loader
Foto

Тавҳиднинг ҳаётдаги ўрни

Инсоннинг ҳурриятга эришиши

Ширкнинг барча турлари ва кўринишлари инсоннинг маънавий бузилишидан бошқа нарсага олиб келмайди. Чунки ширк яратилганларга бўйин эгишга, ҳеч нарсани яратолмайдиган, ўлдириш, яшатиш ва тирилтириш хусусиятларига эга бўлмаган кишиларга ва ашёларга ибодат қилишга олиб келади.

Тавҳид эса, инсонни яратган Роббисидан бошқага ибодат этишдан сақлайди ва унинг ақлини хурофот ва ваҳималардан қўрийди. Тавҳид инсонни Фиръавинлар ва Аллоҳ таолога қарши илоҳлик этганларнинг салтанатидан қутқаради, уларни фақат Аллоҳга бўйин эгишга ва тавозе қилишга ундайди.

Шунинг учун ҳам ширк келтирувчиларнинг раҳномалари ва жоҳилият даврининг ҳимоячилари бутун пайғамбарларнинг даъватига, хусусан Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассаломнинг даъватига қарши чиққан эдилар. Чунки улар Лаа илоҳа иллоллоҳ калимаси инсон эркинлиги калимаси эканлигини, бу калима жоҳилларни сохта илоҳлик мавқеларидан тушириб, мўминлар ҳаётини юксак чўққиларга кўтаришини ва бу калиманинг Аллоҳдан бошқа ҳеч кимга бўйин эгмаслик эканлигини яхши билар эдилар.

Мақсадли ва саботли кишиларнинг етишиши Тавҳид ҳаётда йўли ва мақсади аниқ, манзили маълум бўлган кишиларнинг етишиб чиқишига ёрдам беради. Бундай кишиларнинг ёлғизликда ҳам, жамоа холида ҳам, хурсанд ё хафа бўлганида ҳам дуо қиладиган ёлғиз Илоҳлари бор. Бу қалбини турли тангриларга бўлиб бериб, ҳаётини маъбудларга тарқатадиган, баъзан Аллоҳга баъзан бутларга сиғинадиган мушрикларнинг ҳолига асло ўхшамайди.

Шу сабабдан Юсуф алайҳиссалом номидан Куръонда шундай дейилади: "Эй ҳамзиндон дўстларим, тарқоқ—турли-туман "худо"лар яхшироқми ёки ягона ва ғолиб Аллоҳми?" (Юсуф сураси 39)

Бошқа бир оятда эса: "Аллоҳ (шундай) бир мисол келтиради: бир киши —қул борки, унинг устида талашгувчи шериклар (яъни хожалар ) бор. Яна бир киши—қул борки, у бус-бутун ҳолида бир киши—хожаникидир. Иккисининг мисоли баробар бўлурми?" (Зумар сураси 29)

Мусулмонлар бир Илоҳга сиғинадиган, Уни рози ва хафа қиладиган нарсаларни биладиган, фақат Уни рози қиладиган ишлар билан машғул бўладиган қуллардир. Мушриклар эса, бир неча тангрига сигинадиган қуллардир. Улардан бири шарққа, иккинчиси эса ғарбга йўналтиради. Бири ўнгга, иккинчиси чапга отади. Мушриклар бу тангрилари орасида сарсон-саргардон бўлиб, саботсиз ва қарорсиз ҳолга тушадилар.

Тавҳид инсон хавфсизлигининг манбаидир

Тавҳид инсон нафсини ишончга тўлдиради. Ширк ахли маҳкум бўлган қўрқувдан узоуқштиради. Тавҳид кишини ризқ, ўлим, бола-чақа, жин ва ўлимдан кейинги ҳаёт ва шунга ўхшаш ҳодислардан туғиладиган қўрқувдан сақлайди.

Ҳақиқий мусулмон Аллоҳдан бошқа ҳеч нарсадан қўрқмайди. Бошқалар андиша ва ҳаяжон ичида бўлганларида, мусулмонлар осойишталик ичида бўладилар. Қуръон бу масалада Иброҳим алайҳиссаломнинг мушриклар билан суҳбатини зикр этади. Мушриклар Иброҳим алайҳиссаломни ботил тангрилар ва бутлар билан қўрқитмоқчи бўлганларида у мушрикларни ҳайратга солувчи тарзда жавоб берган эди:

"Сизлар (Аллоҳ) бирон ҳужжат туширмаган бутларни Аллоҳга шерик қилишдан қўрқмайсиз-у, мен сизлар Аллоҳга шерик қилиб олган бутларингиздан қандай қўрқай?! Агар билсангиз, (айтинг-чи), қайси гуруҳ (қўрқмай) хотиржам бўлишга ҳақлироқ". (Анъом сураси 81)

Шундан кейин, Аллоҳ таоло қайси жамиятнинг хавфсизликда бўлишга ҳаққи борлиги ҳақида хабар беради: "Иймон келтирган, ўз иймонларини зулм (ширк) билан аралаштирмаган зотлар—ана ўшалар хотиржам бўлгувчилар ва ўшалар ҳидоят топгувчидирлар". (Анъом сураси 82)

Бу хавфсизлик манбаи инсоннинг қалбидадир, миршаблар қўлида эмас. Бу дунё ишончи ва хавфсизлигидир. Охиратда эса, мусулмонлар бундан ҳам буюк ва давомли хавфсизлик ичида бўладилар. Чунки улар бу дунёда Аллоҳга ихлос билан ибодат қилганлар ва тавҳид ақидасига ширк аралаштирмаганлар.

Имом Бухорий Ибн Масъуддан шундай ривоят қилади: "Улар эътиқод қилиб, иймонларига зулм аралаштирмаган кишилардир" ояти тушганида: "Эй Аллоҳнинг расули! Ўзига зулм этмаганлар кимлар?", дея сўралди. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи вассалом шундай жавоб бердилар: "Бу сиз тушунганингиз каби эмас. Луқмоннинг ўз ўғлиги айтган сўзларини эшитмаганмисиз?": "Эй ўғилчам, Аллоҳга ширк келтирмагин! Чунки ширк келтириш катта зулмдир". (Луқмон сураси 13)

"Иймонларига зулм аралаштирмадилар"нинг маъноси "Улар динларини ихлос билан Аллоҳга таҳсис этдилар, тавҳидларини ширк билан ифлослантирмадилар", деганини англатади.

Тавҳид руҳий қувватнинг манбаидир

Тавҳид инсонга руҳий қувват беради. Бундай кишининг нафси умид, ишонч, қазога бўйин эгиш, мусибатларга сабр қилиш билан тўлади. Бундай инсон турли хил воқеалардан ҳаяжонга тушмайдиган, фалокатлар қаршисида дарз кетмайдиган бир тоғ кабидир.

Мусулмонлар бошига қандай бало келса ҳам, ҳар қандай қийинчиликларга дучор бўлишса ҳам Яратганга сиғинадилар. Қалблари билан Унга йўналиб, фақат ундан ёрдам кутишади. Зарардан қутулиб, хайрга етишиш учун Аллоҳдан бошқа ҳеч кимдан бирор нарса кутишмайди. Ундан бошқасига назр-ниёз қилиб, дуода ҳам бўлмайдилар. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи вассаломнинг Ибн Аббосга айтган шу сўзлари мусулмонлар учун шиордир:" Бирор нарса истасанг Аллоҳдан иста, ёрдам сўрасанг Аллоҳдан сўра".

"Агар Аллоҳ сизга бирон зиён етказса, уни фақат Ўзигина кетказа олур. Агар сизга бирон яхшилик (етказишни) ирода қилса, Унинг фазлу марҳаматини қайта олгувчи йўқдир. У Ўзи хоҳлаган бандаларига яхшилик етказур. У мағфиратли, меҳрибондир" (Юнус сураси 107)

Ҳуд алайҳиссаломни қавми бутлар билан қўрқитмоқчи бўлганида унинг нима деганини биласизми?

"Албатта, Мен Аллоҳни гувоҳ келтираман, яна ўзларингиз ҳам гувоҳ бўлингларки, мен сизларнинг Аллоҳни қўйиб, (Унга сохта ёлғон худоларни) шерик қилишингиздан безорман. Ана энди барчангиз бир бўлиб ҳеч таъхир қилмай - кечиктирмай менга қарши билган ҳийлангизни қилаверинглар. Мен фақат менинг ҳам, сизларнинг ҳам Парвардигорингиз бўлган Аллоҳга суяндим. Ўрмалаган нарса борки, барчаси У зотнинг қўл остидадир. Парвардигорим, шак-шубҳасиз Тўғри йўлдадир". (Ҳудсураси54-56)

Мантиқли бу оят нафис иймон ва азму қарорга тўла, қўрқув ва заифлик билмайдиган руҳ ҳақидадир. Чунки бу руҳ кучини Аллоҳга таваккалдан олади: "Ким Алллоҳга суянса, бас, албатта Аллоҳ ғолиб ва ҳикматлидир". (Анфол сураси 49)

Тавхид тенглик ва биродарликнинг асосидир

Тавҳид инсон эркинлигини, шарафи ва иззатини қўрийди. Инсоний биродарлик ва тенгликка асос солади. Чунки биров бировга қул бўлган тузумда биродарлик ва тенглик амалга ошмайди. Аммо бутун инсонлар Аллоҳнинг қуллари бўлсалар, бу улар орасидаги тенглик ва биродарликка асос солади. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ ер юзидаги бутун подшоҳларга ва вазирларга шундай даъват қилган эди:

"Бизга ҳам сизга ҳам баб-баробар бўлган бир сўзга келингиз—ёлгиз Аллоҳгагина ибодат қилайлик. Унга ҳеч нарсани шсрик қилмайлик ва бир-бировларимизни Аллоҳдан ўзга худо қилиб олмайлик". (Ол—и Имрон сураси 64)

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи вассалом намоз қилгандан кейин қуйидаги дуоларни ўқир эдилар: Эй Аллоҳим! Ўзинг Роббимизсан! Ҳамма нарсанинг Роббиси ва соҳиби Ўзингсан! Сенинг ёлғиз эканлигингга, шеригинг йўқ эканлигига шаҳодат бераман!

Эй Аллоҳим! Ўзинг Роббимизсан! Муҳаммад Сенинг қулинг ва Расулинг эканлигига шаҳодат бераман!

Эй Аллоҳим! Ўзинг Роббимиз ва ҳар нарсанинг соҳибисан! Мусулмонларнинг ҳаммаси биродар эканлигига шаҳодат бераман!"

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи вассаломдан ривоят этилган бу уч шаҳодат бир-бири билан боғлиқдир. Кенг маънода инсоний биродарликка шаҳодат—Аллоҳ қулларининг барчаси биродардирлар—илк икки шаҳодатга боғланади. Улуҳиётда Аллоҳтаолонинг бирлиги, Унинг шериги ва бошқа тангриларнинг йўқлигини ва ундан бошқа ҳеч кимнинг тавозе ва ибодатга лойиқ эмаслигини англатади. Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи вассаломнинг Аллоҳ таолонинг қули ва хабарчиси эканлиги, пайғамбаримизнинг илоҳийлиги ҳақидаги бутун шубҳа ва қўрқувларни ўртадан кўтаради. Пайғамбар Илоҳ эмас. Аллоҳнингн ўғли ҳам эмас. Насронийлар Масиҳ алайҳиссаломни учтанинг учинчиси деганидек ҳам эмас.

Бу икки ҳақиқат, яъни Улуҳиётнинг ёлғиз Аллоҳга оид эканлиги ва Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи вассаломдан бошлаб бутун инсонлар Аллоҳнинг қули эканлигидан учинчи бир ҳақиқат келиб чиқади. Аллоҳнинг қуллари ўзаро тенгдирлар ва биродардирлар. Миллатнинг, рангнинг ва авлод-аждоднинг инсонлар орасидаги устунликка ҳеч алоқаси йўқ "Албатта, сизларнинг Аллоҳ наздидаги энг ҳурматлироғингиз тақводорроғингиздир".  (Ҳужурот сураси 13)

Юсуф Қаразовийнинг

“Тавҳид ҳақиқати” китобидан