loader
Foto

Катта ва кичик мунофиқлик

Кичик мунофиқлик ўзининг ақидаси тўғри бўлса ҳам мунофиқларнинг йўлларини йўл тутиб, уларнинг хулқлари билан хулқланишликдир. Кўп саҳиҳ ҳадисларда бундай мунофиқликдан қайтарилган.

Иттифоқ қилинган ҳадислардан бири:

“Кимда қуйидаги тўрт нарса бўлса у ҳақиқий мунофиқ бўлади, агар шу хислатлардан биттаси бўлса то ўша хислатни ташламагунча унда мунофиқликдан бир хислати бор бўлади: Агар унга омонат топширилса хиёнат қилади, гапирса ёлғон гапиради, аҳдлашса алдайди, урушса туҳмат қилади”.

“Мунофиқнинг белгиси учтадир: гапирса ёлғон гапиради, ваъда қилса хилоф чиқади, омонат қўйилса хиёнат қилади”.

Муслимнинг ривоятида қўшимча қилиб айтилади: “...гарчи у рўза тутиб, намоз ўқиб, ўзини мусулмон санаса ҳам”.

Бу ҳадисларнинг таъсирида саҳобалар ўзларида мунофиқлик йўқмикан деб қўрқиб қолишган. Ҳасан айтади: Мунофиқликдан фақат мўмин қўрқади. Мунофиқ ундан хотиржам бўлади.

Ҳатто Умар Ҳузайфадан унга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мунофиқларнинг кимлигини айтганини эшитиб: Уларнинг орасида мен йўқманми, деб сўради.

Умар розияллоҳу анҳу билимдон мунофиқдан огоҳлантирди. Ундан қандай мунофиқ одам билимдон бўлади, деб сўрашди. Шунда у зот: У тили бурро, қалби жоҳил бўлган одам, деб жавоб берди.

Баъзилар айтди: Аллоҳим, Мен сендан мунофиқнинг хушуъсидан паноҳ сўрайман. Сўрашди: Мунофиқнинг хушуъси нима дегани? Жавоб берди: Бадани хушуъли кўринсада қалби хушуъ қилмаслигидир, деб жавоб берди.

Юсуф Қаразовийнинг

"Амалларнинг мартабаларини англаш" китобидан

Заҳириддин Мансур таржимаси