Россия ва Украина ўртасидаги уруш адолатли шартлар асосида тугатилиши керак. Фақат Москва бунга халақит беряпти.
Бу ҳақида АҚШ президенти Джо Байден БМТ Бош Ассамблеясидаги чиқиши чоғида айтиб ўтди.
"Путиннинг айтишича, гўёки Россия таҳдид остида. Лекин ҳеч ким Россияга таҳдид қилмади. Россиядан бошқа ҳеч ким бу можарони қидирмади. Биз бу можаро бўлишидан огоҳлантирдик ва ундан қочишга ҳаракат қилдик", - дейди Байден.
Унинг сўзларига кўра, АҚШ урушни адолатли шартлар асосида, "ҳамма имзолаган шартлар асосида" тўхтатмоқчи.
"Бошқа давлат ҳудудини куч билан эгаллаб ололмайсиз. Бу йўлда турган ягона давлат бу Россия. Украина ҳар бир суверен давлат каби ҳуқуқларга эга. Биз Украина билан биргаликда Россия агрессиясига қарши турамиз. Нуқта. Қўшма Штатлар демократия учун курашмоқда ва бу демократия тарафдори бўлган дунёдаги дўстларимизни ҳимоя қилмоқда", - деди АҚШ президенти.
Байден "глобал қўрқув ва хўрлаш сиёсатига қарши", мамлакатларни ҳарбий йўл билан кенгайтириш сиёсатига қарши эканини таъкидлади.
Аввалроқ Джо Байден Россия диктатори Владимир Путинни Украинага ядровий таҳдидлар учун ҳам қоралаган эди.