loader
Foto

Имомликка ҳақли кишиларнинг муфассал баёни

 

Имомликка ҳақдорроқ кишиларнинг баёни

Имомликка ҳақдорроқ кишиларни шундай баён қилишимиз мумкин: озод киши қулдан кўра имом-ликка лойиқроқ. Тақволи фосиқдан, кўзи очиқ киши кўзи ожиз кишидан, никоҳ билан туғилган киши ва-лади зинодан ва буларнинг саҳройи бўлмаганлари саҳройиларидан кўра имомликка лойиқроқдир. Энди буларнинг ичида имомликка энг афзали суннатни (намоз ва бошқа ибодатларнинг қонун-қоидаларини) биладиганларидир. Ундан сўнг тақводорроғи, ундан сўнг Қуръонни яхши биладиганроғи ва кейин ёши улуғроғидир. Шак йўқки, бу хислатларнинг барчаси бир инсонда жамланган бўлса, ўша инсон имомликка энг лойиқоқдир. Чунки юқорида баён қилганимиздек, имомлик иши фазилат ва комилликка барпо бўлади. Бу хислатлар жамланган инсон одамларнинг энг комилидир.

Илм, тақво ва Қуръонни яхши ўқиш сифатлари имом учун нақадар муҳимлиги маълум. Энди имом-ликка лойиқроқ кишилар ичида ёши улуғ инсонларнинг саналишига сабаб, ёши улуғ кишининг тоат-ибодати кўпроқ, соч-соқоли Исломда оқарган.

Бу ўлчовга эътибор беришимиз керак. Баъзан одамларимиз бировнинг бошқасидан ёши каттароқ эканинига ишоратан айтишади: «у сендан бир-иккита кўйлакни кўпроқ йиртган», яъни, тўздирган. Бу бир ибора. Лекин мусулмоннинг назарида ёши улуғлик кийилган кўйлакнинг сони билан эмас, қилинган сажданинг, тоат-ибодатнинг миқдори билан ўлчанар экан. Албатта Исломда қариган мусулмоннинг Оллоҳ учун қилган саждаси, намози ўзидан ёшроқ одамга нисбатан кўпроқ бўлади. Мана шунинг учун ҳам улар иззат-икромга лойиқдир. Шунинг учун ҳам динимиз кексаларни эъзозлашга буюради.

Агар мазкур хислатларнинг ё униси ё буниси билан сифатланган бир нечта киши жамланиб қолса, улардан қайси бири имомликка лойиқроқ. Бундай ҳолда уларнинг ичидан қайси бири суннат олими, яъни, ибодат қоидаларини яхши биладиганроқ ва намозда жоиз бўлган миқдорда Қуръонни яхши ўқий олса, ўша киши имомликка ҳақлироқдир.

«Намоз китоби»да зикр қилинишича, Қуръонни тўғри ўқий оладиган киши бошқаларидан муқаддам қилинган: «Қавмга имом бўлишга энг ҳақли киши Оллоҳнинг Китобини яхши ўқийдиганроғи, суннатни яхши биладиганроғи, тақво жиҳатидан афзалроғи ва ёши улуғроғидир».

Бунга далил Абу Масъуд Ансорий розияллоҳу анҳунинг Пайғамбар алайҳис-саломдан ривоят қилган ҳадисидир: «Оллоҳнинг Китобини яхши ўқийдиганроқ (яъни, қорироқ) киши қавмга имомлик қилсин, агар қироатда даражалари баробар бўлса, суннатни яхши биладиганроғи уларга имомлик қилсин, агар қироат ва суннатни билишда баробар бўлсалар, аввалроқ ҳижрат қилган киши имомлик қилсин, агар бу сифатда ҳам тенг бўлишса, ёши улуғроғи имомликка ўтсин, агар бу сифатларда баробар бўлиб қолишса, хулқи гўзали имомлик қилсин, агар бу сифатларнинг барчасида тенг бўлишса, юзи чиройлироқ киши имомликка ўтсин».

Баъзи уламолар ҳадисда жорий бўлган тартибнинг зоҳирига қараб, Қуръонни яхши ўқийдиганроқ кишини имомликка энг лойиқроқ деб тушунган. Чунки Пайғамбар алайҳис-салом сўзни шундан бошлаган. Лекин тўғрироғи, суннатни — ибодат қоидаларини яхши биладиганроқ ва намозда жоиз бўлган миқдорда Қуръонни яхши ўқий оладиган киши имомликка ҳақлироқдир.

Абу Ҳанифа бунинг бир нечта сабабларини ўз асарларида зикр қилган. Қироат намознинг битта рукни. Намозхон жоиз бўлган миқдорда қироатни билар экан, энди у намоз давомида билиши лозим бўлган боппқа ишлар ҳам бор. Эҳтимол, намоз ичида у кутилмаган масалага дуч келиб қолади. Масалан, намозда қайсидир вожиб амални тарк қилса, уни «саждаи саҳв» билан тўғирлаш илмидан хабардор бўлиши керак. Бундан ташқари қироатнинг ўзида ҳам қори албатта билиши лозим, агар билмаса, айни хато сабабли намоз бузилиши мумкин бўлган ўринлар бор. Шунинг учун ҳам ибодат қонун-қоидаларини биладиганроқ кишининг имомлиги афзалроқдир. Ҳатто айтишади: «Бир киши ибодатнинг қонун-қоидаларини яхши билади, очиқ бузуқликлардан сатрланади. Яна бир киши эса Қуръонни яхши ўқийди ва ҳалиги олимдан кўра тақволироқ. Мана шу икки кишидан биринчисининг имомликка ўтиши лойиқроқдир». Энди ҳадисда Қуръонни яхши ўқийдиганроқ одамнинг имомликка лойиқроқ кишилар аввалида кел-тирилишига сабаб, Пайғамбар алайҳис-салом замонларида Қуръонни яхши ўқийдиганроқ киши Қуръоннинг маъно ва ҳукмларини яхши биладиганроқ ҳам бўлган.

Мусанниф Алоуддин Косоний раҳматуллоҳи алайҳ масалага изоқ бериб айтадики, бизнинг замонамизда (қарийб минг йил олдинги давр айтиляпти) кишилар ҳам борки, улар Қуръон ҳифзида моҳир, аммо илми йўқ. Бундай қоридан кўра олим киши намозда имом-ликка лойиқроқдир. Агар илмда баробар бўлсалар, тақволироғи имомликка ҳақлироқ. Чунки киши намозга тааллуқли илмдан ва намозда жоиз бўладиган даражада қироат қилишга қодир экан, энди унинг учун энг муҳими тақво. Яъни, намознинг сурати суннатга мувофиқ адо қилиниши билан бирга намозхоннинг ичкариси, қалбидаги холислик ҳам шунга муносиб бўлиши керак. Бу эса тақво билан амалга ошади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам айтган: «Ким тақволи олимнинг орқасида намоз ўқиса, гўё у Пайғамбар орцасида намоз ўқибди».

Ҳадисда аввалроқ ҳижрат қилган кишининг имомликка ҳақлироқ экани ҳам айтилди. Чунки ўша пайтда ҳижрат фарз эди, кейин Макка фатҳ қилингач, бу ҳукм Пайғамбар алайҳис-саломнинг ушбу сўзлари билан бекор қилинди: «Фатҳдан сўнг ҳижрат йўқ». Яъни, Макка фатҳ қилиниб, тўла мусулмонлар қўлига ўтгач, Маккадан Мадинага ҳижрат қилиш ҳукми тутади. Бу ерда «аввалроқ ҳижрат қилган киши» дейилганида ҳам тақволироқ киши назарда тутилаётган бўлиши мумкин. Чунки Оллоҳдан қўрқиб, ёмон саналган энг кичик ишлардан ҳам тийилаётган киши инсоннинг орқасида намоз ўқишга одамларнинг рағбати кўпроқ бўлади.

Олимлардан баъзиларининг айтишича, ҳадисдаги «барча сифатларда баробар бўлиб қолишса, улардан юзи чиройлироғи имомликка ҳақлироқ» деган иборани «юзи чиройлироғи» деб эмас, «тажрибаси кўпроғи» деган маънода тушуниш лозим. Бу қарашга кўра, ҳадисдаги «важҳ» сўзидан инсоннинг юзи эмас, ишнинг бир жиҳати, ечими англашиляпти. Масалан: «бу ишнинг ечими шундай» — дейилгани каби.

Яна баъзилари айтишади: Ҳадисдаги  «тунги намози кўпроғлари» деган маънодадир. Чунки шундай ҳадис бор: «Кимнинг тунгги намози кўп бўлса, кундузида унинг юзи чиройли бўлади». Яъни, тунда кўп ибодат қилган кишининг юзидан кундуз кунида нур балқиб туради.

Китобимиз мусаннифи Алоуддин Косоний айтадики, (***) иборасини бундай зўрма-зўраки изоҳлашга ҳожат йўқ. Маъно иборанинг зоҳирида аён бўлиб турибди. Эргашиладиган кишининг юзи чиройлироқ бўлиши эргашувчиларни унга иқтидо қилиб ибодат қилишга чорлайди. Бундай кишининг имом бўлиши жамоатнинг кўпайишига сабаб бўлади. Бу имомликка арзийдиган сифатдир.

Мезбоннинг уйида меҳмоннинг имомликка ўтиши ҳам макруҳдир. Лекин меҳмон мезбоннинг имом бўлишига изн берса, макруҳ эмас. Чунки юқорида Бани Усайд қавмининг озод бўлган қули Абу Саъиддан ривоят қилинган ҳадисда бу масаланинг жавоби айтилган эди. Бу хусусда яна Пайғамбар алайҳис-саломнинг шундай сўзлари бор: «Бир кишига ўша кишининг салтанатида бошқа киши имомликка ўтмайди, уй эгасининг изнисиз кўрсатилган жойдан бошқасини эгалламайди. Чунки мезбон ўз уйининг ҳолатини яхши билади».

Бу ҳадис диёримизда урфга кирган бир салбий ҳолатга жавобдир. Кўпинча тўй-маъракаларда баъзи одамлар «ўтинг» деган жойга ўтмасдан одоб сақлаган бўладилар. «Тўрга улуғлар ўтсин, менинг жойим пойгакда» деган маънодаги бу истиҳолани тушуниш мумкин. Лекин «ўтинг-ўтинг»лар чўзилиб, ҳаммани ноқулай аҳволга соладиган даражага етса, бу дуруст эмас. Ҳатто шундай ҳолатлар бўлади, зиёфат ўртасида даврага кимдир қўшилса, суҳбат-у меҳмондорчилик келган жойида тўхтаб, келган одам тўрроққа ўтишга таклиф қилинади, у эса ўтмайман, деб туриб олади, орада ҳамма безовта бўлади. Камига у киши жойини топиб олгунча таом устида узундан-узоқ кўришишлар, сўрашишлар бошланади... Бундай қилишлар суннатга хилоф экан. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва саллам бирор мажлисга келиб қўшилса, бўш жойга ўтириб оларди ва саҳобаларга ҳам шуни буюрарди.

Яна бир ривоятда айтилишича, меҳмоннинг (мезбон изнисиз) имомликка ўтиши уй эгаси ва унинг қариндошларига нисбатан ҳурматсизлик бўлади. Бу эса Пайғамбаримиз намуна қилиб кўрсатган «макоримул ахлоқ»қа муносиб иш эмас.

Агар уй эгаси изн берса, меҳмон имомликка ўтишининг зарари йўқ. Чунки имомликка ўтиш мезбоннинг ҳаққи, мезбон бу ҳақни меҳмонга берган экан, бунинг кароҳияти йўқ.

Имом Муҳаммад Аслдан бошқа ривоятларда зикр қилишича, агар меҳмон салтанатга дахлдор киши бўлса, мезбон изнисиз ҳам имомликка ўтиши мумкин. Чунки бунга ўхшаган меҳмонларга изн сўзсиз ҳам собит ва уларнинг имомликка ҳақдорлиги ҳақидаги ҳужжат изн каби бўлади. Агар меҳмон султоннинг ўзи бўлса, қаерда бўлишидан қатъи назар, имомлик унинг ҳаққидир. Бошқа бировнинг султондан олдин туришга - имомлик қилишга ҳақи йўқ. Магар, султон шунга изн берса, имомлик қилиши мумкин, валлоҳу аълам.

Алоуддин Касонийнинг "Бадоеус саноеъ" китобидан

Шайх Алоуддин Мансур, роҳимаҳуллоҳ шарҳи