Босқинчи давлат Россия ва Литва ўртасида жиддий жанжал келиб чиқди. Москва жазавага тушди, чунки Литва санкция талабларига риоя қилмоқда.
Литва ўз ҳудуди орқали Россиянинг Калининград вилоятига темир йўл транзитини тақиқлади. Москва дипломати орқали Вильнюсни агар яқин орада ҳаммаси ортга қайтарилмаса, Россия ўз манфаатларини ҳимоя қилишидан огоҳлантирган. Федерация Кенгаши Россиянинг қўли эркин бўлишини ва умуман олганда, "бу НАТОнинг Россияга тўғридан-тўғри агрессияси" эканлигини қўшимча қилди.
Россия Федерацияси таҳдидларидан кейин Литва "мана сенга" деб Калининград вилоятини юк машиналари учун ҳам ёпди.
Америка можарога муносабат билдирди. АҚШ Давлат департаменти матбуот котиби Нед Прайс, агар Россия ҳужум қилмоқчи бўлса, НАТО Литвани ҳимоя қилишидан огоҳлантирган ҳолда аниқ баёнот берди.
"НАТОнинг Литва олдидаги мажбуриятлари «метин» ва бизнинг 5-моддага содиқлигимиз бузилмайди", деди Прайс қатъий оҳангда.
5-моддада айтилишича, НАТОнинг бир аъзосига ҳужум қилиш бутун Иттифоққа ҳужум қилишни англатади.