loader
Foto

Cурия ва Россия террорни кучайтириб, тинч аҳолини қурбон қилаётгани ҳақида

Суриянинг адолат ва ҳисобдорлик маркази ўтган пайшанба (21 июл) куни эълон қилган тергов ҳисоботида айтилишича, Сурия режими ва унинг қўллаб-қувватловчиси Россия суриялик тинч аҳоли ва гуманитар объектларга берилган 58 та «икки марталик ҳаво зарбалари» учун жавобгардир.

«Икки марталик зарба» – бу бир жойга зарба бериб, сўнг зарбалар орасида воқеа жойига етиб келган тинч аҳоли ва шошилинч ёрдам ходимларини нишонга олиш учун кўп ўтмай худди шу жойга такроран зарба бериш амалиётидир, дейди сурияликлар бошчилигидаги ҳуқуқбон ташкилоти.

Бу Сурия режими ва Россия кучлари тарафидан қурбонлар сонини кўпайтириш учун қўлланиладиган одатий тактика, дейилади ҳисоботда бу амалиёт «мунтазам равишда амалга оширилаётган ҳарбий стратегия» дея таърифланиб.

«Сўнгги 11 йил давомида Сурияда халқ норозилигини бостириш учун шафқатсиз равишда турли ҳарбий тактикалар амалга оширилди», дейилади ҳисоботда.

«Бутун шаҳарларни қамал қилишдан тортиб, кимёвий қуролларни қўллашгача бўлган ҳеч қандай усул эътибордан четда қолгани йўқ. Натижада, тинч аҳоли можаро нишонига айланиб, унинг чексиз оқибатларига қарши курашишга мажбур бўлмоқда».

«Самолётлар қайтганда: Суриядаги тинч аҳолига икки марталик зарбалар» номли ҳисоботда айтилишича, қўш зарбалар аниқланган душманга қарши ҳужум эмас, балки қўриқланадиган одамлар ва объектларга қасддан зарар етказиш мақсадида амалга оширилган.

«Бу каби «зарба ва титроқ» ёндашуви мухолифат кайфиятини бостириш ва тинч аҳолини даҳшатга солишга қаратилган», дейилади унда ва бу зарбалар «халқаро гуманитар ҳуқуқнинг уруш жиноятларига тенг жиддий бузилиши» экани таъкидланади.

Тергов гуруҳи жараён давомида юзлаб видеоларни кўриб чиқиб, «икки марталик зарба» ҳолатларини баҳолаш ва ҳужжатлаштириш учун ижтимоий тармоқ платформалари, оммавий ахборот воситалари ва сунъий йўлдош тасвирларидан тўпланган маълумотлардан фойдаланган.

Терговчилар аввал дастлабки зарба берилган жойни ва зарбадан кейин шошилинч ёрдам ходимлари ёки тинч аҳоли вакилларининг бу манзилга етиб келганини текширганлар.

Шундан сўнг улар бирламчи ёрдам ходимлари ёки тинч аҳоли етиб келганидан кейин бир соат ичида ўша жойда камида яна битта ҳужум содир этилганини тасдиқлаганлар.

Ҳужжатларнинг ҳамма қисмлари ҳақиқийликка текширилган, видеоларда бир хил жойлашув ва вақт оралиқлари кўрсатилганини текшириш учун геолокация ва об-ҳаво маълумотларидан фойдаланилган.

Видеоёзувлар билан бир қаторда, ижтимоий тармоқлардан биринчи манба хабарлари, зарбалар ва қурбонлар ҳақидаги мақолалар тўпланди.

«Ушбу мезонлар асосида Сурия бўйлаб 2013 йилдан 2021 йилгача бўлган даврда икки марталик ҳаво зарбалари билан боғлиқ 58 та ҳолат аниқланди», дейилади ҳисоботда.

«Тинч аҳоли орасида қурбонлар кўп»

Сурия Адолат ва ҳисобдорлик маркази ҳисоботида қайд этилган 58 ҳодисанинг ҳар бири режим назорати остидаги ҳудуддан ташқаридаги турар-жой мавзеларида содир бўлган.

Хабарда айтилишича, Ҳалаб вилоятида иккита, Хомсда битта, Идлибда 21 ва Дамашқ вилоятида 34 та «икки марталик зарба» ҳодисаси содир бўлган.

«Натижада қурбонлар, асосан тинч аҳоли вакиллари, жумладан, аёллар ва болалар, шунингдек, дастлабки зарбадан кейин жабрланганларга шошилинч ёрдам кўрсатган одамлардан иборат», дейилади хабарда.

Россия 2015 йилда расман можарога киришидан аввал Сурия режими кучлари нишонларга артиллерия снарядлари билан икки марталик зарбалар берган.

«Бироқ, 2015 йилдан кейин икки марталик зарбалар частотаси ва интенсивлиги ошиб борди, бу қисман Краснопол каби лазер ёрдамида бошқариладиган қуроллардан фойдаланиш туфайли вайронагарчиликлар кўламининг ортишига сабаб бўлди», дейилади ҳисоботда.

«Краснопол» совет артиллерия тизими бўлиб, у лазер белгиси билан ёритилувчи нуқтага йўналтирилади, у одатда дрон ёки ердаги артиллерия кузатувчиси томонидан бошқарилади.

Ҳисоботда бешта батафсил мисол билан ҳужжатлаштирилган воқеалар «Сурия қуролли кучларининг ҳукумат назорати остида бўлмаган ҳудудларда яшовчи тинч аҳоли ва гуманитар шахсларга ҳужум қилиш сиёсатини» акс эттиради.

«Бу сиёсат фуқароларга максимал даражада зарар етказиш, инсонпарварлик ташкилотларининг одамлар ҳаётини сақлаб қолиш имкониятларини пасайтириш ва тинч аҳолини бўйсундириш учун уни қўрқитишга қаратилган», дейилади ҳисоботда.

«Барча болалар ўлдирилган»

2018 йилнинг 19 март куни Сурия ва Россия томонидан Дума шаҳрини бомбардимон қилиш чоғида ён томонлари ва олд ойнасида Сурия фуқаролик мудофааси («Оқ дубулғалилар») белгиси бўлган машина аниқ зарбадан сўнг кўчада сочилиб кетган жасадлар ёнидан ўтган.

«Оқ дубулғалилар кийимидаги тўрт нафар кўнгилли ердаги омон қолган икки кишини қутқариш учун машинани тўхтатган», дейилади хабарда.

«Кўнгиллилар биргалашиб, биринчи одамни қўллари ва оёқларидан ушлаб машина юкхонасига ётқизишган. Кейин иккинчи кишини ҳам шу тарзда машинага олишган.»

«Омон қолганлар ҳам, кўнгиллилар ҳам машина ичига киргач, ҳайдовчи кўча бўйлаб ортга қайтган. Тахминан беш сония ўтиб, ҳозиргина машина тўхтаб турган жойга зарба берилган».

2016 йилнинг 5 май куни юз берган яна бир ҳодисада, Россия самолётлари Идлиб вилояти шимолидаги, асосан, аёллар ва болалар истиқомат қиладиган олис ҳудуддаги ал-Камуна лагерига ҳужум қилган.

«Биринчи зарба лагер марказига тегди», дейилади хабарда. Гувоҳларнинг сўзларига кўра, ўнлаб чодирлар ёниб кетиши оқибатида камида 14 киши ҳалок бўлган».

«Кўп ўтмай, лагер мактаби жойлашган чодирга иккинчи зарба берилган. Бу вақтда дарс бўлаётган эди ва барча болалар ҳалок бўлишди», дейилади хабарда.

«Икки зарба ўртасидаги вақт оралиғида «Оқ дубулғалар» ва бошқа гуманитар ташкилотлар оилаларни эвакуация қилиш, жароҳатланганларга ёрдам бериш ва шиддатли ёнғинни ўчириш учун воқеа жойига етиб келди», дейилади хабарда.

«Улар ишлаётган пайт ҳавода Россия самолётларининг овози эшитилди. Сўнг қизил рангдаги ўт ўчирувчи машина ва бир нечта кўнгиллилар яқинидаги лагерга учинчи зарба берилди».

Лагерга жиддий зарар етказган ҳужумда 45 га яқин одам ҳалок бўлди, 70 киши яраланди.

«Самолёт! Самолёт!»

2015 йилнинг 8 август куни Ҳомс вилоятининг ал-Ганту шаҳридаги тинч аҳоли Сурия режимининг ҳарбий самолётлари ҳужумига учраган.

«Ҳодисаларнинг бирида ҳудуддаги шикастланган бино олдида тинч аҳоли вакиллари тўпланган», дейилади хабарда.

«Кўпайиб бораётган оломон ичидагилар вазиятни баҳолаб, тинч фуқароларни вайроналар остидан олиб чиқишга ҳаракат қилаётганида, уларнинг тепасида самолёт овозлари эшитилган».

«Биринчи нишон ортидаги иккинчи бинога вайрон қилинишидан аввал одамлар турли тарафларга қочишган». Фаоллар ушбу икки марталик ҳужум натижасида 10 киши жароҳат олгани ҳақида хабар беришди.

2014 йил 16 июн кунги ҳаво ҳужуми натижасида Ҳалаб жанубидаги Ас-Суккари шаҳри ал-Вакалат кўчасидаги ёрдам маркази яқинидаги бозорга бочкали бомба ташланди.

«Бир тўда одамлар шикастланган биноларни кўздан кечираётганида, қўққисдан самолёт келиб, уларнинг устига иккинчи бочкали бомбани ташлаган.»

«Иккита ҳаво ҳужуми оқибатида 80 га яқин одам ҳалок бўлди, улардан етти нафари бола, беш нафари аёл, 11 нафари эса номаълум», дейилади хабарда.

2013 йил 6 июл куни Ирбин шаҳрида содир бўлган воқеада эса фуқаролар тинч аҳоли яшайдиган ҳудудда вайрон бўлган мажмуа ичидан жасадларни қидириш ва тирик қолганларни қутқариш билан банд бўлган.

«Видеотасвирларда самолёт деярли бир хил жойга иккита зарба бергани қайд этилган», дейилади хабарда.

«Ракета ерга тушишидан бир неча сония олдин кузатиб турганлардан бири «Самолёт! Самолёт!» деб бақирди», дейилади хабарда. «Омон қолганларни қутқараётган одамлар қочишга улгурмади. Бомбаланган бинодан бошсиз жасад олиб чиқилди.»

Ушбу икки марталик ҳужум қурбонлари орасида вояга етмаган бола ҳам бор эди.