Авам агрономия масалаларига катта қизиқиш билан қараган ва ўз рисоласининг кўп қисмини турли экинларни етиштириш бўйича ўзининг тажрибалари натижаларига бағишлаган. У ҳар хил тупроқ турлари, ўғитлар, эмлашлар, сувнинг турли тоифалари, катта дарахтлар ва кўчатларини экиш усулларининг батафсил тавсифини беради, ерларнинг мелиоратив ҳолати ҳар хил рўйхатини беради, экинларни этиштириш, шунингдек, консервация ва чорвачилик билан боғлиқ бошқа масалаларни кўриб чиқади. Ибн Авамнинг рисоласида бугунги кунгача қизиқарли бўлиб кўринган тажрибалар натижалари ҳақидаги хулосалари ҳам мавжуд. Хусусан, у ўсимликларда шарбатларнинг оқишини тавсифлайди ва ўсимликлар жинси бўйича фарқларни кўрсатади. Муаллиф ўсимликларни сунъий уруғлантириш хусусиятлари ва флоранинг турли вакиллари ўртасида мойиллик борлиги (sympathy) ёки йўқлиги (antipathy) ҳақида фикрлар билдиради.

Мусулмон тадқиқотчилари кашшоф сифатида тан олиниши керак бўлган агрономиядан ташқари, агрономия билан боғлиқ мусулмон савдо фаолиятининг аҳамияти ва Европани баъзи янги ўсимлик турлари билан таништиришда мусулмон тадқиқотчиларининг роли таъкидланиши керак. Ҳатто Европа тилларидаги алоҳида дарахтлар, мевалар ва ўсимликларнинг номлари ҳам уларнинг шарқий келиб чиқишини тасдиқлайди. Масалан, 1590 йилда биринчи марта Константинополдан Европага олиб кирилган лолалар шарқий келиб чиқиши «тулип» (Tulip), туркийча «тулпан» (Tulpan) сўзига бориб тақалади. Шафтоли, бу Европа тилларида «респе» ва «pfer-sisch» деган маънони англатади, қадимги форс тилидан олинган («персика»). Шунга кўра, «кофе» (арабча «қаҳва»дан) Европага Усмонийлар томонидан олиб келинган ва бундан олдин афсонага кўра, уни машҳур сўфий шайхи Абул-Хассан Шазели (1187–1258) томонидан муридларига тавсия этилган тетиклантирувчи ичимлик сифатида ишлатган.

Шуни таъкидлаш керакки, мусулмонлар ўсимликлар дунёсида ва табиатда олиб борган тадқиқотлари давомида ҳаяжонли дунёқараш назарияларини яратдилар. Асмаи (741–832), Жаҳез (776–869) ва Дамири (1341–1405) каби мусулмон муаллифлари томонидан ўсимлик ва ҳайвонот дунёсининг хусусиятлари тўғрисида, аниқ лексикографик ва адабий характерга эга бўлган, илмий нуқтаи назардан қизиқиш уйғотадиган асарлар ёзилган. Айрим даъволарга қарши, Ибн Ваҳшийнинг «ал-Фалаҳат ал-набатия» (Экинлар етиштириш) асари Вавилон ва Халдей манбаларидан олинмаган, аммо у самарадорлиги нуқтаи назаридан қизиқиш уйғотади. Ибн Авамнинг «ал-Фалаҳат» (Агрономия) китобида турли хил ўтлар ва мевалар ҳақида сўз юритилган, шунингдек дарахт экиш усуллари, уларни пайвандлаш турлари ва ўсимлик касалликлари турлари тўғрисида маълумотлар мавжуд. Жаҳез, Дамири ва Казвинининг (XIII аср) табиатни ривожлантиришга оид асарлари Аристотел ва қадимги Рим олими Плиний асарларига ўхшайди. Беруний ва Ибн Сино ушбу масалага катта қизиқиш билдирган, ушбу соҳадаги тадқиқотлар ва тажрибалар «Шифа» («Шифо»), «Асар ул-бокия» («Боқий излар»), «Малил Ҳинд» («Ҳиндистон тўғрисида»), «Ал-Жамаҳир»  китобларида жамланган.

«Ихван ас-Сафа» («Поклик биродарлари» - Х асрда ташкил этилган махфий илмий жамият, унинг мақсади рационал билимларни тарқатиш ва диний ва фалсафий таълимотларни яқинлаштириш эди) рисолаларида баъзи олимлар томонидан эволюция назарияси билан таққосланган борлиқ даражалари ҳақида фикрлар учрайди. Атроф-муҳитнинг тирик мавжудотларнинг шаклланишига таъсири, тирик мавжудотларни тирик муҳитга мослаштириш зарурати, шунингдек, олам пайдо бўлиши жараёнида ернинг мустаҳкамлиги ўсимликлардан ва ўсимликлар ҳайвонлардан олдин пайдо бўлганлиги «Ихван ал-Сафа»да ўзига хос тарзда акс этган. Машҳур тарихчи Масуди (Х аср), шунингдек, Беруний ва Ибн Сино ҳар бирлари ўзларининг фикрлари бўйича кўп денгизлар бир вақтлар қуруқликнинг бир қисми бўлган ва аксинча, бир вақтлар жуда катта қуруқликлар денгиз тубига тегишли бўлган эканлигини баён қилган. Берунийнинг эслашича, қадимги Араб чўллари ва Синд каби ҳозирги текисликлар денгиз тубининг бир қисми бўлган. Ибн Синонинг диққатини табиий омилларнинг ер ҳолатига таъсири жалб қилди. Бу ҳақида ажойиб бир ҳикоя унинг «Асар ал-Билад» (Шаҳарлар излари) китобида берилган. Ушбу китоб Европада немис шоири Рокерт томонидан шеърий таржима қилинган. Китоб дунёдаги туб ўзгаришлар ва табиатдаги ўзгаришлар ҳақида мунозараларни ўз ичига олади. Беруний ва «Ихван-ас-Сафа» олимларининг қадимги (тарихдан олдин) денгиз ҳайвонларининг тошга айланган қолдиқлари хусусидаги фикрлари шубҳасиз қизиқиш уйғотмоқда.

Шундай қилиб, мусулмонлар Европанинг Уйғониш давридан асрлар илгари эволюция масаласига дуч келишди. Агар Берунийнинг асарлари, Ибн Сино ва Розийнинг китоблари сингари, ўрта асрларда европаликларнинг мулкига айланган бўлса, унда улар амалий фанлар соҳасида ва атроф-муҳитни ўрганиш муаммоларини ҳал қилишда анча тезроқ ривожланган бўлар эдилар.

Ислом цивилизацияси" китобидан, Абу Муслим таржимаси