Шарҳ: Аллоҳ таоло яхши амал қилувчи мўминларни афв этиб, уларни амаллари билан эмас, Ўз раҳмати ва фазли ила жаннатга киритишини умид қиламиз.
Улар Аллоҳнинг иқобидан қутилганлар, деб хотиржам бўлмаймиз. Улар аҳли жаннатдирлар, деб кескин айтмаймиз. Фалончи аҳли жаннатдандир, деб гувоҳлик ҳам бермаймиз. Магар Аллоҳ таоло ва Унинг Расули башорат берган бўлса, гувоҳлик берамиз.
Мўминлардан ёмонлик қилганлари учун истиғфор айтамиз. Уларга мағфират тилаб дуо қиламиз. Уларга Аллоҳнинг азоби бўлишидан қўрқамиз. Улар: «Сиз дўзах аҳлисиз», деб айтмаймиз. Уларни Аллоҳнинг раҳматидан ноумид қилмаймиз.
Далил:
1- «Ана ўша дуо қилаётганлари Роббиларига васийла ахтарурлар, қайсилари яқинроқ эканини (билмоқчи бўлиб). Ҳамда, У зотнинг раҳматини умид қилурлар. Азобидан қўрқурлар. Албатта, Роббинг азоби ҳазир бўлишга лойиқдир». (Ал-исро: 57)
2- «Агар мўмин бўлсангиз, улардан қўрқманглар, мендан қўрқинглар». (Оли Имрон: 175)
3- «Мендангина қўрқинглар». (Бақара: 41)
4- «Улардан қўрқманглар, Мендан қўрқинглар». (Бақара, 150)
5- Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг, Аллоҳ таолонинг:
«Қалблари титраган ҳолда ўзларига берилган нарсадан берурлар», деган оятини тафсирида айтилаган: «Лекин одам рўза тутади, намоз ўқийди, садақа қилади ва ундан қабул қилинмай қолишидан қўрқади», деган ҳадислари. (Термизий ва Аҳмад).
6- «Албатта, иймон келтирган, жиҳод қилган ва Аллоҳнинг йўлида ҳижрат қилганлар, ана ўшалар, Аллоҳнинг раҳматидан умидвор бўладилар. Аллоҳ ўта мағфиратли ва ўта раҳмли зотдир» (Анъфол: 72) ояти.
Тааммул қилиб кўрингчи, иймонлари бўла туриб, мазкур тоатларни қила туриб умидворликлари қандоқ бўлмоқда. Умидворлик, Аллоҳнинг ҳикмати тақозо қилган сабаблар келтирилгандан кейингина бўлади. Агар бир одамнинг ери бўлсаю, ундан ҳосил олиш ниятида бўлса, аммо ерни ҳайдамай, уруғ сепмай, худди ерни ҳайдаб, ишлов бериб, уруғ сепиб, парвариш қилган одам оладиган ҳосилни олмоқчи бўлса, одамлар уни энг аҳмоқ одам ҳисоблайдилар.
УМИДВОРЛИКНИНГ ШАРТЛАРИ
Билиб қўйиш лозим бўлган нарсалардан бири, биров бир нарсадан умидвор бўлиши учун бир неча ишлар мавжуд бўлиши лозимлигидир.
1- Умидвор бўлган нарсага муҳаббати бўлиши.
2- Умид қилган нарсасига эришмай қолишдан қўрқиши.
3- Имкони борича унга эришишга ҳаракат қилиши.
Ушбу нарсаларга эга бўлмай туриб, умидвор бўлиш, хом хаёлдир. Умидворлик бошқа. Хом хаёллик бошқа. Умидворлик ҳосил бўлиши мумкин нарсада бўлади. Хом хаёллик эса, бўлиши мумкин бўлмаган нарсада бўлади.
АЛЛОҲНИНГ ЖАҲАННАМ АЗОБИНИ БЕКОР
ҚИЛИШИГА САБАБ БЎЛАДИГАН ИШЛАР
Яхшилаб ўрганилганда, бундоқ ишлар ўн бирдир:
1- Тавба:
Аллоҳ таоло: «Магар ким тавба қилса, иймон келтирса ва яхши амал қилса» (Марям: 60) ва
«Магар тавба қилиб, аҳли солиҳ бўлиб, баён қилганларнинг, ана ўшаларнинг тавбасини қабул қиламан» (Бақара: 160) деган.
Тавба - маъсиятни тарк этиб, тоатга қайтишдир.
2- Истиғфор:
Аллоҳ таоло: «Улар истиғфор айтиб турганларида Аллоҳ уларни азобловчи бўлмас» (Анфол: 33) деган.
Истиғфор-гуноҳларни ювиш ва кетказишни сўраб тазарруъ ила дуо қилишдир.
3- Яхшиликлар: Аллоҳ таоло: «Албатта яхшиликлар ёмонликларни кетказурлар», (Нисо: 114) деган.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мўминга касаллик, ёмонлик, ғам, ғусса, хафалик етса, хаттоки тикон кирса ҳам хатоларига каффорат бўлади»-деганлар. (Бухорий, Муслим).
Аллоҳ таоло: «Ким бир ёмонлик қилса унинг жазосини олур» (Нисо: 123) оятини нозил қилганда, мусулмонларга машаққат бўлди. Уларга таъсир қилганича таъсир қилди. Буни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга шикоят қилдилар. Шунда У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга: «Яқинлашинглар ва маҳкам бўлинглар. Мусулмонга етган ҳар бир мусибат, хаттоки, бало-офот ҳам каффорат бўлади»- дедилар. (Муслим).
5- Қабр азоби. (Тафсилоти келади иншааллоҳ).
6-Ҳаётда ва мамотдан кейин мусулмонларнинг дуоси ва истиғфор айтишлари:
Аллоҳ таоло: «Эй, Роббимиз, бизни ва биздан олдин иймон билан ўтган биродарларимизни мағфират қилгин», (Хашр: 10)деган.
7- Ўлимидан кейин унга аталадиган садақа, Қуръон қироати ва ҳажга ўхшаган нарсаларнинг савоби.
8. Қиёмат кунининг қўрқинчлари ва шиддатлари.
9. Икки саҳиҳ ҳадис китоби (Имом Бухорий ва Имом Муслим «Саҳиҳ»лари) да ривоят қилинган ҳадисда:
«Мўминлар сиротдан ўтган вақтларида, жаннат билан дўзах орасидаги кўприк устида тўхтатиладилар. Сўнгра, баъзиларидан баъзиларига қасос олинади. Қачонки, покланиб, тозаланганларида уларга жаннатга киришга изн берилади»-дейилган.
10. Шафоатчиларнинг шафоати.
Шафоат ва унинг қисмлари зикр қилинганда бу масала ҳақида батафсил гап ўтди.
11. Шафоатсиз, Арҳамар роҳиймийннинг афв қилиши:
Аллоҳ Ўзи: «Ва ундан бошқани хоҳлаган кимса учун мағфират қилади», (Нисо: 48) деган.
Бас, қалбида заррача иймони бор одам дўзахда қолмайди. Балки, ким «Лаа илаҳа иллаллоҳу»ни айтса, дўзахда боқий қолмайди. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда шу маъно айтилган.
Иш шундоқ бўлгандан кейин, муайян бир шахсни фалон бўлади, дейиш мумкин эмас. Фақат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жаннати эканлигига башорат берсалар, бошқа гап. Лекин, биз мусулмонлар учун умид қиламиз. Улар учун хавф қиламиз.
Эмин бўлишлик ва ноумид бўлишлик - иккиси, Ислом миллатидан чиқаради. Аҳли қибла учун ҳақ йўли, иккисининг орасида бўлишликдир.
Шарҳ: Аллоҳнинг азобидан эмин бўлиб, қўрқмаслик ва Унинг раҳматидан ва мағфиратидан ноумид бўлишлик, бандани Исломдан куфрга чиқаради. Ҳақ йўл эса, иккисининг орасида ўртача бўлишликдир. Дин заруратларини инкор қилмайдиган, аҳли қиблаларнинг йўли шу.
Банда ҳам қўрқиб, ҳам умидвор бўлиб туриши вожибдир. Мақаталган ва содиқ хавф, ўз эгасини Аллоҳ ҳаром қилган нарсалардан тўсувчи хавфдир. Мақталган ва содиқ умидворлик эса, Аллоҳнинг нури ва ҳидояти ила Аллоҳ таолога тоат амалларни қилиб, ундан савоб кутиб турган одамнинг умидворлигидир. Ёки бир гуноҳни қилгандан сўнг Аллоҳга тавба қилиб Унинг мағфиратини умид қилиб турган одамнинг умидворлигидир.
Далил: Аллоҳ таолонинг: «Ёки илтижо қилиб кечаси ила сажда қилиб, бедор бўлиб, охиратдан қўрқиб ўз Роббисининг раҳматинии умид қилган одамми?» (Зумар: 9) деган ояти.
Ва: «Ёнбошлари ётар жойларида безовта бўлиб, Роббиларига хавфу тамаъ ила дуо қилурлар» (Сажда: 16) ояти.
Ва: «Албатта, иймон келтирган, ҳижрат қилган ва Аллоҳнинг йўлида жиҳод қилганлар, ана ўшалар, Аллоҳнинг раҳматидан умидвор бўлурлар. Аллоҳ ўта мағфиратли ва раҳимдилдир», (Бақара: 218) ояти.
Ақийдатут-Таҳовия шарҳининг талхийси" китобидан