loader
Foto

Кремлнинг рубл курсини оширишга уриниши Россия иқтисодиёти ва Қозоғистон бизнесига зиён етказмоқда

Москванинг рубл курсини сунъий равишда оширишга қаратилган капитал назорати Россиянинг аллақачон инқирозга учраган иқтисодига оғир юк бўлиб тушган ва унинг экспортчиларига зарар етказмоқда.

24 феврал куни Москванинг Украинага бостириб кириши ортидан жорий этилган халқаро санкциялар Россияни қимматли маҳсулотлар – смартфонлардан тортиб, Аэробуслар ва модали кийимларгача импорт қилиш имкониятидан маҳрум этган.

Бу воқеадан кўп ўтмай рубл кескин қадрсизлана бошлади ва босқиндан кейин бир АҚШ доллари 140 рублгача чиқди.

Россия банки март ойида россияликларнинг чет эл валютасига талабини камайтириш ва рублга бўлган талабни ошириш мақсадида чекловлар жорий қилди.

Март ойида «Марказий банк фуқароларнинг чет эл валютасидан фойдаланишига чекловлар қўйиб, уларга 9 сентябргача 10 минг доллардан ортиқ пул ечиб олишга рухсат берилмаслиги ва банклар қаттиқ валютани нақд кўринишида сота олмаслигини айтди», деб хабар берди Reuters 10 март куни.

Бундай чора-тадбирлар натижасида чоршанба (29 июн) куни курс бир доллар учун қарийб 52 рублга тенг бўлди.

Рубл курси кескин пасаймаган бўлса-да, Москванинг босқини туфайли келиб чиққан бошқа иқтисодий муаммолар сақланиб қолмоқда.

«Россия иқтисоди таназзулга учрамоқда. 2022 йил охиригача ЯИМ 30% га тушиши прогноз қилинмоқда», деб ёзган Халқаро молия институти бош иқтисодчиси Робин Брукс май ойида твитида.

Якшанба куни тўланиши керак бўлган 100 миллион долларга яқин фоизлар бўйича имтиёзли давр тугагач, Россия бир асрдан кўпроқ вақт ичида илк марта хорижий валютадаги суверен қарзини тўламай, дефолтга йўл қўйган. Бу ҳақда душанба куни Bloomberg News хабар берди.

Охирги марта бундан ҳолат 1918 йилда юз берган эди.

Ўсаётган рубл

Россиянинг капитал назорати миллий бюджетга ҳам таҳдид солмоқда.

Март ва апрел ойларида Россия Европага энергия сотишдан 47 миллиард доллар ишлаб олди, бу Россиянинг 2021 йилнинг март-апрел ойларида худди шу бозордаги даромадидан икки баравар кўп, гарчи «Москванинг МДҲга кирмайдиган мамлакатларга газ экспорти... 2022 йилнинг дастлабки беш ойида деярли 28% га камайган бўлса ҳам», деб хабар берган CNN июн ойи бошида.

Бироқ, энергия ресурслари савдоси асосан хорижий валютада, хусусан, Россиядаги харажатлар учун рублга айирбошланиши керак бўлган долларда баҳоланади.

Айирбошлаш курсининг юқорилиги ҳукуматнинг энергия сотишдан камроқ рубл ишлашини англатади. Россия шунингдек, санкциялар туфайли чет эл валютасини импорт учун сарфлай олмайди.

«Иқтисод қонуни оддий: маҳсулотга талаб қанча кўп бўлса, унинг нархи шунчалик юқори бўлади. Валюта бозорида рубл билан ҳам худди шундай ҳолат кузатилмоқда - унинг курси кўтарилди», дейди олмаоталик молиячи Арман Бейсембаев.

Рублнинг мустаҳкамланиши Россия экспортчиларига катта йўқотишлар билан таҳдид солади, чунки улар рубл олар экан, улар урушдан олдинги даврга қараганда камроқ пул ишлаган бўлади.

Илгари экспортчи 1000 долларни 84 минг рублга алмаштириши мумкин эди. Агар ўша 1000 доллар энди атиги 53 минг рублга тушса, бу энди бошқа масала, деди у.

«Бундан ташқари, бу Россия бюджети учун катта йўқотишдир, чунки ҳисоб-китобларга кўра, доллар курсининг 1 рублга ошиши Россия ғазнасига 6 миллиард рублга тушмоқда», деди у.

«Россия бюджетининг даромадлари ва харажатлари бир доллар учун 70 рубл курсида белгиланuган ва курс 52 га мустаҳкамлангач, бюджет 108 миллиард рублга қисқарди».

«Россия молия мутасаддилари рублнинг бироз заифлашувини истайди, лекин уларда бундай имконият йўқ. Шу тариқа мамлакат сиёсати унинг иқтисодиётига зарар етказамоқда», дейди Бейсембаев.

Қозоғистон жабр кўради

Россиянинг ҳаракатлари Қозоғистонга ҳам бевосита таъсир қилмоқда.

Рублнинг мустаҳкамланиши Қозоғистон харид қилаётган товарлар ва хомашёнинг янада қимматлашувини англатади, деди Бейсембаев.

Россиялик таъминотчилар билан ишлайдиган айрим қозоқ компанияларининг харажатлари икки баробар ошади, деб айтган у.

«Ушбу курс бўйича ҳисобларни тўлай олмайдиганлар етказиб берувчиларни бошқа мамлакатлардан излашга мажбур бўлишади».

«Аммо бунда ҳам муаммо пайдо бўлади», деб қўшимча қилган Бейсембаев.

«Биз Хитойдан қурилма ва техникани тўғридан-тўғри импорт қила олмаймиз, буни фақат Россия (агар истеъмолчи хитой ёки инглиз тилини билмаса ва ҳужжатларнинг рус тилида бўлишини истаса) орқали амалга ошириш мумкин. Муаммо шундаки, Россия сифат сертификатлари, кафолат ҳужжатлари, фойдаланиш қўлланмалари ва дастурий таъминотни русчалаштиради ва шундан кейин маҳсулот Қозоғистонга экспорт қилинади».

Оддий мисол – смартфонлар ва маиший техника русчалаштирилмай Қозоғистонга киритилмайди, деб айтган у. Агар санкциялар Россияни бу қурилмалардан узиб қўйса, Қозоғистон ҳам узилади.

Мисол учун Германиянинг юқори сифатли ошхона маиший техникасини ишлаб чиқарувчи Miele компанияси ўз товарларини МДҲ давлатларида сотиш учун Россияга эксклюзив ҳуқуқ берган, дейди Бейсембаев.

Қозоғистоннинг Россия билан алоқаси, шунингдек логистика занжиридаги муаммолар сабабли Қозоғистонда инфляция ошади, деб айтган у.

Расман 14 фоиз кўрсаткичидаги инфляция жорий йилнинг охирига келиб 20 фоизга чиқиши мумкин, деб айтган у.

«Россияликлар жуда моҳирона ҳаракат қилишмоқда. Россиянинг полицияси ҳақида нима десангиз дейишингиз мумкин, аммо унинг молиявий ва иқтисодий сектори мукаммал ишламоқда, ўзига хизмат кўрсатиш схемаларини ишлаб чиқмоқда ва ундан фойда кўрмоқда».

«Аммо ҳозир (Россия президенти Владимир) Путин унинг (Россиянинг молиявий сектори) устига оғир тош босиб қўйди ва улар қандай қилиб бу вазиятдан чиқишларини тасаввур қилиш мушкул», деди у.