loader
Foto

Қуръон эътибор қилган нарсага эътибор қилмоқ тўғри меъёрдир

Қуръон диққат билан эътибор қилган, сура, оятларда такрор-такрор айтган, Ўз амри ва наҳийси, ваъда ва огоҳлантиришларида таъкидлаган нарсалар бизнинг тафаккуримиз, тутган йўлимиз ва ўлчовимизда ҳам аввалги ўринда туриши вожибдир.

Масалан, Аллоҳ таолога, У Зотнинг пайғамбарларига, Охират диёрига ва ундаги савоб, жазо, жаннат ва дўзахга иймон келтириш каби. Яна асл ибодатлар - намозни барпо қилиш, закотни бериш, рўза, ҳаж, Аллоҳ таолога тасбеҳ, ҳамд, истиғфор айтиб, Уни зикр қилиш, Унга тавба, таваккал қилиш, Унинг раҳматидан умид қилиб, азобидан қўрқиш, Унинг неъматларига шукр айтиб, синовларига сабр қилиш каби.

Ёки бўлмаса, асл фазилатлар, улуғ хулқлар ва ростгўйлик, омонатдорлик, ўртачалик, офият, ҳаё, тавозу, сахийлик, мўминларга хокисор, кофирларга қаттиққўл бўлиш, заифларга раҳм қилиш, ота-онага яхшилик қилиш, силайи раҳм қилиш, қўшнини ҳурмат, мискин, етим, мусофирни ҳимоя қилиш каби.

Қуръони Карим озгина эътибор қилган нарсага бизлар ҳам озгина эътибор қаратамизки, унда муболағага йўл қўймаймиз. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг исро кечалари бунга мисолдир. Қуръон буни бир оят билан айтди.

Булар тўғри меъёрдир. Зеро, Қуръон диннинг асли, Ислом чашмасидир. Суннат эса уни шарҳар. Аллоҳ таоло айтади:

“Албатта бу Қуръон энг Тўғри Йўлга ҳидоят қилур ва яхши амалларни қиладиган мўминларга катта ажр-мукофот борлигини(нг) хушхабар(ини) берур”. (Ал-Исро сураси, 9-оят)

“Эй аҳли Китоб, мана, элчимиз (Муҳаммад алайҳиссалом) сизлар Китобингиз (Таврот, Инжил) орасидан яшириб келган (у зотнинг Пайғамбар бўлишлари ва яна бошқа зарур масалалар хусусидаги) кўп нарсаларни сизларга баён этган ҳолда, (фақат сизларнинг сирларингизни очиб, шарманда қилиш учунгина ишлайдиган) кўп нарсаларни эса (баён қилмасдан) тарк этган ҳолда келди. Сизларга Аллоҳ тарафидан Нур ва Очиқ Китоб келдики, Аллоҳ у сабабли Ўзининг ризолигига эргашган зотларни нажот - омонлик йўлларига ҳидоят қилур ва Ўз изну иродаси билан уларни зулматлардан нурга чиқарур ва уларни Тўғри Йўлга ҳидоят қилур”. (Моида сураси, 15-16-оятлар)

“(Қиёмат Куни) ҳар бир уммат орасидан ўзларидан бўлган бир гувоҳни (яъни, пайғамбарни) келтирурмиз. Сизни эса (эй Муҳаммад алайҳиссалом), ана у (ўз умматингизга) гувоҳ қилиб келтирдик ва Сизга - ҳамма нарсани баён қилиб берувчи, Ҳидоят, Раҳмат ва мусулмонлар учун Хушхабар бўлган Китобни - Қуръонни нозил қилдик”. (Наҳл сураси, 89-оят)

Мақсад диннинг пойдевори мустаҳкам бўлиши учун зарур бўлган қоидаларни баён қилиш эди. Исломий ҳаёт муҳтож бўладиган барча қонун-қоидалар Қуръон асосида олингандир. Абу Бакр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган: У киши: “Агар туямнинг тушовини йўқотиб қўйам ҳам, уни Аллоҳнинг Китобидан топаман”, деганлар.

Юсуф Қарзовийнинг

"Амалларнинг мартабаларини англаш" китобидан

Заҳириддин Мансур таржимаси