Ғазо шаҳри марказидаги Фаластин минорасидаги маҳаллага берилган ҳаво ҳужумида "Ислом жиҳоди" гуруҳининг "Ал-Қудс" бригадаси қўмондони Тайсир ал-Жабарий ҳалок бўлди.
Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълум қилишича, камида етти киши, жумладан ал-Жабарий ва беш ёшли қиз ҳалок бўлган. Шунингдек, камида 40 киши жароҳат олган ва улар шифохоналарда даволанмоқда.
"Биз жума куни эндигина тушлик қилгандик ва болаларим ўйнашаётганди. Тўсатдан биз яшайдиган минорада кучли портлаш содир бўлди. Биз қочиб кетдик. Овоз ҳар томондан келарди. Биз жуда ҳайратда қолдик, чунки жой тинч аҳоли билан тўлган. Мен эвакуация қилинган кўплаб ярадорларни кўрдим", деди кийими қонга беланган Ғазо аҳолиси вакилларидан бири журналистларга.
Исроил ҳужуми босиб олинган Ғарбий Соҳилда юқори мартабали Фаластин етакчисининг ҳибсга олиниши ортидан фаластинликлар билан бир неча кун давом этган кескинлик ортидан содир бўлди.
Ғазо бўйлаб кўплаб портлашлар эшитилди ва кўринди. Исроил разведкачи учувчисиз учиш аппаратлари ҳам қамал қилинган ҳудудда учиб юргани эшитилди.
"ЦАХАЛ ҳозирда Ғазо секторига зарба бермоқда. Исроил ичкарисида алоҳида ҳолат эълон қилинди", — дейилади Исроил ҳарбийлари баёнотида.
Шу ҳафта бошида Исроил Ғазо атрофидаги йўлларни ёпиб қўйди ва душанба куни босиб олинган Ғарбий Соҳилда «Ислом Жиҳоди»нинг юқори мартабали аъзоси ҳибсга олиниши ортидан жавобга тайёргарлик кўриш мақсадида чегарага қўшимча куч юборди.
ХАМАС вакили Фавзи Барҳумнинг айтишича, ҳаракат жума кунги воқеаларга жавоб қайтаради.
«Қаршилик Ғазодаги халқимизни қўлидаги ҳамма нарса билан ҳимоя қилади ва биз жавоб беришда давом этамиз" деди у.
Айни пайтда Ғазодаги "Ислом жиҳоди" вакили Аҳмад Мудалалнинг айтишича, гуруҳ Миср воситачилари орқали Исроилдан ҳибсга олинган етакчи ва яна бир маҳбусни озод қилиш, Ғарбий Соҳилдаги рейдларни тўхтатиш ва Ғазо блокадасини тўхтатиш каби талабларни қўйган. Улар ҳозирча жавоб олишмади, деди у.