loader
Foto

Арманистон КХШТдан чиқиш билан таҳдид қилди

Олти собиқ совет республикаси аъзо бўлган Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти Арманистоннинг икки кун аввал Озарбайжон билан тўқнашув вақтида юборилган ёрдам талабини бажармади. Бу ҳақида Арманистон Хавфсизлик кенгаши котиби Армен Григорян жума куни "Озодлик" радиосига берган интервьюсида маълум қилди.

"Биз нимани кутгандик ва КХШТга қандай илтимосимиз бор эди? Арманистон суверенитетини ҳимоя қилиш ва Арманистон суверен ҳудудидан Озарбайжон қўшинларини олиб чиқиб кетиш учун Арманистонга ҳарбий ва ҳарбий-сиёсий ёрдам кўрсатиш. Бизнинг КХШТдан талабимиз айнан шу эди, лекин у ҳозиргача бажарилмаган", деди у ва бундай муносабат "Ереванни қаноатлантирмайди" деб қўшимча қилди.

Григорянга кўра, Қозоғистондаги воқеалардан сўнг КХШТ президент Қосим-Жўмарт Тўқаевни ҳокимиятда сақлаб қолиш бўйича миссия юборганидан сўнг, блокнинг жамоавий мудофаа механизмлари ниҳоят ишлай олишига умид бор эди.

Айни пайтда, КХШТ Ереван блокдан чиқиш имкониятини истисно қиладими, деган саволдан ташвишга тушиши керак, деди Григорян.

Арманистон КХШТга ушбу ташкилот Низомининг 4-моддасига асосан мурожаат қилган, унга кўра, бир давлатга тажовуз қилиш блокнинг барча аъзоларига қилинган ҳужум деб ҳисобланади. Бундай ҳолда, ташкилот ўз низомига кўра, "зудлик билан зарур ёрдамни, жумладан, ҳарбий ёрдам" кўрсатиши керак.

Аммо КХШТ вазиятнинг кескинлашувидан "хавотир"ини билдирган ва Арманистонга "ҳамдардлик" баёноти билан чекланди. Можаро зонасига Бош котиб Станислав Зась бошчилигидаги кузатувчилар делегациясини юборишга қарор қилинди, аммо у шошилишни режалаштирмаяпти. Унинг келиши фақат кейинги ҳафта кутилмоқда.

КХШТ штаб-квартираси раҳбари Анатолий Сидоровнинг тушунтиришича, ҳозир Зась "бошқа жиддий халқаро тадбирларда иштирок этяпти, хусусан, ШҲТ саммитига таклиф қилинган".

15 сентябрь, пайшанба куни Арманистон ва Озарбайжон ўт очишни тўхтатишга келишиб олди. Аммо икки кун давом этган жанговар ҳаракатлар давомида Озарбайжон қуролли кучлари 7,5 километр илгарилаб кетди, деди Арманистон Қуролли кучлари Бош штаби бошлиғи Едвард Асрян жума куни хорижий элчилар учун ўтказилган брифингда.

Унга кўра, ҳужум олти йўналишда амалга оширилган. Озарбайжон имкон қадар Жермук шаҳри йўналиши бўйича, шунингдек, Сюник вилоятининг Неркин Анд ва Гегаркуникнинг Шоржа қишлоқлари томон 1-2 км олдинга силжишга муваффақ бўлди.