loader
Foto

Ливия: сўнгги икки йилдаги энг қонли зўравонлик авж олиши

Соғлиқни сақлаш вазирлиги якшанба куни маълум қилишича, шанба кунги зўравонликларда 32 киши ҳалок бўлган, 159 киши яраланган.

Триполида жойлашган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан тан олинган ҳукуматни қўллаб-қувватловчи қуролли жангарилар ва рақиб Бош вазир Фатҳи Башагга содиқ кучлар тинч аҳолига таҳдид солган отишмаларга киришди, соғлиқни сақлаш расмийлари одамларни эвакуация қилиш ва жабрланганларга ёрдам кўсатиш учун уларнинг хавфсиз ўтишини таъминлаш мақсадида сулҳ тузишга чақиришди.

Башага феврал ойида Тобрукда жойлашган шарқий парламент томонидан Бош вазир этиб тайинлангани ва БМТ томонидан тан олинган Миллий бирлик ҳукумати раҳбари, Бош вазир Абдулҳамид Дбейба ҳокимиятни топширишдан бош тортганидан кейин кескинлик авж олди.

БМТ томонидан қўллаб-қувватланадиган ҳукумат сўнгги икки йилдаги энг оғир жанглардан сўнг пойтахт назоратини ўз қўлига олганини айтмоқда.

Ҳалок бўлганлар орасида ижтимоий тармоқдаги милиция ва коррупцияни мазах қилувчи видеолари билан танилган комик Мустафо Барака ҳам бор. Барака кўкрагига ўқ еганидан сўнг вафот этди, деди фавқулодда хизматлар вакили Малик Мерсет.

Зўравонликларда икки рақиб жангари гуруҳлар иштирок этган, улардан бири Дбейба билан боғлиқ, иккинчиси эса шарқда жойлашган Халифа Ҳафтар томонидан қўллаб-қувватланадиган рақиб Башаги ҳукумати томонидан қўллаб-қувватланган.

Гувоҳларнинг Reuters ахборот агентлигига айтишича, шанба куни Башага билан боғлиқ кучлар Триполи ҳудудини бир неча йўналишдан эгаллаб олишга уринган, бироқ унинг асосий ҳарбий карвони пойтахтга етиб бормасдан олдин қирғоқ бўйидаги Мисрата шаҳри томон бурилиб кетган.

Шу билан бирга, Дбейба тарафдори бўлган жангарилар Башагани қўллаб-қувватлаётган Ҳайтам ат-Тажурий қўшинларининг штаб-квартирасини эгаллаб олишга уриниб, бу отишмага олиб келди.

Триполи муниципал кенгаши пойтахтдаги вазиятнинг ёмонлашувида ҳукмрон сиёсий синфни айблади ва халқаро ҳамжамиятни "Ливия тинч аҳолисини ҳимоя қилишга" чақирди.

Атлантика Кенгашининг катта илмий ходими Эмадиддин Бади зўравонлик тезда кучайиши мумкинлигидан огоҳлантирди. "Шаҳарлардаги урушнинг ўзига хос мантиғи бор, у фуқаролик инфратузилмаси учун ҳам, одамлар учун ҳам зарарли, шунинг учун қисқа муддатли уруш бўлса ҳам, можаро жуда ҳалокатли бўлади, буни биз аллақачон кўрганмиз", деди у AFP ахборот агентлигига.

Унинг қўшимча қилишича, жанглар Хафтар ва унинг тарафдорларини кучайтириши мумкин. "Улар Ливия ғарбидаги келишмовчиликдан фойда кўради ва «чанглар босилиши» билан музокаралар олиб боришда яхши позицияга эга бўлади".