loader
Foto

Ўзбекистон Россияни четлаб ўтишга интилар экан, темирйўл орқали денгиз йўлларига чиқмоқчи

18 июл куни Афғонистонда Ўзбекистон, Покистон ва Афғонистонлик мутахассислар Транс-афғон темир йўли йўналишини белгилашга киришдилар, деб хабар беради «Дунё» агентлиги Покистоннинг Афғонистон бўйича махсус вакили Муҳаммад Содиққа таяниб.

Тошкент расмийлари 2021 йилнинг феврал ойида Афғонистоннинг Мозори Шариф ва Кобул шаҳарлари ҳамда Покистоннинг Пешовар шаҳарларидан ўтувчи темир йўл қурилиши бўйича йўл харитасини имзолаган эдилар.

Ўзбекистонда ушбу темирйўлнинг Термиз шаҳридан Мозори Шарифгача бўлган қисмини аллақачон барпо этган.

Пешоварда темир йўл қуриб бўлинганидан кейин ишчилар юкларни тушириб, кейин уларни Покистоннинг Карачи, Гвадар ва Қосим портларига олиб боришарди.

2018 йилда Ўзбекистон томонидан илк бор таклиф қилинган темир йўл қурилиши беш йил давом этиши кутилмоқда, унинг қиймати 4,8 миллиард долларни ташкил этади, деб ёзади The Diplomat 26 июл куни.

Қарийб 600 км узунликдаги темир йўл қуриб битказилгач, Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг бошқа давлатларини Ҳинд океанига яқинлаштиради ва режага кўра, Ўзбекистондан Покистон денгиз портларига юкларни етказиб беришга кетадиган вақтни 30-35 кундан 10-15 кунга қисқартиради.

Транспорт харажатлари ҳам 30-35 фоизга қисқариши кутилмоқда, дея хабар берган «Газета.уз» 2021 йилнинг февралида. Транс-афғон йўлаги дастлабки йилларда йилига 10 миллион тоннагача юк ташиш имконини беради, деб қўшимча қилади нашр.

Россияга қарамликни камайтириш

Tashkent Times нашрига кўра, Ўзбекистон ташқи савдо айланмасининг қарийб 80 фоизи Қозоғистон, Қирғизистон, Россия ва Беларус орқали шимолга йўналган Евроосиё транспорт инфратузилмасига боғлиқ, деб айтган Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2020 йил январида парламентда.

Ўзбекистонни халқаро бозорлар билан боғлайдиган саккиз асосий транспорт йўлагидан учтаси Россия ҳудуди орқали ўтади.

Аммо ҳозир, Россиянинг февралда Украинага бостириб кириши ортидан, бу йўналишлар Ғарб санкциялари туфайли тўсилиб қолган.

Мирзиёев март ойида Исломободга ташрифи чоғида ушбу лойиҳанинг муҳимлигини таъкидлаган эди.

«[Термиз-Мозори Шариф-Кобул-Пешовар йўналишидаги] темирйўл бизнинг умумий келажагимиздир», деди у. «Бу йўналиш қурилиши тугаллангач, биз Покистонни Марказий Осиё билан боғлайдиган энг қисқа, арзон ва хавфсиз йўлакни яратамиз».

«Бу темирйўл ҳудудларимиз қиёфасини бутунлай ўзгартиради», деди Мирзиёев «Подробно.уз» нашрига кўра.

Мустақилликни мустаҳкамлаш

Тошкент феврал ойида уруш бошланганидан бери Россия билан иқтисодий алоқалар бўйича нозик мувозанатни сақлаб келмоқда, бироқ иккиламчи санкциялар таҳдиди йўқолгани йўқ.

Ҳозир Ўзбекистон учун янги транспорт йўналишларини излаш ҳар қачонгидан ҳам муҳим, дейди тошкентлик сиёсатшунос Фарҳод Мирзабоев.

Минтақа ва дунёдаги геосиёсий вазият шуни тақозо этмоқда, деди у.

«Барча мавжуд қийинчиликлар ва тўсиқларга қарамай, Ўзбекистон ушбу лойиҳани амалга ошириш учун Афғонистон ва Покистон билан ҳамкорлик қилиши керак», деди у.

«Лойиҳага шубҳа билан қараётган экспертлар ва сиёсатчиларнинг фикр-мулоҳазалари ва далилларидан хавотирланмаслик керак, чунки бу темирйўл мустақиллигимизни мустаҳкамлайди».

Айрим кузатувчиларга кўра, муаммолар ҳам йўқ эмас.

Ўзбекистонлик тарихчи олим Равшан Назаровнинг фикрича, мамлакатлар барқарор ижтимоий-иқтисодий тараққиётни таъминлаш учун турли транспорт йўналишларига муҳтож.

Ўзбекистон ҳозирда фақат Қозоғистон ва Россия орқали ўтадиган эски ва тасдиқланган шимолий йўлаклардан фойдаланмоқда, дейди у.

Бироқ, жанубга Афғонистон орқали, шарққа Қирғизистон ва Хитой орқали, ғарбга эса Каспий денгизи ва Кавказ орқали ўтадиган йўналишлар ҳали режа босқичида.

Бу муқобил йўллар ичида «Қирғизистон ва Хитой ўтадиган шарқий йўналиш ҳозирги кунга қадар энг реал йўналишдир», деди Назаров ва Афғонистондаги беқарорлик жанубий йўналиш учун муаммо бўлиб қолаётганини қўшимча қилди.

Тарихчи, совет-афғон уруши фахрийси тошкентлик Максим Матназаров ҳам шундай фикрда.

Афғонистондаги беқарорлик «халқаро молия институтлари ва жаҳоннинг етакчи давлатларини темирйўл лойиҳасига жалб қилиш масаласини мураккаблаштиради», дейди у.

Афғонистоннинг рельефи ҳам тоғли, шу сабабли уни кесиб ўтиш учун кўплаб кўприклар, туннеллар ва бошқа айланма йўллар керак бўлади, бу эса қурилиш харажатларини оширади, деб қўшимча қилди у.

Минтақавий алоқалар ва имкониятлар

Шундай бўлса-да, лойиҳа минтақа раҳбарлари томонидан қўллаб-қувватланмоқда.

Қозоғистон Транс-афғон темир йўли қурилишига ёрдам беришга тайёр, деди Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев 21 июл куни Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг учрашувида.

«Биз темир йўл қурилишини материаллар билан узлуксиз таъминлай оламиз ва кўчма состав тақдим этишимиз мумкин», деб айтган у Қирғизистоннинг Чўлпон-Ота шаҳрида Kapital.kz нашрига кўра.

Айни пайтда Покистон ва Ўзбекистон ўртасида Афғонистон орқали ўтувчи автомобил маршрути йўлга қўйилган. Июн ойида Ўзбекистон юк машиналари ҳайдовчилари у орқали илк марта Покистонга юкларни етказди, деб хабар беради Ўзбекистон транспорт вазирлиги.

2760 км масофадаги Карачига сафар бир ҳафта давом этди. Юк машиналари музлатилган гўштни етказиб беришди.

Бу орада Грузия бош вазири Ираклий Гарибошвили 19 июл куни Ўзбекистонга ташрифи чоғида Ўзбекистон юкларини Грузиянинг Қора денгиздаги Поти ва Батуми портлари орқали Европага экспорт қилиш имкониятини таклиф этди, деб хабар беради Мирзиёев матбуот хизмати.

Россия ҳарбий-денгиз кучларининг Украинадаги Қора денгиз портларини қамал қилгани туфали ҳозирда бу портлардан фойдаланиш имконсиз бўлса-да, геосиёсий воқеликлар ҳам Грузия орқали транзитни тақозо қилмоқда, дейди тошкентлик сиёсатшунос Мирзабоев.

«Ўзбекистон мавжуд муқобил йўналишларга, жумладан, Жанубий Кавказдан ўтувчи йўналиш – Боку-Тбилиси-Карс темир йўлига кўпроқ эътибор қаратишга ҳаракат қилмоқда», дейди Афғонистон бўйича мустақил ўзбекистонлик таҳлилчи Акром Умаров.

«Бу йўналиш Европага ҳам қуруқлик, ҳам денгиз орқали чиқиш имконини беради», деди у.

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР