“...ғазабларини ичларига ютадиган, одамларнинг (хато-камчиликларини) афв этадиган кишилардир. Аллоҳ бундай яхшилик қилувчиларни севади” (Ол-и Имрон сураси, 134-оят).
Чунки улар ғазабларини тиядилар, гина қилмайдилар, балки улар гина-адоват юкидан озоддирлар. Улар кечириш-афв уфқларида юрадилар, натижада соф нафсга, унинг шодлигига, роҳатига ва бундан ҳам катта Аллоҳнинг муҳаббат-ризосига эришадилар.
Кечириш - олийликдир. Унга фақат қалблари Ислом ҳидоятига очилган, нафслари унинг олий ахлоқи билан хулқланган, натижада нафслар ғалаба, ўч олиш истагидан кўра, Аллоҳнинг ҳузуридаги мағфират ва савобни афзал кўрувчилар қодир бўладилар.
Дарҳақиқат, Қуръони Карим инсоннинг нафсини юксак чўққи томон ундашда энг гўзал услубни қўллаган. Зеро, Қуръони Карим ўзига зулм етган инсон ғалабани исташи, ўзидан тажовузни даф қилиши кераклигини таъкидлаган. Чунки ёмонликнинг жазоси ёмонлиқцир. Лекин Қуръони Карим биродари тарафидан ҳақсизлик етган инсон нафсини қондириш, биродаридан ўч олиш учун ташлаб қўймади, балки унинг қўлидан мулойим тутиб сабр, кечириш чўққисига тортди ва унга мана шу чўққига чиқмоқлик энг мақсадга мувофиқ йўл эканлигини таъкидлади.
“Улар ўзларига зулм етган вақтда (унга қарши курашиб) ғолиб бўладиган зотлардир. Зеро (Ҳар қандай) ёмонликнинг жазоси худди ўзига ўхшаган ёмонликдир (яъни, ҳар бир ёмонликнинг ўзига яраша жазоси бордир). Энди ким (интиқом олишга қодир бўлгани ҳолда) афв қилиб (ўртани) тузатса, бас, унинг ажри Аллоҳнинг зиммасидадир. Албатта, У зулм қилгувчиларни севмас. Албатта, ким мазлум бўлганидан сўнг (ўзига зулм қилган кимсадан) ғолиб бўлса, (интиқом олса), бас, улар(ни олган интиқомлари учун айблаш)га йўл йўқдир. Фақат одамларга зулм қиладиган ва Ерда ноҳақ ҳадларидан ошадиган кимсалар(ни айблаш ва зулму зўравонликлари учун жазолаш)гагина йўл бордир. Ана ўшалар учун аламли азоб бордир. Албатта, ким (ўзига етган озор-азиятларга) сабр қилса ра (интиқом олмай, Аллоҳ учун) кечириб юборса, шак-шубҳасиз, бу (иш) ишларнинг мақсадга мувофиғидир” (Шўро сураси, 39-43-оятлар).
Баъзи гуноҳкор тиллар Абу Бакр Сиддиқнинг қизи Оиша розияллоҳу анҳо - мўминлар онаси ҳақида чайнаган бўҳтон гапларни эшитган Абу Бакрнинг нафсини қайғу тўлқини эгаллагач, у зот ана ўша нонкўрлардан мана шу гуноҳ сўзни кўтариб юрганлари учун ўз яхшилигини узишни қасд қилди, шунда Аллоҳ таоло ушбу оятини туширди:
“Сизлардан фазл ва кенг-катта (мол-давлат) эгалари қаринлошларга, мискинларга ва муҳожирларга Аллоҳ Йўлида инфоқ-эҳсон қилмасликка қасам ичмасин, балки (уларни) афв қилиб, кечирсинлар! Аллоҳ сизларни мағфират қилишини истамайсизларми?! Аллоҳ Мағфиратли, Меҳрибондир” (Нур сураси, 22-оят).
Мусулмонлар жамиятида шахслар орасидаги муомала бир-бирини жазолаш, ҳисобкитоб, шахсга ғолиб келиш, ҳар бир каттакичик ишда ҳақини талаб қилиш устига бўлмай, балки у муомала кечириш, хатолардан кўз юмиш, сабр устига барпо бўлади ва бу Ислом далиллари унга чақирган, Ислом динининг тўғри, олий кўрсатмаси унга ундаган нарсадир:
“Яхшилик билан ёмонлик баробар бўлмас. Сиз (ҳар қандай ёмонликни) энг гўзал сўзлар билан даф қилинг! (Шунда) баногоҳ сиз билан ўрталарингизда адоват бўлган кимса қайноқ-содиқ дўст каби бўлиб қолур. Унга (ёмонликни яхшилик билан даф қилиш хислатига) фақат сабр-тоқатли зотларгина эрипгурлар, унга фақат улуғ насиба эгасигина эришур” (Фуссилат сураси, 34 - 35-оятлар).
Ёмонликка доимо ёмонлик билан жавоб қайтариш қалбларни нафратга тўлдиради, гиналарни пайдо қилади, адоватни ундириб чиқаради. Аммо ёмонликка яхшилик билан жавоб қайтариш эса ғазаб ўтини ўчиради, нафс алангасини пасайтиради, адоват кирларини ювади, натижада икки душманнинг биридан айтилган ширин сўз, гўзал табассум билан у иккиси яқин дўстга айланади. Ёмонликни яхшилик билан даф қилган кимса учун бу иш буюк зафардирки, бу зафарга буюк насиба эгасигина эриша олади. Худди ояти карима ёмонликка сабр қилишга буюргани каби.
Бу мўминнинг хулқидирки, ояти карималар мусулмонларнинг нафсларига мана шу хулқни ўрнатиш учун ҳаракат қилади. Шу ерда мўминдан мана шундай ўринларда ғазабини босиши, ортидан гина, адоват қолдирмаган ҳолда чиройли кечириши талаб қилинади.
“...Бас, (шундай экан, эй Муҳаммад алайҳиссалом, Сиз жоҳил - кимсаларнинг етказаётган озор-азиятларига сабр-тоқат қилинг ва улардан) чиройли юз ўгириш билан юз ўгиринг!” (Ҳижр сураси, 85-оят).
Мана шу улуғ инсоний хулқ - кечириш хулқига тўлган, уни инсонлар нафсида томир оттиришга ундаган, ўзини йўлида юришга, унга эргашишга чақирган, мусулмонларнинг имоми, тарбиячиси, намунаси бўлган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сифатланган бу хулқнинг олий йўлини сифатлаган ояти карималардан ҳадиси шарифлар ҳам кам эмасдир.
У зот Аллоҳ таолонинг кўрсатмасини гавдалантирган эдилар:
“Афв - марҳаматли бўлинг, яхшиликка буюринг ва жоҳиллардан юз ўгиринг!” (Аъроф сураси, 199-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу оятларга амал қилган ҳолларида бутун инсонларни қамраб олган гўзал Раббоний хулқнинг тенгсиз намунаси эдилар. Бас, уларнинг ёмонлигига ёмонлик билан жавоб қайтармас, балки унга афв, жоҳиллардан юз ўгириш билан, ёмонликка яхшилик билан жавоб қайтарар эдилар: Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга юрган эдим, у зотнинг устларида ҳошияси дағал бўлган нажроний тўнлари бор эди. Бир аъробий келиб у зотнинг ёқаларидан қаттиқ тортди. Мен халиги аъробийнинг қўпол ҳаракати натижасида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг елкаларида тўннинг дағал ҳошияси из қолдирганини кўрдим. Аъробий: “Эй Муҳаммад, ҳузурингдаги Аллоҳнинг молидан менга беришларини буюр!” - деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга қараб кулдилар ва унга ўша молдан беришни буюрдилар” (Бухорий ва Муслим ривояти).
Яна у зотнинг улуғ хулқларига далолат қиладиган далиллардан бири, у зот ўзларига заҳарланган қўй гўштини ҳадя қилган яҳудий аёлни кечирганларидир. Икки шайх ва бошқалар ривоят қилишларича, бир яҳудий аёл Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга заҳарланган қўй гўштини ҳадя қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва бир қанча саҳобалар ундан едилар. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларига: “Ейишдан тўхтанглар, бу гўшт заҳарланган экан”, дедилар. Аёлни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига олиб келишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у аёлга: “Сени бундай қилишга нима мажбур қилди?” - дедилар. Аёл: “Билмоқчи бўлдим, агар пайғамбар бўлсангиз Аллоҳ таоло сизга унинг хабарини беради ва сизга бу нарса зарар қилмайди, агар пайғамбар бўлмасангиз сиздан қутуламиз, деб ўйлаган эдим”, деди. Саҳобалар: “Уни ўлдирайликми?, - дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Йўқ”, - дедилар ва уни кечирдилар.
Давс қабиласи осий бўлиб, Аллоҳнинг ва Расулининг амрига бўйсунишдан бош тортгач, Туфайл ибн Амр Давсий розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келиб: Давс осий бўлди ва бош тортди, уларни дуоибад қилинг, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қиблага қараб қўлларини кўтардилар. Одамлар Давс ҳалок бўлди, дейишди. Лекин умматларига Аллоҳнинг азоби келишини истамайдиган меҳрибон юмшоқ феъл эгаси бўлмиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Давсни шундай деб дуо қилдилар: “Аллоҳим, Давсни ҳидоят қил, уларни бу ерга келтир. Аллоҳим, Давсни ҳидоят қил, уларни бу ерга келтир. Аллоҳим, Давсни ҳидоят қил, уларни бу ерга келтир” (Бухорий ва Муслим ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам доимо мусулмонларнинг нафсларига гарчи тўсиш, юз ўгириш, алоқани узиш каби муомала билан қабул олинсалар ҳам афв, кечиримли бўлиш хулқини экиб келдилар. Чунки у зот ўзларининг тарбиявий чуқур назарлари билан шуни билар эдиларки, албатта, қаттиқлик, қўполликдан кўра, кечиримлилик хулқига эга бўлган олий хулқ эгалари ўзгаларга кўпроқ таъсир ўтказади. Шунинг учун ҳам у зот Уқба ибн Омир: Эй Расулуллоҳ, менга энг афзал амалларнинг хабарини беринг, деб сўраганида айтдилар: “Эй Уқба, сендан узилган билан алоқа боғла, сенга бермаганга бер, сенга зулм қилгандан юз ўгир”, дедилар. Бошқа ривоятда: “Сенга зулм қилганни кечир”, дедилар (Аҳмад ва Табароний ривояти).
Муҳаммад Алий Ҳошимийнинг
"Мусулмон ахлоқи" китобидан
Заҳириддин Мансур таржимаси