loader
Foto

Алиев Қорабоғдаги вазиятда Россияни очиқчасига айблади

Озарбайжон президенти Илҳом Алиев Қорабоғдаги вазият туфайли Россия Федерациясини очиқ айблади. Озарбайжон раҳбари Россия мудофаа вазирлиги арман қўшинларининг минтақадан олиб чиқиб кетилишини таъминлашга ваъда берганини, бироқ бу ҳеч қачон бажарилмаганини эслатди, деб ёзади "Интерфакс-Азербайджан".

Озарбайжон раҳбари бу масалани Россия Мудофаа вазирлигининг юқори мартабали амалдорлари олдида бир неча бор кўтарганини, аммо муаммо ҳал этилмаганини айтди.

Алиев 2020 йил 10 ноябрдаги уч томонлама декларацияга тўхталиб, унга кўра Арманистон томони ўз қуролли тузилмаларини Қорабоғ ҳудудидан олиб чиқишга мажбур бўлди. Россия, ўз навбатида, бу жараёнга ёрдам беришга ваъда берганди.

"Россия тинчликпарвар кучлари уларни бунга мажбурламаяпти (арман қўшинларини Қорабоғ ҳудудидан олиб чиқиб кетишга - таҳр.). Бу мақбул эмас ", - дея таъкидлади Озарбайжон президенти.

Алиев Ереванни Қорабоғдан ҳарбийларини олиб чиқиш ниятида бўлмаса, ўз мажбуриятларидан очиқчасига воз кечишга чақирди.

"Бу ҳолатда нима қилиш кераклигини билиб оламиз", деб қўшимча қилди Озарбайжон раҳбари, бироқ Бокунинг жавоби қандай бўлиши мумкинлигини аниқлаштирмади ва буни ҳозирча муҳокама қилиш мақсадга мувофиқ эмаслигини айтди.

Алиев, шунингдек, Қорабоғ масаласи ёпиқ эканини таъкидлаб, Арманистонни минтақанинг мақоми масаласини кўтармасликка чақирди.

Якунда Озарбайжон президенти Боку янги урушни истамаслигини ва тинчлик тарафдори эканини, бироқ айни пайтда керак бўлса, муайян қадамлар қўйишга тайёр эканини таъкидлади.