Қўшшаев Ўзбекистон Республикаси фуқароси, миллати ўзбек, маълумоти ўрта, оилали, 3 нафар фарзанднинг отаси.
Унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг тегишли моддаларига кўра 2 йил муддатга диний муассасаларда ишлаш ҳуқуқидан ва 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган эди.
Судланувчи Р.Қўшшаев 2013 йил 13 июлдан Жиззах шаҳар “Обод” маҳалласи ҳудудида жойлашган “Имом Бухорий” жоме масжиди имом хатиби вазифасида ишлаб келаётганди. Аммо нафс деган бало уни йўлдан урдими, у иш жараёнида ўзига ишониб топширилган ўзганинг мол-мулкини ўзлаштириш даражасига бориб етди. Р.Қўшшаев 1998 йил 23 июнда тасдиқланган “Имом Бухорий” масжиди Уставига ҳамда Ўзбекистон Мусулмонлар идорасининг 2021 йил 19 январдаги “Масжидларда нақд пул маблағлари айланмасининг олдини олиш ҳамда эҳсон қутиларидан фойдаланишни тартибга солиш хусусида”ги 01А/08-сонли буйруқ талабларига риоя қилмай қўйди. Бунинг натижасида А.Бурхонов томонидан масжид учун хайрия қилинган, яъни, масжидни қайтадан қуриш ишларини бошлаш учун берилган 190.000.000 сўм хайрия пуллари масжид ҳисоб рақамига кирим қилинмади. Бу пул маблағларини имом хатиб ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилиб юборди.
Бели оғримай топган пулларининг мазаси уни яна жиноят сари етаклади. Энди у “Bahor plastics” МЧЖ раҳбарияти томонидан хайрия қилинган 30.000.000 сўмлик кир ювиш кукунларидан тушган пулларни масжид ҳисоб рақамига кирим қилишни хаёлига ҳам келтирмади. Қинғир ишнинг қийиғи қирқ кунга қолмай чиқишини, бу пуллар кейин бошига бало бўлишини ўйлаб ҳам қўймади.
Р.Қўшшаев Ж.Қосимов билан анчадан буён таниш эди. Уни ҳам масжид қурилиши учун моддий ёрдам беришга кўндирган имом хатиб осонгина 5 000 АҚШ долларини қўлга киритди. Бу пуллар ҳам масжид ҳисоб рақамига кирим қилинмади, унинг нафси учун хизмат қилди.
Дўппи тор келиб суд курсисига ўтиришга мажбур бўлган судланувчи Р.Қўшшаев ўз шикоятида, биринчи инстанция суди ишни бир томонлама кўриб чиққанлигини, оилавий аҳволини, қарамоғида вояга етмаган фарзандлари борлигини инобатга олиб, ишни адолатли кўриб чиқишни сўради. Шунингдек, у мазкур масжидда тўққиз йилдан буён меҳнат қилишини, масжидга кўп меҳнати сингганини, унга қўйилган айбловга тўлиқ иқрор эмаслигини билдирди. Ўз қилмишларини турли важлар билан хаспўшлаб, сувдан қуруқ чиқишга уринди.
Судланувчининг суд ҳукмида кўрсатилган жиноятни содир қилганлиги суд мажлисида сўроқ қилинган жабрланувчилар ва гувоҳларнинг кўрсатувлари, аризалари, тушунтириш хатлари, СМС ёзишмаларидан нусхалар, жиноят ишида тўпланган далиллар билан тўлиқ ўз тасдиғини топди.
Биринчи инстанция суди далиллар ва асосларга таяниб, унинг жиноий ҳаракатини Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 167-моддаси 3 қисми “а” банди билан тўғри квалификация қилинганлиги тўғрисида тўхтамга келди.
Хулосалар натижасига кўра, унга ЖКнинг 45-моддасига асосан муайян ҳуқуқидан маҳрум қилиш қўшимча жазосини қўллаган ҳолда, ЖКнинг 167-моддаси 3-қисми санкцияси доирасида озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Юқоридагиларга кўра, апелляция инстанцияси суди, суд ҳукмини ўзгаришсиз, апелляция шикоятини қаноатлантиришсиз қолдиришни лозим топди.