loader
Foto

Фитна замонидаги амалнинг афзаллиги

Саҳиҳ ҳадисда келади: “Кучли мўмин Аллоҳ учун кучсиз мўминдан кўра яхшироқ ва суюклироқдир”.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг яна бир ҳадислари юқоридаги ҳадисни яна ҳам таъкидлайди: “Золим султоннинг олдида ҳақ гапни айтишлик энг афзал жиҳоддир”.

Яна у зот айтадилар: “Шаҳидларнинг саййиди Ҳамза ибн Абдул Мутталиб ва золим подшоҳга амри наҳий қилган ва подшоҳ уни қатл қилган кишидир”.

“Шаҳидларнинг афзали биринчи сафда туриб жидду-жаҳд қилганларидир. Улар ўлгунча юзларини у ёқ буёққа аланглатмадилар. Улар жаннатнинг олий хоналарида фароғатда яшайдилар. Парвардигорлари уларга кулиб қарайди. Агар бирор бандага бирор жойда Парвардигори кулиб боқса унга ҳисоб йўқдир”.

Фитна замонида, машаққатли кунларда ўз динида собит бўлишнинг афзаллиги ҳам худди шу кабидир. Ҳатто баъзи ҳадисларда айтилади: “Сабр кунларида ўз динини маҳкам ушлаган кишига айрим саҳобалардан эллик кишининг ажри берилади”.

Абу Довуд, Термизий, ибн Можжа ўз сунанларида Абу Умайя Шаъбонийдан ривоят қиладилар: Шаъбоний айтади: Мен Абу Саълаба ал-Хушанийдан сўрадим: Эй Абу Саълаба, Мана бу оят ҳақида нима дейсиз:

“Эй мўминлар, ўзингизни билингиз! (Яъни, гуноҳлардан сақланингиз!) Модомики, Ҳақ Йўлни тутган экансиз, адашган кимсалар сизларга зарар етказа олмас. Барчангиз ҳам Аллоҳга қайтишингиз бордир. Ана ўшанда Аллоҳ сизларга қилиб ўтган амалларингизнинг хабарини берур”. (Моида сураси, 105-оят)

Изоҳ: Бу оятни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай шарҳлаган эканлар: «Яхшиликка юрингиз, ёмонликдан қайтингиз! Қачон одамларнинг бахилликка, нафсу ҳавога ва молу дунёга берилиб кетганларини кўрсангиз, ўзингизни бу иллатлардан сақлангиз, шунда уларнинг қилган ишларининг сизга зарари бўлмайди».

Абу Саълаба деди: Роса одамидан сўрадингда, Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан шу ҳақда сўраганимда у зот дедилар: “Яхшилик қилинглар, ёмонликдан қайтинглар. Агар итоат этилган бахилликни, эргашилган ҳавони афзал кўрилган мол-дунёни ва ҳар бир фикр эгаси ўз фикри билан мақтанаётганини кўрсанг ўзингни ушла, одамлардан четлан. Чунки сенинг ортингда шундай кунлар борки, у кунларда сабр қилишлик чўғни ушлаш кабидир. У кунда яхши амал қилган кимсага ўзига ўхшаган яхши амал қилувчининг эллик ажри савоби ёзилади”. Абу Довуд ва Термизий ривояти. Термизий бу ҳадисни ҳасан ғариб деган. Абу Довуд ва Термизий яна зиёда қиладилар: сўралди: Ё Расулулоҳ, ана ўшаларга бизлардан бўлган элликтасининг ажри ёзиладими ёки ўзлариданми? Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва

саллам дедилар: “Сизлардан элликтасининг

ажри ёзилади”.

Ҳадисдаги хитоб аввал ўтган муҳожир ва ансорийларни, Бадр жангги қатнашчиларини, байъати ризвон иштирокчилари бўлган саҳобаларни ўз ичига олмайди. Зотан, уларнинг манзилатига етишни бирор инсон тамаъ қила олмайди. Лекин бу хитобда бугунги кунда, мана бундай кетма-кет чиқаётган фитна шароитида Ислом учун амал қилувчиларга ишора бордирки, Аллоҳ таоло Ўз элчисининг тилида ана ундайларга ғалаба ва гуллаб яшнаган асрдагиларнинг элликтасининг ажри ёзилишини ваъда қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хабар қилган нарса рост бўлиб чиқди - ўз динига амал қилувчи, унга сабр қилувчи инсон худди чўғни ушлаган каби бўлиб қолди.

Маъқал ибн Ясордан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Ҳаражда (танглик пайтида) қилинган ибодат менга ҳижрат қилган билан баробардир”.

“Ҳараж” ихтилоф, фитнадир. Баъзи ҳадисларда қатл деб тафсир қилинган. Зеро, фитна ва ихтилофлар қатлнинг сабабларидир. Сабаб қилинган нарса сабабнинг ўрнига ўтади.

Юсуф Қарзовий, ҳафизаҳуллоҳ

"Амалларнинг мартабаларини англаш" китобидан

(Зиёуддин Мансур таржимаси)

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР