loader
Foto

Яхшилик ва ёмонлик Аллоҳ таолодан тақдир қилингани ҳақида

Баъзилари айтади: “Аллоҳ таоло бандаларни яратди, бандалар ёмонликни яратди”. Баъзилари айтади: “Аллоҳ таоло Иблисни яратмаган. Чунки биз Аллоҳ таолони Иблисни яратган десак, Аллоҳ таоло томонидан ёмонликнинг исботига олиб боради. Чунки Иблис (алайҳилаъна) куфр ва ёмонликни яратган. Аллоҳ таоло агар Иблисни яратган бўлганида гўёки Унинг ўзи ёмонликни яратган ва ирода қилган бўлиб чиқади. Ҳолбуки, 6у жоиз эмас”. Қадарийларнинг бу гуруҳи шайтония деб номланади. Бу мажусийлар мазҳабининг айнан ўзи. Бу куфр. Ушбу маъно эътиборидан олсак, Пайғамбар (алайҳиссалом) "Қадарийлар умматимнинг мажусийлари” (Ҳоким "Мустадрак"да ривоят қилган), деганлар. Чунки Иблис (алайҳилаъна) махлуқ бўлмаса, қадим ва яратувчи бўлиб қолади. Бу сўз унинг Аллоҳ таолога шериклигини исбот қилишга олиб боради. Бу эса куфр.

Қадарнинг маъноси - иҳдос (пайдо қилиш) ва вужудга келтириш. Аллоҳ таолодан бошқа пайдо қилувчи ва вужудга келтирувчи йўқлиги маълум. Бу борада аҳли сунна вал жамоанинг ҳужжати “Сизлар фақат оламлар Парвардигори бўлмиш Аллоҳ хоҳласагина (тўғри йўлда бўлишни) хоҳларсиз” (Инсон сураси, 30-оят) оятидир. Мазкур оятда Аллоҳ таоло яхшилик ва ёмонлик ўртасини ажратмади. Бундан ташқари бир нечта оятларни ҳам ҳужжат қиладилар. Жумладан, “...Уларга бирор яхшилик етса, «Бу - Аллоҳдан», - дейдилар. Агар уларга бирор нохушлик етса, «Бу - Сиздан», - деб айтадилар. «Ҳаммаси Аллоҳдандир», - денг (уларга)...” (Нисо сураси, 78-оят), “Ҳар бир кичик ва катта (иш Лавҳул-маҳфузда) битилгандир” (Қамар сураси, 53-оят) ва “Дарҳақиқат, Биз уларни (Исроил авлодини) билган ҳолимизда оламлардан (одамлар ичидан) танлаган эдик” (Духон сураси, 32-оят), яъни ихтиёр аҳли эканини билгандан кейин уларни ихтиёр қилган. “...Аллоҳ уни (азалдан гумроҳ бўлишини) билган ҳолда адаштириб, қулоқ ва қалбини муҳрлаб, кўзига парда тортиб қўйган кимсани кўрдингизми?...” (Жосия сураси, 23-оят), яъни залолат аҳли эканини билгандан кейин уларни адаштирган.

Пайғамбар (алайҳиссалом) айтдилар: “Мен даъватчи ва етказувчи қилиб юборилдим. Аллоҳ таоло хоҳлаганини ҳидоят қилади ва хоҳлаганини адаштиради. Шайтон васваса қилувчи ва ёмон ишларни чиройли кўрсатувчи қилиб юборилган, ҳолбуки, унинг қўлида адаштиришдан бирор нарса йўқ”(Жалолуддин Суютий "ал-Жомеъ ас-сағир"да ривоят қилган).

Ибн Умар (розияллоҳу анҳумо) Пайғамбардан (алайҳиссалом) ривоят қилади: У зот айтдилар: “Қиёмат куни Иблисга (алайҳилаъна) “Одамга сажда қил, жаннатга кир ва сенга амалинг даражалари бўлади” дейилади. У бундан бош тортади. Унга қиёмат аҳлидан бўлган гуноҳкорлар айтади: “Сажда қилиб, дўзахдан нажот топ”. Иблис (алайҳилаъна) айтади: “Эй тақдир аҳли, менга гапирманглар, агар Аллоҳ таоло сажда қилишимни хоҳлаганида бундан бўйин товламаган бўлар эдим. Лекин Аллоҳ таоло буни хоҳламади, бас, биз ҳам хоҳламаймиз”. Бунинг маъноси Аллоҳ таоло улардан ёмонлик содир бўлишини билиб туриб, бандаларни яратди, дегани. Агар Аллоҳ таоло улардан ёмонлик содир бўлишини ирода ва тақдир қилмаганида бандани яратиши ҳикмат жиҳатидан жоиз бўлмас эди. Аллоҳ таоло бу борада “Ҳолбуки, сизларни ҳам, сиғинаётган бутларингизни ҳам Аллоҳ яратган-ку?! ” (Соффот сураси, 96-оят) деб марҳамат қилган. Иккинчи жавоб шуки - Аллоҳ таоло Абу Жаҳлнинг куфр келтиришини билди. Агар Аллоҳ таоло куфрни ирода қилди деб айтсак, хоҳиши илмига мувофиқ туша-ди. Агар куфрни ирода қилмаган деб айтсак, иродаси илмига зид бўлади. Бу жоиз эмас. Агар куфр келтиришини билиб, ундан куфрни ирода қилмаган, балки ундан имон келтиришни ирода қилган, деб айтсак, ундан бўлмаслиги маълум бўлган нарсани ирода қилган бўлади. Бу сўз Аллоҳ таолонинг илми ва иродаси ботиллигига олиб боради. Аллоҳ таолонинг амри бундай эмас, яъни бир нарсага буюриб, ундан бошқасини ирода қилиши жоиз. Худди Иброҳимга (алайҳиссалом) ўғлини сўйишни буюриб, сўймаслигини ирода қилгани каби. Бу ўринда масала шундай кўриниш касб этади.

Аллоҳ таоло кофирнинг куфр келтиришини билиши уни бунга мажбур қилмайди. Шунингдек, Унинг ирода-хоҳиши кофирни бунга мажбур қилмайди. Аллоҳ таоло кофирни билган нарсасининг зиддига буюриши жоиз. Чунки амр ҳужжат ва баён учундир. Билган нарсасига тескари ишни ирода қилиш коиз эмас, у нодонликдир. Аллоҳ таоло бу тўғрида: “Албатта, Биз ҳар бир нарсани ўлчов билан яратдик” (Қамар сураси, 49-оят), “...ва барча нарсани яратиб, (аниқ) ўлчови билан ўлчаб қўйган зот-дир” (Фурқон сураси, 2-оят), “...Аллоҳнинг амри, албатта, адо этилувчидир”,(Нисо сураси, 47-оят) деб марҳамат қилган. Пайғамбардан (алайҳиссалом) ривоят қилинади: У зот Зайд ибн Собитга (розияллоҳу анҳу) айтдилар: “Агар Уҳуд тоғичалик олтининг бўлса, кейин уни Аллоҳ таоло йўлида инфоқ қилсанг, то тақдирга имон келтирмагунингча ва сенга етган нарса етмай қолмаслигини ҳамда сенга етмайдиган нарсанинг етмаслигини билмагунингча, Аллоҳ сендан буни қабул қилмайди. Агар бундан бошқа эътиқодда вафот этсанг, дўзахга киргизиласан” (Абу Довуд, Ибни Можа ва Аҳмад ибн Ҳанбал ривояти). Бошқа бир ривоятда мазкур ҳадиснинг аввалида “Агар Аллоҳ таоло осмонлар ва ер аҳлини азобласа, уларга зулм қилмаган ҳолда азоблайди. Агар раҳм қилса, уларга бўлган раҳмати қилган амалларига нисбатан яхшироқ бўлади. Агар амаллари Уҳуд тоғичалик олтинни нафақа қилиш бўлса ҳам...” жумлалари келган.

Аллоҳ таоло ёмонликни қазо қилиб, сўнг шунга кўра азобласа, бу Ундан зулм бўлиб қоладику, деб айтилса, бунга шундай деймиз: “Ҳақиқат бундай эмас. Чунки Аллоҳ таолонинг қазоси уларни бунга мажбур қилмайди. Иккинчи жавоб шуки - Аллоҳ таоло ёмонликни қазо қилиши ва уни бандадан сир тутиши ҳамда уни яхшиликка буюриши бандага нисбатан ҳужжатнинг зоҳир бўлишидир. Бундан кейин банда Аллоҳ таолонинг қазосини билмасдан амр ва зоҳирий ҳужжат бўла туриб яхшиликни тарк этади ёки ҳеч бир ҳужжатсиз ёмонлик қилади. Чунки банда ёмонликни қилишдан олдин Аллоҳ таолонинг қазоси яхшилик ёки ёмонлик эканини билмайди. Қачон ёмонлик қилса, Аллоҳ таолонинг қазоси шу эканини билади. Банда ёмонликни қилиши бу ҳужжатсиз бўлади, натижада у жазога мустаҳиқ бўлади”.

Аллоҳ таоло ёмонликни қазо қилса банда ундан қочишга имкон топмайди, бу эса мажбурийликка олиб боради-ку, деб айтилса, бунга шундай жавоб берамиз: “Аллоҳ таолонинг қазоси бандадан қудратни ва ихтиёрни олиб қўймайди. Худди бандадан содир бўладиган ёмонликни билиши мажбурийликни вожиб қилмагани каби. Шу каби Аллоҳ таолонинг қазоси ҳам мажбурийликни вожиб қилмайди. Чунки Аллоҳ таолонинг қазоси қазо қилган нарсанинг тескарисини вожиб қилмагани каби билган нарсасининг тескарисини ҳам вожиб қилмайди”.

Ибн Умардан (розияллоҳу анҳумо) ривоят қилинган “Лаббайка вар-рағбату илайка вал-хойру фи ядика ваш-шарру лайса илайка” талбиясида “Ёмонлик сендан эмас” дейилган-ку, деб айтилса, бунга шундай жавоб берамиз: “Ёмонлик сендан эмас” жумласи “ёмонлик сенга нисбат берилмайди” деган маънони беради. Чунки ёмонлик ва қабиҳлик нисбатини Аллоҳ таолога беришимиз одобдан эмас. Кўрмайсизми, Аллоҳ таолога “Эй чивиннинг ва илоннинг холиқи”, деб айтилмайди, балки “Эй осмонлар ва ернинг холиқи”, деб айтилади”.

Аллоҳ таоло ўз оятларида“...ва Мен бандаларга ноҳақлик қилувчи ҳам эмасдирман”, “...Ҳолбуки, Аллоҳ бандалари учун зулм қилишни истамас” (Ғофир сураси, 31-оят.) деб марҳамат қилган-ку, деб айтилса, бунга шундай жавоб берамиз: “Аллоҳ таоло бандаларига зулм қилишни ирода қилмайди, лекин юқоридаги оятларда “Аллоҳ таоло бандаларнинг баъзилари баъзиларига зулм қилишни ирода қилмайди” деган маъно йўқ”.

Аллоҳ таоло “Сизга қандай яхшилик етса, у Аллоҳдандир. Сизга қандай нохушлик етса, у ўзингиздандир...”(Нисо сураси, 79-оят.) деган-ку, деб айтилса, бунга шундай жавоб берамиз: “Бандага ўз нафси томонидан бирор нарса етса, “Усийба (мусибатланди)” деб айтамиз, агар бошқа томонидан етса, “Асоба (етди)” деб айтамиз. Бу ўринда ҳам Аллоҳ таоло “вама асобака мин саййиатин” деди. Бундан оятда баён қилинган бандага етадиган ёмонлик бошқа томондан етадиган ёмонлик экани маълум бўлди”. Бу масала ҳақидаги калом билан ирода ва иститоат масаласи баробар.

Абу Шакур Муҳаммад ибн Солимий Кешийнинг

"Ат-тамҳид фи баёнит тавҳид" китобидан

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР