Таҳлилчилар вазият ёмонлашишини башорат қилмоқда.
“Санксиялар узоқ муддатга қўйилган. Ойлаб эмас, йиллаб давом этади. Даромадлар узоқ вақт ўсмайди энди, одамлар қашшоқлашади”, - дейди россиялик иқтисодчи Наталя Зубаревич.
Санксиялар оқибатида Россияда кўплаб корхоналар эҳтиёт қисмларисиз қолди. Натижада, масалан, автомобил саноатида савдо 80 фоиздан кўпга қисқарди.
“Россияда аҳвол ёмонлашмоқда. Саноатнинг айрим қисмлари умуман йўқ бўлиб кетяпти”, - дейди тадбиркор Дмитрий Потапенко.
Расмий рақамлардан эса ўзгача манзара ҳосил бўляпти. Президент Путин ишсизлик паст даражада эканини айтади.
“Апрел ойида Россияда ишсизлик энг қуйи нуқтада бўлган. Май ойида эса расман рўйхатдан ўтган ишсизлар сони ошмади, аксинча ҳатто бир оз пасайди”, - деди у.
Аҳоли инқирозга ишончсизлик ва хавотир билан ёндашмоқда.
“Инфляция ҳаммага таъсир қиляпти, чунки нархлар ошган. Айниқса озиқ-овқат, дориларга”, - дейди ишсиз бир аёл (Естела Каменева).
“Россия қаттиқ зарар кўргани йўқ. АҚШ ва Европанинг ўзида инфляция жуда юқори”, - дейди Роман Марков исмли нафақахўр.
Иқтисодчилар таъминот камомади сабаб нарх ошишда давом этишини, саноатлар эса парчаланишини башорат қилмоқда.
Ғарб матбуотига кўра, Россияга қарши мислсиз ва аёвсиз санкцияларга қарамай, Москванинг Украинадаги ҳарбий амалиёти сустлашгани йўқ.
Санкт-Петербургда Ғарб мамлакатлари иштирокисиз ўтаётган халқаро иқтисодий форумда ҳам санксиялар мавзуси муҳокама этилмоқда. Маҳаллий расмийларга кўра, Ғарб билан қарама-қаршилик Россияга мустақил иқтисодий сиёсат юритишга, тақдирини ўз қўлига олишга, Ғарб маҳсулотлари ва АҚШ долларига тобеликдан қутулишга бир имкониятдир.
"Доллар бутун дунёни ўзига қарам қилиб олган гиёҳванд дорига ўхшайди. Гиёҳванд моддадан қутулиш ҳамиша қийиндир. Доллар наркотикка айланганини бутун дунё англаб етмоқда. Бизни дунёда яккалаб қўймоқчи бўлишди, аммо бунинг уддасидан чиқа олишмади. Россиянинг ҳамкорлари кўп”, - дейди Путиннинг иқтисодий маслаҳатчиси Максим Орешкин.
Форумда Президент Путин ҳам сўзлади. У Европа Иттифоқини суверенитетини АҚШга топширганликда, Американи эса буғдой бозоридаги узилишларда айблади.
"Улар ўз санксиялари билан - бизнес занжирларига зарба бериб, компанияларини Россияни тарк этишга мажбурлаб, Россия мулкларини музлатиб иқтисодиётимиз, молиямиз, инсонлар ҳаётини емирмоқчи бўлишди, аммо бунга эриша олмадилар”, - деди Путин.